Замонавий илмий методологияга муносиб ҳиссаси бўлган, синергетик, ғояларни ўзига акс эттирган илмий-фалсафий таълимот яратган Мирзо Улуғбек XV аср жаҳон аниқ-табиий фанлар соҳасида оламшумул тадқиқот олиб борган, ночизиқли тафаккур тарзи асосида илмий кашфиёт ва ихтиролар қилган, ижтимоий-гуманитар ва маданий фанлар соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшган йирик аллома ҳисобланади.
У жамиятдаги беқарорлик кузатилаётган, деградация даражасига етган бир даврда илм оламига кириб келди. Амир Темур вафотидан кейин темурийлар салтанатида маълум бир сиёсий-ижтимоий тартибсизлик ва хаотик ҳолатлар юз берди. Бунинг натижасида ички низолар ҳам кучайди. Ушбу жараёнларни изоҳлаб, Қори Ниёзий қуйидагича хулоса қилади: “Юқорида баён қилинганлардан Улуғбекнинг сиёсий майдонда пайдо бўлиш вақтининг хусусияти келиб чиқади: Улуғбек ҳукмрон бўлган пайтда ўзаро урушлар ва сиёсий тарқоқлик кучайган, меҳнаткаш омма қаттиқ эксплуатация қилинар эди” [17: 63].
Мирзо Улуғбек эса атиги 15 ёшида тахтга ўтиргач, жамиятдаги бу каби тартибсизлик ва беқарорликлар анча камаяди. Бунинг асосий сабаби албатта, унинг ижтимоий ва сиёсий билимдонлиги ва давлат бошқарувидаги маҳоратидан далолат беради. Лекин кўпгина адабиётларда Улуғбекнинг сиёсий-ижтимоий фаолияти ва бошқарув тизими эътибордан четда қолдирилган. Олим Қори Ниёзийнинг бу борадаги “Улуғбекнинг фанга жуда қизиқиб кетгани унинг давлат фаолиятига маълум даражада салбий таъсир кўрсатган” [17: 65-66], деган хулосасига қўшилиб бўлмайди. Сабаби, қирқ йил ўз давлатини барқарор, тинч ва осуда ривожлантирган Мирзо Улуғбекнинг шубҳасиз, давлат ва жамоат арбоби ва моҳир бошқарувчи шахс эканидан далолат беради. У илм-фан билан мунтазам шуғулланиш билан бирга, ўша даврда мавжуд бошқа соҳаларни, жумладан, ижтимоий аҳиллик ва бирлик, иқтисодий барқарорлик, маданият, бунёдкорлик, архитектура, таълим, санъат ва ҳунармандчиликни ривожлантирган. Улуғбекнинг сиёсий-ижтимоий фаолияти, бошқарув тизими, давлат бошқарувчиси сифатидаги ўзига хос услубини тадқиқ этиш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларига муҳтождир.
Ўрта асрларда Шарқда, кейинчалик Ғарбда илм-фан ривожланишига улкан ҳисса қўшган Мирзо Улуғбек – Муҳаммад Тарағай ўз даврида табиий ва ижтимоий-гуманитар фанлар интеграцияси асосида Самарқанд академиясига асос солган.
Биз бежизга гапни академиядан бошламадик. Биринчидан, Мирзо Улуғбек асос солган академиянинг фалсафий-илмий моҳиятини англаш орқали ундаги ночизиқли тафаккур элементларини кашф этамиз ва унинг академиясида фанлараро интеграция мавжуд бўлганининг илмий асосларини топамиз. Иккинчидан, ғарблик олимлар даъво қилаётган Янги давр аниқ ва табиий фанлар пойдевори Ғарбда эмас, айнан Марказий Осиёда, жумладан, Улуғбек академиясидан бошланганини ва бу илмий ҳақиқат собиқ Иттифоқ даврида эътиборга олинмаганини англаймиз.
