Home / МАҚОЛАЛАР / РЎЗАНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА СИРЛАРИ

РЎЗАНИНГ ФАЗИЛАТИ ВА СИРЛАРИ

Бандаларига энг улуғ неъматларини бахш этган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. Чунки Аллоҳ бандаларидан шайтоннинг ҳийлалари ва тузоқларини узоқлаштирган, барча умидларини ва гумонларини барбод қилган. Аллоҳ рўзани ҳам бандаларини ҳимоя қилиш ва қутқариш учун, дўстларини ҳимоя қилиш учун бир қалъа ва қалқон қилиб қўйган. Рўза орқали уларга жаннат эшикларини очиб берган. Аллоҳ таоло лутфу карами билан бандаларини ҳимоя қилиб, уларга шайтоннинг тузоқларидан қутула олиш ва ортиқча шаҳват орқали қалбларга қандай киришини ҳам ўргатган. Шунингдек, шайтоннинг чуқур ўрнашиб олган қалбдан чиқарилиши ва нафсининг хотиржам бўлиши учун зарур бўлган нарсаларни ҳам ўргатган. Бу жиҳатдан шайтоннинг ва нафсининг белини синдириш учун унга очиқ куч ва қувват берган, катта лутф берган.

Инсонларга манфаатли йўлларни кўрсатган ва уларга энг соғлом қоидалар – шариатни тайёрлаган ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг Аҳли Байтига, узоқни энг яхши кўра оладиган басират соҳиблари бўлмиш саҳобаларига, устун ақллар соҳиби бўлмиш дўстларига кўпдан кўп салавоту саломлар бўлсин.

Рўза имоннинг асосий қисми ҳисобланади. Рўза мусулмонлар учун ўта муҳим амал бўлиб, уларни Аллоҳга яқинлаштиради ва шайтоннинг васвасаларидан ҳимоя қилади. Бу амал мусулмонларни маънавий жиҳатдан юксалтириш ва тақводорликни оширишга ёрдам беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганларидек, рўза имон мавзуси билан боғлиқ бўлиб, имоннинг тўртдан бир қисми ҳисобланади. Бу борада пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Рўза – сабрнинг ярмидир”[1] деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадисда:

“Сабр – имоннинг ярмидир”[2] деб айтганлар.

Бошқа жиҳатдан Аллоҳ таоло бу ибодатни Ўзига нисбат бериб, ўзига хос хусусият соҳиби бўлмоқда. Чунки Аллоҳ таоло пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етказган ҳадиси қудсийда шундай дейди:

“Банда ҳар бир қилган ҳасана (яхши амали)си учун ўн баробар савоб билан тақдирланади. Бу тақдирлаш етти юз баробаргача ортиши мумкин. Аммо рўза ибодати бундай эмас. Чунки у фақат Менинг учун тутилади ва унинг мукофотини Мен берурман!”[3].

Аллоҳ таоло муборак каломи шарифида шундай марҳамат қилган:

(Эй, Муҳаммад), Менинг имон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур”[4].

Рўза – сабрнинг ярмидир. Бунинг савоби, эътибор берилса, ҳисоб ва тақдир ўлчовларининг барчасидан ошиб кетган. Яъни, ҳисоб қонунлари доирасида баҳоланадиган ибодат эмасдир.

Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк-анбардан кўра хушбўйроқдир.

Рўзадор инсоннинг бир муддат ҳеч нарса емаслиги, унинг меъдасидан ҳид чиқишига сабаб бўлади. Лекин бу ҳид Аллоҳ таолонинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг очлик сабабли оғзидан келадиган ҳиди Аллоҳ таоло ҳузурида мушк-анбарнинг ҳидидан ҳам қийматлироқдир. Чунки Аллоҳ таоло: “Бандам Менинг розилигимни кўзлаб нафсоний истаклари, ейиш ва ичишни тарк этди. Бундай ҳолда рўза Мен учундир ва унинг ажр-мукофотини фақат Мен бераман” дейди”[5].

