Риҳла – энг содда таъриф билан айтганда, ҳадис тарихи доирасида илм сафарлари тушуниладиган бир тушунча ҳисобланади. Ислом жамиятларига хос бўлган бир фаолият бўлиб, риҳла илм талаби мақсадида амалга ошириладиган ва жамиятда мавжуд бўлган сайёҳлик маданиятига асосланган сафардир. Шу нуқтаи назардан, риҳла тушунчасини англаш учун сайёҳлик феномени ва Ислом маданиятидаги “илм” тушунчасини яхши ўзлаштириш зарурдир.
Мақолада риҳла мавзусини ўрганиш жараёнида, аввало инсоният тарихида сайёҳлик феноменига эътибор қаратилади, сайёҳлик тарихи, турлари ва унинг билим билан алоқаси таҳлил қилинади. Кейин эса тарихий жараёнда билимга эришиш учун амалга оширилган сайёҳлик турлари ҳақида батафсил маълумот берилади ҳамда алоҳида Ислом дунёсидаги илм сафарлари ҳақида маълумот тақдим этилади. Риҳланинг сайёҳлик тарихидаги ўрнини аниқлайдиган ушбу кириш қисмидан сўнг, асосий тадқиқот мавзумиз бўлган ҳадис тарихидаги илм сафарларига ўтилади ва риҳла тушунчаси таҳлил қилинади. Бунинг учун риҳланинг таърифи, кўлами ва концепциялаштириш жараёни ўрганилади, биографик матнларда риҳла доирасида учрайдиган луғат аниқланади. Концептуал доирани аниқлаштиргандан сўнг, олимларнинг бошқа сафарлари билан риҳлалар ўртасидаги боғлиқликка эътибор қаратилади ва назария билан амалиёт ўртасида алоқа ўрнатилади.
Саёҳат феномени ва риҳла тушунчаси
Мақсадли ва режали сафар сифатида таърифланадиган “саёҳат” тарихининг бошланиши инсоният тарихи билан бир қадар тенгдир. Инсон бор жойда ҳаракат мавжуд бўлиб, ушбу ҳаракат жой ўзгартиришни ва жой ўзгартириш эса саёҳатнинг эшигини очган. Шу тариқа, саёҳат инсон ҳаётининг бир қисмига айланган ва инсонларни саёҳат қилишга ундаган омиллар вақт давомида ўзгарган бўлса-да, инсоният тарихида саёҳат тушунчаси доимо мавжуд бўлиб келган.
Инсон ўз ҳаётини давом эттириши учун авваламбор овқатланиш, ичиш ва бошпаналаш каби асосий эҳтиёжларини қондириш мақсадида илк сафарларини амалга оширган. Тарихнинг дастлабки даврларида ўзлари ва ҳайвонлари учун қулай яшаш шароитларига эга жойларни қидириш билан кўчманчи турмуш тарзини қабул қилган жамоалар кейинчалик доимий яшаш тарзига ўтишганидан кейин ҳам ўзгарган шарт-шароитлар ва турли эҳтиёжлар туфайли янги сафарларни амалга оширишган. Инсон табиатининг қизиқувчанлик ва ҳирс ҳислари билан рағбатланган бу сафарлар имкониятларнинг ривожланиши билан тобора оммавийлашган.
Саёҳатнинг ривожланишида турли омиллар муҳим роль ўйнаган. Уларнинг асосийси – физик шарт-шароитларнинг мослиги. Масалан, саёҳат имкониятлари чекланган бўлган Юнон жамоасида сафарлар чегараланган даражада қолган бўлса, уч қитъадаги алоқани таъминлаш мақсадида ривожлантирилган транспорт ва алоқа тармоғи туфайли Рим жамоасида сафарлар жиддий даражада ўсган. Римликлар милоддан аввалги 150 йиллардан бошлаб кучли техника билан ривожлантирган йўл қуриш ишлари кундан-кунга яхшиланган; икки полосали йўллар, асфальт даражасида текисланган йўллар, кўприклар ва туннеллардан иборат тизимли ва тартибли транспорт тармоғи Антик дунё жамоасини қамраб олган. Империя даврида юз минг километрга етган ушбу тармоқ тарихдаги энг катта транспорт тармоғини ташкил қилгани таъкидланади. Ушбу йўллардан баъзилари ҳалигача фойдаланилмоқда.