Кўпгина адабиётларда, жумладан, Қорий Ниёзий рисоласи ва бошқа илмий нашрларда Мирзо Улуғбек астрономия академиясини ташкил этган олим сифатида таърифланади, ваҳоланки, ўша даврда нафақат Самарқанд, Марказий Осиё ва Хуросонда физика, астрономия, кимё, биология, геодезия, география, мантиқ, фалсафа, математика, тарих, минерология, адабиёт ва бошқа дунёвий ҳамда диний илмлар ҳам ривожланган. Алломанинг сайъ-ҳаракатлари билан меъморий санъат ва архитектура соҳаси ҳам жадал суръатда юксалди. Улуғбек буйруғига мувофиқ Самарқанд шаҳридаги Улуғбек мадрасаси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳизинда ансамбли, Бухоро шаҳри ва Ғиждувон туманидаги Улуғбек мадрасалари, Шаҳрисабздаги Улуғбек масжиди ва бошқа меъморий санъатнинг нодир намуналари бунёд этилгани академия илмий Кенгаши фаолияти маҳсули эди. Шу нуқтаи назардан Мирзо Улуғбек анъанавий фикрлардан юқорироқ – ночизиқли ва фрактал тафаккур эгаси эканига далолатдир. У асос солган илмий мактаб ва унинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси фалсафий моҳиятини, ундаги синергетик ёндашув ва ғоялар таҳлилидан хулоса қилиш керакки, Мирзо Улуғбек нафақат астрономия, балки қомусий билимлар эгаси сифатида Самарқанд академиясига ва Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб мадрасаи олия, яъни замонавий атама билан айтганда, илк университетга асос солди. Бу ҳақиқатни барча фанларда илмий далиллар билан алоҳида таъкидлаш лозим. Зеро, 1417-1420 йилларда Самарқанд вилоятининг ҳозирги Регистон майдонида ўз давридаги талабалар ва келажак авлоднинг илм олиши учун катта мадраса биносини қуришга фармон берганини, Улуғбек мадрасаси қуриб битказилгандан кейин унинг очилиш маросимида Мавлоно Муҳаммад Хавофийни Бош Мударрис [ректор] этиб тайинлаганини тарихий манбалардан яхши биламиз. Мирзо Улуғбекнинг буюк қомусий олим, давлат ва жамоат арбоби, фавқулодда истеъдод эгаси экани ҳақида яна ўнлаб илмий, тарихий далилларни келтиришимиз мумкин. Мавзудан чалғимаслик учун биз Мирзо Улуғбек ва унинг Самарқанд академияси мутафаккир-олимларининг ижтимоий, фалсафий-илмий қарашлари ва улардаги синергетик тамойиллар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Мирзо Улуғбек ва унинг илмий меросини ўрганишда мамлакатимиз ва хорижда кўпгина илмий изланишлар олиб борилган, қатор асарлар яратилган. Масалан, Жон Гривс, Томас Хайд, Френсис Бейли, М.Е.Массон, Л.Седийо, В.В.Бартольд, В.Д. Вяткин, Н.Леонов, Е.Кнобл, Т.Н.Қори Ниёзий, Б.Розенфельд, Г.Матвиевская, Ф.Старр, Г.Жалолов, Б.Ахмедов, А.Ахмедов ва бошқа бир қатор олимлар Мирзо Улуғбек ҳаёти, ижоди, илмий мероси, фаолияти, жумладан, математика ва астрономияга оид таълимотини ўрганган. Бироқ алломанинг ижтимоий-сиёсий, фалсафий-илмий қарашлари синергетик методология асосида деярли ўрганилмаган.
