Home / МАҚОЛАЛАР / РАМАЗОН САБОҚЛАРИ

РАМАЗОН САБОҚЛАРИ

“Эй имон келтирганлар!

Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди.

Шояд тақводор бўлсангиз”.
(Бақара сураси, 183-оят)

 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳар қандай иши унинг ўзи учун, фақат рўза мустасно, рўзани Мен учун тутади, унинг ажрини ҳам Ўзим бераман”, деди”.
(Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган)

Покланиш, меҳр-оқибат, инсонпарварлик, бағрикенглик, эзгулик ва саховат ойи бўлган муборак Рамазонда ҳамманинг кўнглига шундай файзли ва баракотли кунларга етказгани учун Парвардигорга шукрона туйғуси инган, барчанинг қалбидан шундай саодатли ойларнинг яна кўпини кўриш умиди жой олган. Қалбларга имон нурини бахш этадиган ушбу улуғ ойни мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик муҳитида, оилалар бағрида, эл-юрт даврасида ўтказаётган ҳар бир юртдошимиз бунинг учун Ҳақ таолога чексиз шукрона келтиради.

Жорий йилнинг 1 мартидан мусулмон дунёсида, таъбир жоиз бўлса, ҳар йилги рўза тартиби жорий бўлди – инсонлар кундузлари ейиш-ичишдан, турли кўнгилхушликлардан ўзини тийиш баробарида, қалби ва руҳини поклашга киришди. Кимдир пурсаховат бўлиб кетиб, одамларга турли егуликларни улашяпти, ифторликлар ташкил этяпти. Яна кимдир меҳрибонлик уйларига, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатяпти. Бундай хайрли ишларни амалга ошираётганлар имкон қадар аноним ҳолда иш тутяпти. Яъни, бунда риё ҳам, сумъа[1] ҳам йўқ. Улар халқимизнинг “Яхшилик қил, дарёга ташла, балиқ кўради, балиқ кўрмаса ҳам Холиқ кўради” нақли асосида ҳаракат қиляпти.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг кучли сахийликлари Рамазонда – Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда намоён бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, иккиси Қуръондан дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар”.

Яқинда ижтимоий тармоқлардан бирида қайсидир бир давлатда Рамазон ойида саховат эгалари амал қиладиган одат ҳақида ёзишди. Йўқ, улар уйма-уй юриб, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатмас экан. Дуч келган маҳаллага бориб, баққолнинг олдига кирар ва “қарз дафтари”ни очтириб, ёрдамга энг кўп муҳтож бўлган оилаларнинг пулини тўлаб кетаркан. Баъзилари саховати жўш уриб, бутун дафтарни “ёпиб” юборар экан. Шу тариқа муҳтож одамлар бу ёрдам кимдан эканини ҳеч ҳам билолмай қоларкан. Саховат эгаси ҳам уни билмас ва танимас экан.

Ўзбекистонда бундай инсонлар йўқ, деб ўйласак, катта хато қилган бўламиз. Бизнинг пурсаховат ҳамюртларимиз ўз амаллари ҳақида энг кичик ижтимоий тармоқда энг кичик хабар ёзилишини ҳам истамагани учун бу ишларни мутлақо махфий тарзда амалга оширади. Бунга кекса аптекачини мисол келтириш мумкин. Унинг маҳалласида қанд касаллигига чалинган бир аёл бўлиб, ҳар ҳафта ё ҳар ой дорихонадан бир дори сотиб оларкан. Кунлардан бир кун аптекачи омонатини топширади. Бир неча кун ўтиб, ҳалиги аёл яна дорихонага келади ва ўша дорини сотиб олмоқчи бўлади. Марҳумнинг ўрнида энди ота касбини эгаллаган ўғли ишлаётган бўлади. У бояги дори учун нисбатан анча катта нарх айтади. Аёл ҳайрон бўлади, доим фалон сўмга сотиб олиб келганини айтади. Ўғил бироз ўйланиб туриб, ниҳоят гап нимада эканини англайди ва янглишганини айтиб, узр сўрайди. Отасининг анъанасини давом эттириб, аёлга ҳалиги дорини арзон нархда сотади.

Мана шу сатрларни ўқиётган ҳар бир юртдошимиз камида битта, бўлмаса, бир нечта шундай одамни билиши, танишига шубҳа йўқ. Лекин биз аноним тарзда бўлса ҳам овоза қилгимиз келмайди. Бу ўринда ибрат ва эътироф тарзида бир чимдим гап очилгани эса, энг катта истиснодир.

