Рамазон ойи барча яхшиликларни ўзида мужассам қилган хайру барака ойидир. Бу ойнинг улуғлигидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шу ой давомида жаннат эшикларини кенг очиб қўйган. Бу билан бандаларига яхши амаллар қилиш орқали жаннатга кириш имкониятини яратиб берган. Шу ойнинг баракотидан Аллоҳ таоло дўзах эшикларининг барчасини ёпиб қўяди. Мўминлар тавба қилиб, ибодат қилиб, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, Аллоҳнинг розилигига эришиш, жаннатий мақомини олиш ва дўзахдан халос бўлиш фурсатини айнан Рамазони шарифда топади.
Рамазон ойи Қуръон тиловатини кўпайтириш, ўқиганини тафаккур қилиш ва маъносини чуқур англаш ойидир. Зеро, Қуръони карим дунё ва охиратга доир барча илмларни ўзида мужассам қилган китобдир.
Рамазони шарифнинг улуғлиги, энг аввало, ушбу ойда Қуръони каримнинг нозил бўлгани сабабидандир. Шунинг учун ҳам Рамазон ойи Қуръон ойи дейилади. Юртимиз мўмин-мусулмонлари Рамазон ойида унинг рўзасини тутиш билан бирга, ибодатларга, хусусан, таровиҳ намозларига, Қуръони каримни тиловат қилишга, таровиҳ намозларидаги хатми Қуръонда иштирок этишга жуда катта аҳамият беради. Аммо, афсуслар билан таъкидлаш лозим, савоби жуда ҳам улкан бўлган бир амал, яъни илм билан машғул бўлиш Рамазон ойида кўпчилик диндош биродарларимиз эътиборидан четда қолмоқда. Қуйида шу ҳақда тўхталиб ўтсак.
Рамазон ойи нафақат рўза ва ибодат ойи, балки илм-маърифатни тарғиб қилиш, қалб ва онгни маърифат нури билан ёритиш учун энг муносиб пайтдир. Бу ойда Қуръони карим нозил қилингани ҳам муқаддас динимизнинг илм ва маърифат билан узвий боғлиқ эканини кўрсатади. Рамазон ва Қуръон – илм манбаидир. Бу ойда Қуръони каримнинг илк нозил қилинган
﴿اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ﴾
“(Эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан ўқинг!”[1] ояти ҳам айнан илмга боғлиқдир. Бу оят ҳар бир мусулмонни билимга, маърифатга, таълим олишга чақиради.
Набийимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг – Қуръони каримни қабул қилиб олиб, умматга омонат билан етказиб юрган ва доимо Каломи шариф тиловати билан машғул бўлган зотнинг Қуръонга бўлган эҳтимомлари Рамазон кириб келганда яна ҳам зиёда бўлар эди. У зот алайҳиссалом ҳар йили Қуръони каримни бошидан охиригача Жаброил алайҳиссаломга тўлиқ тиловат қилиб, ўтказиб олар эдилар. Чунки ҳар бир замон ва даврда жамиятнинг ижтимоий мустаҳкамлиги ва унинг қудрати ўша жамиятнинг илмга муносабати билан ўлчанган. Қуръони карим барча илмларни ўзида мужассам қилган китобдир. Шу сабабли ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримни хатм қилишга, уни мустаҳкам тарзда ёд олишга ва умматига ёд олдиришга алоҳида аҳамият берганлар.
عن عبدالله بن عباس رضي الله عنهما قال: كانَ رسولُ اللَّهِ ﷺ أجودَ النَّاسِ وَكانَ أجودَ ما يَكونُ في رمضانَ حينَ يلقاهُ جبريلُ وَكانَ جبريلُ يلقاهُ في كلِّ ليلةٍ من شَهرِ رمضانَ فيدارسُهُ القرآنَ
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахий пайтлари эса Рамазонда ҳузурларига Жаброил келганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунича ҳар кеча у зотнинг ҳузурларига келар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар”[2].
Саховатни фақат моддий маънода тушунмаслик керак. Саховатнинг энг афзали илм тарқатиш ва илм олишга азму қарор қилишдир. У зот Рамазон ойи келганида ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан сахийлик қилар эдилар. У зотдаги саховатнинг энг олийси Қуръони каримни Жаброил алайҳиссаломдан мукаммал тарзда ўрганиш ва бошқаларга ҳам ўргатиш бўлганига ушбу ҳадис ҳам далолат қилади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ كَانَ يَعْرِضُ عَلَى النَّبِيِّ ﷺ الْقُرْآنَ كُلَّ عَامٍ مَرَّةً فَعَرَضَ عَلَيْهِ مَرَّتَيْنِ فِي الْعَامِ الَّذِي قُبِضَ فِيهِ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У (Жаброил алайҳиссалом) ҳар йили Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони каримни (бошидан охиригача) бир марта эшиттириб ўқиб берар эдилар. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари вафот этадиган йили Қуръони каримни бошдан охиригача икки марта ўқиб бердилар[3].
Шунингдек, “Саҳиҳул Бухорий”да Фотима онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда у зот вафот этадиган йилларида Жаброил алайҳиссаломга Қуръони каримни икки марта хатм қилиб ўтказганлари айтилган[4].
У зотнинг илмга бунчалик ҳарис бўлишлари ва умматни ҳам тарғиб қилишларининг сабаби шуки, инсон илм орқали яхши ва ёмонни, фойда ва зарарни, ҳалол ва ҳаромни ажратиб олади. Инсон ўзида маърифатни илм орқали ҳосил қилади.