Тадқиқотчилар Мирзо Улуғбек илмий мероси ва у асос солган академиянинг фақат астрономик жиҳатларига кўпроқ урғу беради. Ваҳоланки, аллома илмий мероси ва академиясининг илмий тадқиқотлари фаолияти замирида бошқа гуманитар фанлар қатори фалсафа, этика ва мантиқ илмлари муҳим мавқега эгадир. Шунинг учун унинг Самарқанд академияси нафақат астрономия, аниқ фанлар, балки фалсафий-мантиқий институт ҳам ҳисобланган. Улуғбек академиясидаги барча тадқиқотлар ва илмий изланишлар, кашфиётлар фалсафа ва мантиқ илмлари қонуниятлари асосида амалга оширилган. Аммо бу ҳақда ҳали ҳануз нафақат дарсликлар, алломага оид кўплаб рисолаларда ҳам илмий маълумотлар мавжуд эмас. Бу борада олим М.Оллоёров ўзининг “Мирзо Улуғбек мунажжимлик мактабининг фалсафий–мантиқий асослари” мақоласида шундай ёзади: “Фалсафа ва мантиқ қайд этилган фанлар йўналишида олиб борилган фундаментал тадқиқотларда билиш методи – усули бўлиб хизмат қилган. Шунга кўра, ана шу иккала фан ривожига катта эътибор берилади ва бунинг натижаси ўлароқ, Улуғбек академияси қошида фалсафа-мантиқ мактаби юзага келади. Аммо мавжуд илмий адабиётларда ушбу мактабнинг шаклланиши, унинг вакиллари ҳақида деярли фикр билдирилмайди ва бу борада тадқиқот ишлари олиб борилмаган” [7:191].
М.Оллоёров фикрининг исботи сифатида Мирзо Улуғбекнинг мантиққа оид қарашларини кўрсатиб ўтади: “Агар Улуғбек асарлари, хусусан, “Зижи Кўрагоний” асари таҳлил қилинганда унинг қатъий мантиқий метод-усулларга асосланган ҳолда ёзилганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Фикримиз далили сифатида унинг ана шу асаридан биргина хулосавий муҳокама (ҳукм)ни олиб қарайлик: “Агар ҳақиқатан Ернинг қуёшга юзма-юз бўлиб туриши кечаси ёки куннинг иккинчи ярмида, аниқроғи соат 2.20 да содир бўлса, шунингдек юзма-юз бўлиш градуси 120/281 дан кам бўлмаса, унда қуёш тутилиши рўй беради” [7:63]. Мазкур муҳокама хулоса, биринчидан, дедуктив-силлогистик, яъни мантиқий хулоса бўйича чиқарилган ва иккинчидан, у шартли (импликатив) ҳукм шаклида таърифланган” [7:191].
Мирзо Улуғбек шакллантирган тафаккур услуби ва мантиқий методлар янги илмий услублар шаклланиши баробарида, ўша даврнинг диний дунёқарашига ҳар доим ҳам мувофиқ эмас эди. Аммо алломанинг тафаккур тарзи ва билиш методи гносеологик таълимотни ривожланишига хизмат қилди.
Мирзо Улуғбек гносеологик қарашлари жиҳатидан ўз даврининг диний уламолари ва мутафаккирларидан фарқлироқ, эътиқодига дахл қилмаган ҳолда ақл ва тажрибага таянган. Бошқача айтган, у ақлий билиш, мушоҳада, таққослаш, тажриба, яккаликдан умумийликка ўтиш ва аксинча умумийликдан яккаликка ўтиш, абстрактликдан конкретликка ўтиш каби усуллар ва тамойиллардан кенг фойдаланган.