Йўлларнинг яхшиланиши билан бирга, бошқарув органлари томонидан шахсларга берилган ҳуқуқлар ҳамда саёҳат хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар саёҳатнинг ривожланишида муҳим роль ўйнаган. Бундан ташқари, замонавий туризмнинг бошланиши сифатида қабул қилинган Рим жамоасида музейлар, йўлбошчи китоблар, меҳмонхона ва ресторанлар, совғалар дўконлари каби саёҳатни рағбатлантирувчи омилларнинг кўплиги эътиборга моликдир. Ушбу даврда саёҳатларни асосан тижорат ҳаракатлари ва амалий мақсадларга қаратилган туризм фаолиятлари йўналтирган ва хизматлар шу йўналишда ривожлантирилган. Шунингдек, саёҳат мотивацияси юқори бўлган Ислом дунёсида, сайёҳларга бериладиган турли ҳуқуқ ва қулайликлар ҳамда расмий ва норасмий кўринишда тақдим этилган имкониятлар саёҳат юкини енгиллаштирган ва саёҳатни кенг ривожланиб тарқалган фаолиятга айлантирган.
Саёҳатнинг ривожланишида муҳим роль ўйнаган бошқа бир омил – саёҳат воситаларининг сифати. Илк саёҳатлар пиёда ёки минишга мос ҳайвонларда амалга оширилган бўлса, вақт ўтиши билан уларни кемалардаги сафарлар алмаштирган, технология орқали ривожланган турли транспорт воситалари туфайли ҳаво, қуруқлик ва денгиз орқали саёҳатлар анча кенг майдонларга тарқалган. Масалан, Нил дарёси туфайли денгиз транспортида етакчи рол ўйнаган мисрликлар милоддан аввалги 4000 йилларда папирусдан ясалган қайиқ ва саллар ишлаб чиқарган бўлиб, бу уларга янги кашфиётларни амалга ошириш имкониятини берган. Вақт ўтиши билан ушбу оддий воситаларнинг ўрнини мустаҳкамроқ бўлган ёғоч кемалар эгаллаган, кейин эса бўронли денгизлардан ўтиб кетадиган кемалар парки пайдо бўлган. Бу соҳадаги энг муҳим ўзгаришлар саноат инқилоби даврида буғ машинасини ихтиро қилиш орқали буғда ишлайдиган локомотивларни ишлаб чиқариш билан бошланган, деб айтиш мумкин. Ишлаб чиқариш технологиялари тезлик билан кўпайиб, сафарлар муддати сезиларли даражада қисқарган; танловларнинг кўпайиши билан саёҳатлар арзонлашган, шу орқали жамиятнинг барча қатламларида осонлашган ҳамда дунё чегараларидан ташқарига, ҳатто космосга саёҳат амалга оширилмоқда. Шу сабабли, сафарлар сифат ва миқдор жиҳатдан ҳар бир куни янги босқичга ўтмоқда.
Яратилган имкониятлар туфайли муаммоларни енгиллатган ва қизиқарли фаолиятга айланган саёҳатлар инсон ҳаётида кундан-кунга кўпроқ ўрин эгаллай бошлади. Тарих давомида инсонларни саёҳатга ундаган омиллар жуда турфа-хил бўлган бўлса-да, сабаблари жиҳатидан сафарларни бир нечта туркумга ажратиш мумкин. Бу таснифнинг мақсади саёҳат турларини кескин чизиқлар билан бир-биридан ажратиш ёки ҳар қандай саёҳатнинг сабабини фақатгина бир омилга айлантириш эмас, балки инсонларнинг қайси мақсадларда саёҳат қилганини тизимли бирликда кўришдир. Чунки тарихдаги саёҳатларнинг аксарияти бир вақтда бир нечта категорияга кириши мумкин. Хусусан, узоқ муддатли саёҳатларда кўплаб мақсадлар биргаликда кўзда тутилган. Ушбу турли категорияларни кўриш саёҳат ва риҳла алоқасини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.
Саёҳат турлари. Диний саёҳатлар
Диний саёҳатлардан мақсад, диний амалларни бажариш учун муқаддас жойларга амалга ошириладиган сафарлардир. Ҳар бир эътиқодда умумий қийматга эга бўлган муқаддас жойлар, диний вазифалар бажарилиши керак бўлган, диний шахсият билан боғлиқ ёки эътиқодга оид воқеа содир бўлган жойларни англатади. Инсонлар ўз эътиқодларида муқаддас бўлган ушбу жойларни нафақат диний мажбуриятларини бажариш учун, балки моддий, маънавий ва ахлоқий манфаатлар олиш, кейинги ҳаётларини яхшилаш ва абадий бахтга эришиш мақсадида ҳам зиёрат қиладилар[1]. Айниқса, мазмун ва ижро жиҳатидан фарқли бўлганига қарамай, барча динларда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳаж ибодати амалга ошириладиган жойлар тарих давомида энг кўп ташриф буюриладиган манзиллардан бири бўлиб келган.