Ҳамюртларимизнинг қалбларидаги саховатга янада кўпроқ интилиш ҳисси, мамлакатимиздаги умумий ижтимоий Рамазон муҳити шундай амалларда намоён бўлаётган эса, давлатимиз эътибори ижтимоий манзарада яққол намоён бўляпти. Маънавий покланиш, сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўладиган моҳи Рамазонни миллий анъана ва қадриятларимизга мос тарзда, юксак савияда ўтказиш, юртимиз мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Энди бу муқаддас ойнинг ўзи ҳақида фикр юритсак. Шаҳри Рамазонда ислом уммати ибодат, сабр, саховат ва риёзатга бошқа ойлардагига қараганда каттароқ ва кучлироқ масъулият билан ёндашади. Кундалик ибодатлар баробарида, Қуръон тиловати, хайрли амаллар ва садақани кўпайтиради, закот беради. Қандайдир сабаб билан намоз ўқимай қўйганлар айни шу ойда исломнинг бу рукнини яна бажара бошлайди. Шу сабабли ҳам мусулмонлар Рамазон ойини ўзгача интиқлик билан кутади, уни бошқача тақво билан ўтказади. Бу ойда кўпчилик шу чоққача босиб ўтган ҳаёт йўли тўғрисида кенгроқ мушоҳадага берилади.

Рамазонда Яратганга қалбини таслим этиб, кундузлари ейиш-ичишдан, турли кўнгилхушликлардан воз кечган инсон ўз иродасини чиниқтириб, пишитиб боради. Озиқ-овқат ва ичимликдан тийилишда катта ҳикмат бор. Инсон бир парча нонга, бир хўплам сувга зор бўлганларнинг аҳволини ич-ичидан ҳис этади. Бу туйғу унда раҳм-шафқат, саховат ва бағрикенглик фазилатларини ривожлантиради. Инсон қўли очиқроқ бўла боради, мискинларга ёрдамини кучайтиришга ҳаракат қилади. Поклик, ибодат ва тақво унинг қалбини юмшатади ва ўз қусурларидан халос бўлишига ёрдам беради.

Шу боис ҳам бутун ислом оламида Рамазон ойи орзиқиб кутиладиган, Ҳақ таолога яқинлашиш имконини берадиган муборак ва қувончли палла саналади. У Парвардигорнинг бандаларга улуғ инояти ва улкан ажру савоб неъматидир. Зеро, бу кунлар тан учун неъматлардан тийилиш даври бўлса, қалб учун ором онларидир.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Paмaзoн oйиĸи, yндa oдaмлapгa ҳидoят ҳaмдa ҳидoятy фypқoндaн ибopaт oчиқ бaёнoтлap бўлиб, Қypъoн тyшиpилгaндиp. Cиздaн ĸим y oйдa ҳoзиp бўлca, pўзacини тyтcин. Kим бeмop ёĸи caфapдa бўлca, бac, caнoғини бoшқa ĸyнлapдaн тyтaди. Aллoҳ cизлapгa eнгиллиĸни xoҳлaйди, қийинчилиĸни xoҳлaмaйди. Caнoғини мyĸaммaл қилишингиз вa cизни ҳидoятгa бoшлaгaн Aллoҳни yлyғлaшингиз yчyн. Шoяд шyĸp қилcaлapингиз” (Бақара сураси, 185-оят).

Ҳақ тaoлo Ўзининг aбaдий мўъжизacи, қиёмaтгaчa инcoниятгa ҳидoят бўлaдигaн Китoби бўлмиш Қypъoни кapимни нозил қилиш вaқти этиб Paмaзoни шapифни иxтиёp этгaнининг ўзи бy oйнинг фaзилaти нақадар юксак эканини кўрсатади. Pўзa ибoдaтини айни Paмaзoн oйидa тyтишни фapз қилгани эса нyp ycтигa нyp, фaзилaт ycтигa фaзилaтдир. Ҳижратнинг иккинчи йилида нозил бўлган бу амр мусулмонлар учун шуниси билан аҳамиятлики, Рамазонда жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар эса бандаларни ҳақ йўлдан оғдирмаслиги учун занжирбанд қилинади. Унинг биринчи ўн кунлиги – раҳмат, иккинчиси – мағфират, охиргиси – жаҳаннамдан халос бўлиш даври экани Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадисларида баён этилган.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини келтирган:

“Қодир Аллоҳ айтади: “Одам боласининг ҳар қандай иши унинг ўзи учун, фақат рўза мустасно, рўзани Мен учун тутади, унинг ажрини ҳам Ўзим бераман”. Рўза қалқондир, сизлардан бирингиз рўза тутса, ҳар қандай ёмонликдан сақлансин ва овозини баландлатмасин. Кимдир унга ёмон гапирса ё жанжаллашмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман!” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушку анбардан ҳам яхшироқдир. Рўза тутган банда учун икки қувончли ҳолат бор: у ифтор вақти неъматларга етишганидан қувонади, Парвардигорига йўлиққанда эса, рўза тутганидан масрур бўлади”.

Рамазон инсон инстинктларини, нафсини жиловлаш ойидир. Рўза тутган инсон ташқи оламини озода сақлаш, феълини яхшилаш, тил ва кўзни тийишдан ташқари, ички дунёсини ҳам поклайди – тубанлик ва разолатга бошловчи ўй-хаёллардан чекинади. Риё ва сумъа қилмайди, дили ва руҳини тарбиялайди. Шундай қилмас экан, унинг рўзаси қуруқ очлик ва ташналик билан ўзига жабр етказишдан бошқа нарса бўлмай қолади. Аллоҳ қалби тоза бўлмаган банданинг озиқ-овқат ва ичимликлардан тийилишидан беҳожатдир.

Рамазон аввало қалбни поклаш, феълни айб ва нуқсонлардан холи қилиш ойидир. Йил давомида йиғилиб қолган хатоларни мулоҳаза қилиб, уларни такрорламаслик йўлини маҳкам тутиш қобилиятига мана шу ойда эришиш имконияти кўпроқ бўлади. Чунки нафснинг жиловланиши инсонни фақат яхши томонга ўзгартиришга хизмат қилади.

Қадр кечаси Рамазон ойида экани барчамизга яхши маълум. У Қудрат кечаси бўлиш билан бирга, қадар (тақдир) туни ҳам саналади. Шу кечада Яратганга астойдил айтилган истиғфор ва қилинган тавба банданинг тақдирида азоб ўрнини раҳмат эгаллашига кўпроқ йўл очади.

Рамазонда инсон ўзини бемаза ўй-хаёллар, бекорчи ва олди-қочди гап-сўзлар, беҳуда хатти-ҳаракатлардан иҳота қилиши, ёмон одатларни тарк этиши билан комиллик йўлига ўтади. Соғлом турмуш тарзининг фойдаларини ўз жисму тани ва руҳиятида ҳис этиб, афзалликларига гувоҳ бўлади. Буларнинг барчаси шукроналикни кучайтиради. Ҳар йили жисм ва руҳни шундай риёзатдан ўтказиш орқали инсоннинг ички дунёси ўзгаради. Бора-бора у фақат Рамазонда эмас, умуман, бутун ҳаёти давомида тақводорроқ, сахийроқ, раҳмлироқ бўлади. Яъни, энди Рамазон тугаган бўлса-да, бу хайрли ишлар ҳам якун топди, дегани бўлмайди. Ийд ал-фитр байрам қилинганидан кейин ҳам инсон ўз ўй-хаёллари ва хатти-ҳаракатлари назоратини бўшаштирмайди.

Ўзбекистонимиз ҳақида сўз юритадиган бўлсак, юртимизда Рамазон ойига давлат даражасида эътибор берилади. Ҳар йили Рамазон ойини, Ийд ал-фитр байрамини муносиб ўтказиш тўғрисида Президент қарорлари қабул қилиниши бу фикрнинг ёрқин далилидир. Бошқа мамлакатларда бунинг мислини топиш мушкул.

Бир неча йилдан буён таровиҳ намозлари чоғида қилинадиган хатми Қуръон ҳам гўзал тарзда тартибга солинганига гувоҳ бўлиб келяпмиз. Мана, намозхонларга қулай бўлиши учун бутун мамлакат бўйлаб таровиҳ намозининг вақти бир хил қилиб белгиланди. Қайси куни Мусҳафи шарифнинг қаеридан қаеригача ўқилиши аниқ кўрсатиб берилди. Яъни, турли сабабларга кўра ўзи қатнаб юрган масжидга эмас, бошқасига бориб қолган одам ҳеч қандай хавотир ва ташвишсиз ибодатини бемалол келган жойидан давом эттираверади. Бундан ортиқ яна нима қилиш мумкин – қори Қуръонни тўлиқ ўқиб беради, намозхонлар унга эргашаверади. Баъзиларга эриш туюлиши мумкиндир, лекин барибир айтиш керак, масжидларга кириш учун чиптахоналар олдида навбатга турилмайди ё алоҳида рухсатнома олинмайди. Масжидларимиз ҳаво совуган вақтларда иситилади, жазирама кунлари салқинлатилади.

Ҳар йили теле- ва радиоканалларимизда айнан ифторлик ва саҳарлик пайтларига мўлжаллаб маърифий кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланади. Мухтасар айтганда, рўзадорлар нафақат жисман, балки маънан ўз-ўзини тарбиялаб, такомиллаштириб бориши учун барча чоралар кўрилган.

Фозиллар айтади: “Хамр пулга олинади, тиловат ва зикр – бепул, зино пул талаб қилади, аёлига меҳрли бўлиш – бепул, дискотекага пул билан кирилади, масжидга кириш – бепул. Демак, Ҳақ таоло жаҳаннамни пуллик қилиб, жаннатни бепул қилиб қўйибди!” Рўзадор инсон бу гаплар замиридаги ҳикматни англаб олишга, ана шу ҳаётий тамойилларга қатъий амалга қилишга ўрганишга осонлик билан муяссар бўлади.

Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Риё одамлар кўриши, сумъа бошқалар эшитиши учун қилинадиган ишлардир.

Check Also

ЖОҲИЛЛИК ДАРАЖАСИГА ТУШИРАДИГАН АМАЛНИ БИЛАСИЗМИ?

Итоат исломнинг муҳим шартларидан биридир. Мусулмонларнинг Аллоҳ ва Расулига итоат этиши фарз бўлгани каби ўз …