Мутафаккир ўзининг илмий меросида ўз даврининг мафкуравий қобиғидан чиқиб, инсон билиш имкониятлари чексизлигини исботлашга уринган. У ўзи яшаган маънавий-мафкуравий муҳитни инобатга олиб, геоцентрик назарияни очиқ рад этмаган бўлса-да, олиб борган астрономик кузатишлари жараёнида гелиоцентрик назарияни илмий жиҳатдан яхши англаган. Яъни Мирзо Улуғбек ва унинг академияси том маънода гелиоцентрик назарияни кашф этган. Чунки тарихий манбаларга кўра, Улуғбек мактабининг таниқли намояндаларидан бири Марям Чалабий планеталарнинг ҳаракати масаласини таҳлил қилар экан, бундай деб ёзади: “Мураккаб ҳаракатга таянч қилиб олиш учун энг қулай нуқта дунёнинг маркази сифатидаги Ер бўлмаса-да, одатда айни шу марказ таянч нуқта қилиб олинади”. Бу гаплар дунёнинг гелиоцентрик системада тузилганига эҳтиётлик билан қилинган ишорадан бўлак нарса эмас [16:80]. Демак, гелиоцентрик назариянинг илмий асослари Николай Коперниккача Улуғбекнинг Самарқанд академиясида ўз исботини топган. Афсуски, бу илмий ҳақиқатлар кўпчилик олимларимиз эътиборидан четда қолган. Ваҳоланки, гелиоцентрик назария ғоялари синергетик методология ва ночизиқли тафаккур тарзи асосида ўз моҳиятини ёрқинроқ намоён этади. Шунинг учун ҳам Мирзо Улуғбекнинг математика, геометрия, астрономияга оид илмий қарашларини синергетик ёндашув асосида кенгроқ тадқиқ этишга эҳтиёж сезилмоқда.
Мирзо Улуғбекнинг борлиқ, табиат ва инсонга нисбатан ёндашуви ўзига хос бўлиб, у Худони рад этмайди, аксинча, мутлақ борлиқ – Аллоҳ ва у Қодир сифатида ҳамма нарсанинг яратувчисидир, деб ҳисоблайди. Аллоҳ яратган барча нарсаларда эса мантиқий қонуният мавжуддир. Мирзо Улуғбек фикрича, Худо оламни, инсон ва жамиятни, ақл-заковатни, ҳиссий-нафсоний қувватларни тасодифан, беҳудага яратмаган. Бу яратишнинг ўзида уқиб олинмаган сир-асрори бор. Уларнинг алоқадорлиги, сабаб-оқибат муносабатларга кириши, таъсир этиш ва таъсирланиши азалдан тақдир сифатида берилган. Лекин улар нодон ва калтафаҳм кимсалар учун нафис пардалар билан ниқобланган. Ақл-заковат, фаросат, фаҳм ва шу каби кубровия асоси барчага тақсимланган, лекин уларнинг инсоний қувват ҳосил қилиши ҳар бир инсоннинг истак-хоҳиши, эҳтиёжига бориб тақалади. Калтафаҳм кимсалар нафис пардани кўтаришга аҳд қилганларни даҳрийликда айблайди, чунки улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ақл, илмга берилган мақомни тушунмайди [5:135-136] дейди. Яъни Мирзо Улуғбек инсоннинг ўз-ўзини англаши, билиши ва тарбиялаши каби синергетик тамойилларни эътироф этиб, бу ҳаммага ҳам хос эмаслиги, билимсиз кишилар бундан мосуво эканини, фақатгина ночизиқли тафаккур эгаларигина буни англаши мумкинлигига ишора қилган, деган хулосага келиш мумкин.