Ушбу доирада ҳаж жойлари бўлган шаҳарлар, тоғ чўққилари, ғорлар, кўрфазлар, ибодатхоналар ва маъбадлар, азиз авлиёларнинг узлатга чекилиб яшаган жойлари; пайғамбарлар, азизлар ва доно шахсларга тегишли муқаддас буюм ва қолдиқлар сақланган қабрлар ҳатто баъзи монастирлардаги руҳонийлар бўлган жойлар ҳам ташрифлар маркази бўлган. Ҳаж учун муқаддас деб ҳисобланган йўналишлар ҳақида ҳам сўз юритилган. Шунингдек, муқаддас китобларда номлари зикр этилган жойлар, диний шахсиятларнинг ҳаётида содир бўлган муҳим ҳодисалар рўй берган маконлар, айниқса, муайян диний тажрибалар амалга оширилган жойлар ҳамда турба (мозор)лар ҳам зиёрат қилинган[2]. Диний жиҳатдан аҳамиятли бўлган махсус вақт даврларида бу турдаги зиёратлар сони сезиларли даражада ортиб борган[3].
Саёҳатлар тарихи нуқтаи назаридан муқаддас жойларга амалга оширилган сафарлар муҳим улушга эга эканлиги кўринади. Бунинг энг асосий сабабларидан бири, диннинг инсон ҳаётини қамраб олувчи хусусияти ҳамда инсон табиатининг ишонч ва паноҳга муҳтож эканлигидадир. Муқаддас жойларни зиёрат қилишнинг маълумот (ҳақиқат) излаш ёки саломатликни тиклаш мақсадида амалга ошириладиган саёҳатлар билан яқиндан боғлиқлиги ҳам бор. Инсонлар муқаддас жойларни фақат савоб олиш ёки кечирилиш учун эмас, балки илоҳий қудратни ҳис қилиш, ҳақиқат билимларига эришиш, моддий ва маънавий касалликлардан шифо топиш ҳамда турли истакларининг амалга ошишини кутиб ташриф буюрадилар. Бунинг туфайли, саёҳат йўналишлари маркази бўлган йўллар яқинига кўплаб маъбадлар қурилгани тарихий манбаларда қайд этилган[4]. Шунингдек, муқаддас жойларни муҳофаза қилиш ёки динни тарқатиш мақсадида амалга оширилган сиёсий ва ҳарбий сафарлар ҳам айтиб ўтиш мумкин[5]. Ҳатто диний таълимотларни тарқатиш ва мавжуд диний қарашларга қарши чиқиб, зуҳд ҳаётини қабул қилган ва сайёҳ сифатида маълум бўлган тариқат аъзоларининг сафарларини ҳам диний саёҳатлар категориясига киритиш мумкин.
Диний таълимотларни тарқатиш мақсадида амалга оширилган сафарлар билан бирга мавжуд диний қарашларга қарши чиқиб, зўҳд ҳаётини қабул қилган ва сайёҳ сифатида маълум бўлган тариқат аъзоларининг сафарлари ҳам диний саёҳатлар категориясида баҳолаш мумкин. Диний таълимотларни тарқатиш мавзуси кейинчалик кенгроқ ёритилади. Сайёҳ сифатида эътироф этилган тариқат аъзоларидан Христианликда тиланчи тариқатлари сифатида танилган Францискан ва Доминикан тариқатлари аъзоларини мисол қилиб келтириш мумкин. Идеал Христианнинг камбағал бўлиши кераклиги тушунчасидан келиб чиққан ушбу тариқат аъзолари бир жойда туриб ибодат қилишни рад этиб, уйма-уй, минтақадан минтақага юриб, ҳам садақа йиғган, ҳам Христианликни тарқатган[6].
Шу даврларда Шарқ дунёсида пайдо бўлган Қаландарийлар ва Ҳайдарийлар каби гуруҳлар ҳам шу каби диний тушунчалардан келиб чиқиб сайёҳлик дарвишлар гуруҳлари сифатида таърифланган. Ушбу гуруҳлар ўз эътиқодлари ва ташқи кўринишлари билан жамиятдан айрилиши ҳамда барча турдаги урф-одатларни рад этиши билан ажралиб турган. Улар зуҳд тушунчаси билан камбағал ҳаёт тарзини танлаб, йилнинг катта қисмини саёҳат қилиб ва дам олиб ўтказишган[7].
Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими