Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Туркиядаги Измир Катип Челебий университети ректори профессор, доктор Саффет Кўсе ташриф буюрди.
Меҳмонни Марказ директори Шовосил Зиёдов қабул қилиб, фаолият йўналишлари, эришилаётган натижалар ва Туркиядаги илмий муассасалар билан ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўзлаб берди.
Профессор Саффет Кўсе самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ўзи раҳбарлик қилаётган университет ҳақида маълумот берди.
Туркиянинг нуфузли таълим масканларидан бири саналган бу даргоҳ 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда жами 13 факультет, 3 институт ва 5 та олий касб-ҳунар мактабига эга. Ҳозир бу ерда тиббиёт, илоҳиёт, муҳандислик, иқтисодиёт, санъат, ижтимоий фанлар каби йўналишлар бўйича 20 мингга яқин талаба таҳсил олади, мингдан зиёд малакали профессор-ўқитувчи дарс беради.
Суҳбат чоғида Марказ ва Измир Катип Челебий университети ўртасида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, симпозиумлар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий форумлар ўтказиш, талабалар ва мутахассислар алмашувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Икки томоннинг ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ният ва интилишлари, мақсадлари муштарак экани қайд этилди.
Профессор Саффет Кўсе мулоқот жуда фойдали, қизиқарли ва қизғин руҳда ўтганини таъкидлади, келгусида алоқалар мустаҳкамланишига қатъий ишонч билдирди.