Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказда SWAN X 2026 халқаро анжумани бошланди

Марказда SWAN X 2026 халқаро анжумани бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 6 октябрь куни Набавий мерос бўйича X халқаро анжуман – SWAN X 2026 иш бошлади.

Ўзбекистон ва Малайзия, шунингдек, Саудия Арабистони, Покистон, Иордания, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Ўмон, Қатар, Индонезия, Таиланд ва Нигерия олимларини жамлаган анжуман “Глобаллашув шароитида барқарор тараққиёт ва оқил раҳбарлик: Пайғамбар алайҳиссалом мероси ва замонавий ёндашувлар” мавзусига бағишланди.

Тадбир Малайзия Ислом илмлари университети (USIM), Туанку Саййид Сирожиддин халқаро ислом университети (UniSIRAJ) билан ҳамкорликда, глобал муаммоларга исломий илмий ёндашувларни ишлаб чиқиш, халқаро илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда набавий меросни кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Малайзиянинг Перлис штати валиаҳд шаҳзодаси Туанку Саййид Файзуддин Путра Зоти Олийлари, Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев, Марказ директори Шовосил Зиёдов ва USIM проректори профессор Мушаддад Ҳасбуллоҳ тадбирнинг илмий-маърифий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб, жамиятни тараққий эттиришда набавий меросни чуқур ўрганиш, ёшларни юксак ахлоқ ва илм-маърифатга ошнолик руҳида тарбиялаш ҳамда замонавий глобал муаммоларга исломий илмий ёндашувлар асосида ечим топиш масалаларига урғу берди. Шунингдек, Самарқанднинг қадимдан буюк илм маркази бўлиб келгани, бугунги кунда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бутун мамлакатимиз бу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашига хизмат қилаётгани қайд этилди.

Тадбир доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Малайзия Ислом илмлари университети ва Туанку Саййид Сирожиддин халқаро ислом университети ўртасида қўшма тадқиқотлар ва академик алмашувларни йўлга қўйишга қаратилган ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Перлис валиаҳд шаҳзодаси Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига дил сўзларини ёзиб қолдирди.

Анжуманда етакчи хорижий ва маҳаллий олимларнинг глобал беқарорлик ва инқирозларни бошқаришда ҳадисларга асосланган ёндашувлар юзасидан маърузалари тингланди. Куннинг иккинчи ярмида давом этган илмий сессияларда тадқиқотчиларнинг набавий ахлоқ, оила ва жамият бошқаруви ҳамда замонавий муаммоларга бағишланган қирқдан ортиқ илмий маърузаси қизғин муҳокама қилинди.

Анжуман 7 октябрь куни ўз ишини давом эттиради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Калом илми ва мотуридийлик таълимотига бағишланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ …