Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тафаккурга ундайдиган китоблар тақдимоти

Тафаккурга ундайдиган китоблар тақдимоти

2025 йил 21 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраевнинг “Фазо-вақт синергетикаси” ва “Оддий ва оммабоп синергетика” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир олимнинг 75 йиллик юбилейига бағишлаб, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида, 21–27 апрель кунлари юртимиз бўйлаб “Ўзбекистон – китобхонлар юрти” шиори остида ўтаётган V Республика “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ташкил этилди.

Тақдимотда юртимиз илм-фани, маданияти ва таълими соҳасининг етакчи намояндалари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар профессор Тўраевнинг мамлакатимиз илм-фани тараққиётида тутган ўрни, шу билан бирга, синергетика каби мураккаб ва янги қарашларни жамият учун тушунарли, оммабоп тарзда баён эта олиш маҳорати ҳақида сўз юритди.

Академиклар, профессорлар, турли соҳаларда фаолият юритаётган таниқли илм одамлари устоз фаолиятига юқори баҳо берди.

Шахсий хотиралар ва ёрқин ҳиссиётлар билан бой бўлган табрик нутқларида профессор Тўраев билан ҳамнишинлик кезларида бўлиб ўтган қизиқарли воқеалар, илмий баҳс ва суҳбатлар ҳам эсланиб, олим “тинмас изланувчи ва фалсафани тушунарли тилда жамоатчиликка суйдирган инсон” сифатида таърифланди.

Турон фанлар академияси академиги, Самарқанд синергетика мактаби асосчиси, Ўзбекистон олий таълим аълочиси Б.Тўраев йиллар давомида тўплаган фалсафий билим, таҳлил ва тажрибасини китобларида теран фикр ва жиддий назарий асос билан уйғунлаштирган.

Жумладан, «Фазо-вақт синергетикаси” асарида муаллиф замонавий синергетика назариясини фалсафий нуқтаи назардан таҳлил қилган. Унда вақт ва макон категориялари янги мантиқий тизим асосида кўриб чиқилади. Олим жамиятдаги жараёнларни табиатдаги тизимлар билан қиёслаб, улардаги ўзаро таъсир ва тараққиётни назарий моделлар орқали изоҳлайди.

“Оддий ва оммабоп синергетика” эса фалсафий фикрни ёшлар, ўқитувчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун осон қабул қилишига мўлжалланган. Бу асарда мураккаб илмий тушунчалар ҳаётий мисоллар ва образли ифода билан ёритилган. Муаллиф назарий билимни амалий фикр билан уйғунлаштириб, синергетик қарашларни турли ҳаётий соҳаларда қўллаш имкониятларини кўрсатади. Китоб шу жиҳати билан таълим тизимида ҳам фойдаланса бўладиган қўлланма таснифига эга.

Тадбир иштирокчилари ушбу асарларни “инсон онгини тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқувчи”, “фан ва фалсафа ўртасидаги робита”, “замонавий тафаккурда юзага келаётган интеллектуал бўшлиқни тўлдирувчи манба” сифатида баҳолади.

Тақдимот давомида ZOOM платформаси орқали Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Навоий, Қарши, Урганч, Нукус, Фарғона, Наманган ва Андижон шаҳарларидан онлайн тарзда қатнашчилар сўзга чиқди. Бу эса тадбирнинг республика миқёсидаги аҳамиятини янада оширди.

Умуман олганда, мазкур анжуман нафақат бир олимнинг юбилейига бағишланган тадбир, балки замонавий фалсафий фикрлар, синергетик ёндашувлар ва интеллектуал мулоқот майдони сифатида ҳам юксак аҳамият касб этди.

Тадбир илмий-маърифий муҳитда, қизғин руҳда, мазмунли ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорий илмий мероси ва замонавий тафаккур

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 15 апрель куни “Имом Бухорийнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида …