Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий мероси: замонавий талқин ва илмий таҳлил

Имом Бухорий мероси: замонавий талқин ва илмий таҳлил

Айни кунларда Марказда амалиёт ўтаётган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори Малайзия Халқаро ислом университети доценти Др. Хайрил Ҳусайний бин Жамил илмий изланишлари тақдимотини ўтказди.

“Имом Бухорий ҳадислари бугунги кун ва келажакдаги тадқиқотлар учун институционал манба сифатида” мавзусида ташкил этилган тақдимотда тадқиқотчи алломанинг беназир асари – “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”нинг ҳадис илмидаги нодир қийматини алоҳида таъкидлади. Китобнинг илмий ва методологик асослари, шунингдек, асрлар давомида ислом тафаккури ривожига қўшиб келаётган ҳиссаси, тарихий аҳамияти, илмий жиҳатдан мукаммаллиги ҳақида сўз юритди.

Таъкидланганидек, асар бугунги кунда нафақат саҳиҳ ҳадислар тўплами, балки бутун бир илмий мактаб, ҳадис борасидаги тадқиқотларнинг таянч нуқтаси сифатида дунё бўйлаб ўқув дастурлари, илмий ишлар ва муҳокамаларда марказий ўрин эгаллайди. Маърузачи замонавий илмий муҳит шароитида “Саҳиҳул Бухорий”га қайта назар ташлаб, анъанавий билимларни янги услублар билан мувофиқлаштириш заруратига эътибор қаратди ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби муассасаларнинг бу йўналишдаги роли муҳим эканини қайд этди.

Иштирокчилар маърузага катта қизиқиш билдириб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан тақдимотни фаол жонли мулоқотга айлантирди. Тадбир илмий мулоқот учун майдон яратиб, Имом Бухорийнинг улуғвор мероси тадқиқида анъана ва замонавий ёндашувлар уйғунлигини таъминлашда муҳим қадам бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Муалло ва Бақиъдан кейин турувчи қадамжо

14 апрель куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом …