Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида жойлашган 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернат устозлари ва аълочи ўқувчилари ташриф буюрди. Ушбу илмий-амалий экскурсия ёшларга тарихни жонли тарзда англатиш, уларда ватанпарварлик, юрт равнақига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, маънан юксалиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш кўникмасини мустаҳкамлаш ҳамда илмга иштиёқини янада ошириш мақсадида ташкил этилди.
Меҳмонлар Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи музейда бўлиб, улуғ муҳаддиснинг илм йўлида чеккан заҳмати, сафарлари ва “Саҳиҳул Бухорий” асарининг яратилиш тарихи ҳақида батафсил маълумот билан бирга, музей экспонатлари орқали ўша даврдаги илмий муҳит, қўлёзмалар ва ҳадис илмига оид манбалар билан яқиндан танишди.
Ташриф доирасида Марказ илмий ходимлари билан учрашув ташкил этилди. Марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев бу ерда амалга оширилаётган ишлар, Имом Бухорийнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси, унинг ўзига хос илмий услуби, шунингдек, асарларининг тадқиқи борасида маълумот берди. Суҳбат давомида илмий жамоа ўқувчиларни илм олишга чорлаб, буюк алломалар йўлидан бориш, тафаккурни юксалтириш ва китобхонлик маданиятини ошириш муҳим эканини таъкидлади.
Ўқувчилар билан алломаларимиз ҳаёти ва илмий фаолияти юзасидан савол-жавоблар ўтказилиб, уларнинг билим савияси синовдан ўтказилди. Фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Учрашув давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, фикр ва таассуротлари билан ўртоқлашди. Улар учун бу ташриф нафақат маънавий бойлик, балки истиқбол учун катта илҳом манбаи бўлганини эътироф этди.
Ташриф сўнгида меҳмонлар жамоага миннатдорлик билдириб, бу каби тадбирлар доимий равишда ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.