Рўзадорларнинг жаннатга кириш эшиклари ўзлари учун алоҳида хослангандир!

Жаннатда фақат рўзадорларгина кирадиган бир эшик бўлиб, унинг номи Райён дейилади. Рўза тутганларни эҳтиром қилиб, уларнинг шарафини улуғлаб шу эшикдан киришлари айтилади. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Жаннатда бир эшик бўлиб, уни “Райён” дейилади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорларгина киришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. “Рўзадорлар қаерда?” дейилади. Шунда улар туришади. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар кириб бўлишгач (эшик) ёпилади, ундан бошқа ҳеч ким кира олмайди”[6].

Эътибор берилса, бу ибодат орқали банданинг Рабби билан учрашиши унинг тутган рўзасининг мукофоти сифатида баҳоланади. Яъни, рўза ўз соҳибига икки дунё хурсандчилигини ато қилади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: Рўзадорга икки хурсандчилик бордир. У иккисини ҳам бошидан ўтказади. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлади ва қачон Раббисига йўлиқса, рўзаси ила хурсанд бўлади”[7].

Яна бошқа бир ҳадисда:

“Ҳар нарсанинг бир эшиги бордир, ибодатнинг эшиги – рўзадир”[8] дейилган.

Бошқа бир ҳадисда:

“Рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодатдир”[9] дейилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Рамазон ойи киргач, жаннатнинг барча эшиклари очилади. Жаҳаннам оташининг эса эшиклари ёпилади. Шайтонлар кишанланади ва бир нидо қилгувчи бундай нидо қилади: “Эй, яхшилик ва хайрли амаллар ортидан қувган инсон! Бу ерга кел! Эй, ёмонлик ва гуноҳ ортидан қувган киши! Энди бу ишингни қўй!””[10] дедилар.

Вакийъ ибн Жарроҳ “(Жаннат аҳлига): “Ўтган кунларда (дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) ёқимли иштаҳа билан еб-ичаверинглар” (дейилур)”[11] мазмунидаги ояти карима ҳақида бундай деган: “Бу оятда назарда тутилган кунлар – рўза тутилган кунлардир. Чунки у кунларда банда Аллоҳ ризоси учун ейиш ва ичишдан тийилган”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда зоҳидона ҳаёт ва рўза тутиш ўртасидаги даражани ва бирининг иккинчисига нисбатан устунлигини  баён қилиш мақсадида шундай деганлар:

“Албатта, Аллоҳ таоло ибодатга берилган бир йигитни кўрсатиб, бу орқали фаришталарига мақтаниб шундай дейди:

“Ёлғиз Менинг ризолигимни кўзлаб, шаҳвоний истак ва ҳис-туйғуларидан воз кечган эй йигит! Йигитлик йилларини Менинг йўлимда сарфлаган навқирон йигит! Аслида сенинг қадринг Менинг ҳузуримда айрим фаришталарим қадричадир”[12].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутиш билан боғлиқ ҳақиқатни шундай баён қилганлар:

“Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Эй, фаришталарим! Шаҳвоний истак ва ҳис-туйғуларини, завқларини, ейиш-ичишини фақатгина Менинг ризолигимни қозониш мақсадида тарк этган шу бандамга бир қаранг!”[13]

Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас[14] мазмунидаги ояти карима ҳақида шундай дейилган: “Оятда келтирилган амалдан кўзланган мақсад мазкур кишиларнинг рўза тутишидир. Чунки Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“(Эй, Муҳаммад), Менинг имон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда эзгу иш қилган зотлар учун (охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур”[15].

Мазкур оятда “сабр қилувчиларнинг ажрларининг беҳисоблиги” ҳақида гапирилмоқда. Чунки рўзанинг бошқа бир номи сабрдир. Шунинг учун рўза тутувчиларнинг оладиган ажрлари ҳисоб ва электрон ҳисоблагичлар билан баҳолаб бўлмайдиган даражада кўпдир. Чунки Аллоҳ рўза тутувчиларга шундай ажр берадики, унинг ҳеч қандай ҳисоби ёки чегараси йўқ. Бунинг муайян чегарага эга эмаслиги ҳам бир қийматдир. Чунки рўза фақат Аллоҳ учун тутилади, худди шундай Аллоҳга нисбат берилиш билан ҳам шарафланади. Гап шундаки, барча ишлар Аллоҳ учун қилинади. Ҳар бирининг алоҳида ҳолати, алоҳида қиймати ва ўрни бор.

Аллоҳ таоло Каъбани Ўзига нисбатлаш билан, яъни “Байтуллоҳ/Аллоҳнинг уйи” дейилиш билан шарафлаган бўлса, ҳаммасининг алоҳида қиймати ва аҳамияти бор. Чунки ер юзидаги ҳамма нарса Унга тегишли. Бу ҳолатни икки жиҳатдан изоҳлаш мумкин:

  1. Рўза ибодати бошқа ҳеч қандай ибодатга ўхшамайди. Чунки бу маълум нарсалардан узоқ туриш, маълум вақт ичида овқатланиш, ичиш ва жинсий алоқадан узоқ бўлишдир. Бу жиҳатдан рўза алоҳида бир сир/махфий ибодатдир. Рўзанинг ибодат сифатида кўзга кўринадиган томони йўқдир. Яъни одамлар буни кўрмайдилар. Бошқа бажариладиган барча ибодатлар одамлар томонидан кўрилади ва кузатилади. Чунки ҳамманинг олдида, кўз ўнгида бажарилади. Лекин рўза ундай эмас. Кимнинг рўзадор эканини фақат Аллоҳ билади. Бошқа биров буни била олмайди. Инсон “мен рўзадорман” деб бизни алдаши мумкин, лекин, ҳамма нарсадан бохабар Зот Аллоҳни алдай олмайди. Чунки рўза ибодати инсоннинг ботин/ички томонига тегишли ибодат бўлиб, сабрга боғлиқ. Фақатгина сабрга…
  2. Рўза ибодати Аллоҳ таолонинг душманини мағлуб қилиш ва қувиш учун муҳим ибодатдир. Маълумки, шайтон алайҳи лаънанинг воситаси шаҳвоний истак ва ҳис-туйғулардир. Шаҳвоний истак ва хоҳишлар ҳам овқат ва ичимлик билан куч ва қувват олади.

Аллоҳ таоло ойларнинг султони Моҳи Рамазони шарифни барчамизга муборак қилсин! Тутаётган рўзаларимизни даргоҳида қабул қилсин! Ўзининг ибодатига муваффақ қилгани учун масрур бўлганимиздек, Ўзига йўлиқадиган кунда ҳам розилиги ила бизларни хурсанд қилсин!

Отабек МУҲАММАДИЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

[1] Бани Сулайм қабиласидан бир кишидан Термизий ҳасан деб ривоят қилган.
[2] Абу Нуъайм. Ҳиля.
[3] Абу Ҳурайрадан Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
[4] Зумар, 10.
[5] Абу Ҳурайрадан Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
[6] Муттафақун алайҳ.
[7] Бухорий ва Муслим.
[8] Ибн Муборак Абу Дардодан ривоят қилган.
[9] Ибн Мандаҳ.
[10] Термизий ва Ибн Можа ғариб ҳадис деган бўлса. Ҳоким Бухорий ва Муслимнинг шартларига кўра саҳиҳ деб келтирган.
[11] Ҳоққа, 24.
[12] Ибн Адий Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[13] Забидий Талҳанинг Ибн Санийядан ривоят қилганини келтирган.
[14] Сажда, 17.
[15] Зумар, 10.

Check Also

ИСЛОМ МУТААССИБЛИККА ҚАРШИ

Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини ўзида мужассам этган, ҳар замонга мос эзгуликка асосланган …