Маълумки, “бидъат” сўзи “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш”, “диний ақидаларга киритилган ўринсиз тузатиш” маъноларини ифодалайди. Шариат истилоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлмаган ишни жорий қилиш ва амалга оширишдир. Динга янгилик киритиш “Аллоҳ ва Унинг Расули билмаган нарсани мен топдим”, деб даъво қилишга ўхшайди. Ваҳоланки, ислом Аллоҳ таоло тарафидан юборилган мукаммал диндир.
Аҳли сунна уламолари бидъатни иккига – “ҳасана” ва “саййиа”га, яъни яхши ва ёмонга тақсимлаган. Бидъатнинг яхшиси – шариатда асоси бўлган амалларни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амаллар. Бидъатнинг ёмони – ҳеч қандай шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ё эътиқодни жорий қилиш. Бидъатнинг бу тури залолатнинг ўзгинасидир. Диний манбаларда жуда кўп қораланган ва қайтарилган бидъат ҳам ана шудир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши сўз Аллоҳнинг Китобидир. Энг яхши йўл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидир. Ишларнинг ёмони янги пайдо қилинганларидир. Ҳар бир бидъат залолатдир”, деганлар. Бу – мазкур ҳадиснинг Имом Муслим ривоят қилган лафзи. Имом Насоий мазкур ҳадиснинг давомида Пайғамбар алайҳиссаломнинг “…ва ҳар бир залолат дўзахдадир” деган сўзларини ҳам келтирган. Абу Довуд ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда у зот алайҳиссалом: “Янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинглар. Чунки ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир”, деганлар. Бу маънодаги ҳадисларни деярли барча уламоларнинг асарларида – қадимгиларида ҳам, янгиларида ҳам – учратиш мумкин.
Ибодатга тааллуқли масалаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор сўз, амал ё тасдиқлаш маъносидаги ҳолат ривоят қилинмаган ҳар қандай иш бидъат эканини яхши биламиз. Тиловатдан кейин “содақоллоҳул азийм” деб айтиш, таровиҳ намозини саккиз эмас, йигирма ракат қилиб ўқиш, ҳар тўрт ракатидан сўнг тасбеҳ айтиш бунга мисолдир. Баъзилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қилинмаган бундай ишлар аниқ бидъат эканини таъкидлаб, “ортиқча ҳеч қандай гап-сўзга ўрин қолмайди”, деган қатъий фикрни илгари суради. Бунга қарши ўлароқ, “йўқ, бидъатнинг яхшиси ва ёмони бор” деб, улар билан баҳслашсангиз, сизни дарҳол бидъатчига, динингизга тўлиқ амал қилмаётган кишига чиқаради.
Аслида ҳам шундайми? Бидъатнинг яхшиси бўлиши мумкин эмасми? Ёки бояги қатъий фикр негизида ҳадисда зикр қилинган бидъатнинг ҳақиқатини англаб етмаслик мужассамми? Уламоларнинг фикрича, ҳадисда диннинг бирламчи амалларига қўшимча киритиш ёки уларни буюрилганидан камайтириш, масалан, Рамазон рўзасини ўттиз кун эмас, қирқ кун тутиш, ё тўрт ракатли фарз намозини уч ракат қилиб ўқиш каби ишлар назарда тутилган. Демак, ҳар қандай янгиликни бидъатга чиқарадиган, шундай “бидъат”ларга амал қилаётган мўминларни залолатга кетишда айблайдиган, ҳатто дўзахий деб ҳукм қиладиган кимсалар бидъат билан бидъатнинг фарқига бормайди. Ваҳоланки, Имом Муслим Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким исломда гўзал бир одатни бошлаб берса, унга ўша одатнинг савоби ва ундан кейин ўша одатга амал қилганларга бериладиган савобнинг мисли(ча савоб) ёзилур. Уларнинг савобидан бирор нарса камайтирилмас. Ким исломда ёмон бир одатни бошлаб берса, унга ўша одатнинг гуноҳи ва ундан кейин ўша одатга амал қилганларга ёзиладиган гуноҳнинг мисли(ча гуноҳ) ёзилур. Уларнинг гуноҳидан бирор нарса камайтирилмас”, деганлар.
Мазкур ҳадисда бидъатнинг яхшиси ва ёмони, яъни шариатга тўғри келадигани ё мувофиқ келмайдигани бўлишига ишора қилинган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Умар розияллоҳу анҳу таровиҳ намозини жомеъ масжидида жамоат бўлиб ўқишни бошлаб бергани ва: “Бу қандай ҳам яхши бидъат бўлди!” дегани баён қилинади. Унинг бу иши янги пайдо бўлган ишлар сирасидан бўлса-да, ўша даврда ҳаёт бўлган саҳобаларнинг бирортаси бунга қарши чиқмаган. Демак, исломда бидъатни яхши ё ёмонга ажратишга ҳеч қандай монелик йўқ. Имом Табароний Ҳакам ибн Аъраж розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан зуҳо намози ҳақида сўраганимда, у: “У бидъатдир ва у қандай ҳам яхши бидъат!” деб айтди”, деган.
Аҳли сунна уламолари бидъатни яхши ё ёмонга ажратар экан, бу борада одамларнинг ҳою ҳаваси ё маъқуллашига қараб эмас, балки шариат асосларига таяниб иш тутган. Масалан, Ибн Абу Шайбат “Мусаннаф” асарида Абдураҳмон ибн Абу Лайлонинг: “Одамлар намоздаги “тасвиб”дан кўра менга ёқимлироқ бўлган бирор бидъатни жорий қилган эмас”, деганини ривоят қилган. “Тасвиб” – бу бомдод намозининг азонига “Ас-Солату хойрун минан навм” жумласини қўшишдир. Демак, салафи солиҳлар динда янги пайдо бўлган амаллардан шариатда асоси мавжуд бўлганларини яхши бидъатга чиқарган ва ижобий фикр билдирган. Бу ҳолат уларнинг сўзи, амали ва махсус ҳолатларида ҳам учрайди. Масалан, Абу Бакр розияллоҳу анҳуни одамлар мақтаб гапирганда, у: “Эй Аллоҳ, мени улар ўйлаётганидан яхшироқ қилгин…”, деб дуо қилган бўлса, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу йўқотиб қўйган бирор нарсасини излаб топмоқчи бўлса: “Эй Аллоҳ, йўқотган нарсамни ўзимга қайтар…”, деб дуо қилган. Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо бирор кишининг ёмонлик қилишидан хавотир олган вақтда: “Эй Аллоҳ, фалончининг ёмонлигидан менинг ҳимоячим бўл”, деб дуо қилгани ҳам ривоят қилинган. Шуни таъкидлаш жоизки, бу хабарларнинг барчаси ишончли манбаларда келган бўлиб, саҳиҳдир.
Бидъатнинг ҳаммаси ҳам залолат эмаслигини инкор этувчи кимсаларга қолса, ибодат қилган кишига “Аллоҳ даргоҳида қабул қилсин!” дейиш ҳам, салафи солиҳларнинг исмлари тилга олинганда “розияллоҳу анҳу” деб айтиш ҳам, таровиҳ намозларида Қуръонни бошидан охирига қадар ўқиш ҳам, хатмдан кейин жамоа бўлиб дуо қилиш ҳам – қўйингки, жуда кўп амаллар кишининг дўзахга тушишига сабаб бўладиган ёмон бидъатдир! Уларнинг наздида масжидлардаги меҳроб ва миноралар, ҳилол (янги чиққан ой) ва юлдуз тасвирини исломнинг рамзи қилиб олиш, масжидларга зийнат бериш, Қуръонни ягона мусҳафга келтириш ва шу каби кўпгина ишлар ҳам мўминларни дўзахга етакловчи ёмон бидъатлар ҳисобланади!
Алҳисса шуки, бидъатни яхши ва ёмонга ажратишни салафи солиҳларнинг ўзи бошлаб берган. Бинобарин, бидъатнинг яхшиси ёки ёмони бўлади, деган фикрни илгари сурадиган аҳли сунна уламолари айнан салафи солиҳларнинг йўлини тутмоқда. Шундай экан, ҳар қандай бидъат ҳам залолат бўлавермаслиги шубҳасиздир.