Мирзо Улуғбек ва унинг академияси илмий ютуғининг яна бири “Зижи жадиди Кўрагоний” асаридир. Уни фалсафий-илмий нуқтаи назардан таҳлил қилсак, унда ҳам биз бугун ўрганаётган синергетик методология асослари ва ғояларини илғаш мумкин. Мутафаккирнинг ўз замонасида ривожланган техник воситалар йўқлигига қарамай, асосий ўлчов воситаси, секстант (устурлоб) ёрдамида 1118 та юлдузнинг жойлашиши ҳақидаги “Зижи жадиди Кўрагоний” асарини яратди. Юлдузларнинг махсус каталогини тузди. Каталог – мураккаб билиш жараёнининг якуни бўлиб, рақамлар математик қолипга туширилади, яъни қоида-қонуниятлар яратилади [10:54]. Буларни таҳлил этиб, Улуғбек ва Самарқанд академияси олимларида ўша даврдаёқ биз ҳозир ўрганаётган ночизиқли фрактал тафаккур тарзи мавжудлигини билиш мумкин. “Ночизиқли фракталлар иррационал ўлчовлар, тизимнинг беқарорлик, ассиметрик, бетартиб томонлари билан мослиги тушунилади. У ночизиқли алгебрик тенгламалар билан генерарлашади. Бу тенгламанинг ечимлари касрли, комплекс сонларда ифодаланиб, комплексли фазо намоён бўлади ва ажабтовур фигура ҳосил бўлади. Яхлит бир картина хаотик ва номаълум кўринишда бўлади” [9:8-59]. Оламни яхлит тарзда кузатиш, унинг математик ва астрономик қонуниятларини англаш, Қуёш, Ой ва Ернинг ҳаракатларига қараб, унинг хусусиятларини ўрганиш орқали Мирзо Улуғбек ва унинг атрофидаги олимлар илмий фаолият олиб борган. “Зижи Кўрагоний” асаридан ташқари, Улуғбек, “Бир даражанинг синусини аниқлаш ҳақида рисола” асари орқали жаҳон аниқ фанлари ва табиатшунослиги, ижтимоий фанларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўша олди.
Мирзо Улуғбекнинг илмий меросидаги ўзига хос жиҳат – бу илмий тадқиқот методологиясидир. Унинг амалий тадқиқот усуллари ҳам ўзига хослиги ва кўплиги билан ажралиб турарди [14:143-145]. Фалсафа ва фан методологиясида Мирзо Улуғбекнинг илмий тадқиқот, ижод, билиш методологияси ҳақида деярли маълумот йўқ. Ваҳоланки, у ўзига хос методология яратган олим ҳисобланади. Унинг тадқиқот методологиясида анализ, ва синтез, уларнинг воситалари бўлган классификация ва дифференция, индукция ва дедукция, таққослаш, кузатиш, эксперимент каби усуллардан кенг фойдаланилган. Жумладан, кузатиш ва эксперимент усуллари орқали у астрономия соҳасида улкан кашфиётларни қўлга киритади. Бунга мисол қилиб, у яратган обсерватория, ўзига хос лаборатория ва кузатиш асбобларини мисол келтириш мумкин. Улуғбек илмий ижодининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у ўз илмий ишларини воқеаларни кузатишдангина эмас, балки олдин ўтган олимларнинг кузатувлари натижаларини ўрганиб, уларни танқид қилишдан бошлади. Бор кузатув хулосаларини тўлиққа ёки пучга ажрата олди. Унинг яна бир хусусияти шуки, осмон жисмларини кузатиш учун обсерватория қуриш зарурлигини пайқаб, унинг конструкциясини фикран эксперимент ёрдамида аниқлади, осмон меридиани ва қуёш эклиптикаси ўринларини аниқлади, координата системаси барча элементларини фикран ва амалда ўрнатди” [4:63].
Мирзо Улуғбек ва унинг мактаби илмий тадқиқотларида экстраполяция, интерполация усули алоҳида ўрин тутиб, унинг ёрдамида миқдорларнинг билвосита ҳисоб-китоблари амалга оширилган. Экстраполяция (лот. ekstra – тез, polio – тўғрилайман) – бирор ҳодисанинг бир қисмини кузатиш натижасида олинган хулосани шу ҳодисанинг бошқа қисмига, бошқа территорияга ва келгусига татбиқ этишни англатади [15:157] Интерполяция (лот. inter – орасида ва polio — текислайман) — 1) математикада – бир неча нуқтада берилган функция қийматларидан шу нуқталар орасидаги нуқталарда функциянинг тақрибий қийматини топиш. Интерполяциядан фарқли равишда экстраполяцияда функциянинг тақрибий қиймати берилган нуқталардан ташқаридаги нуқталарда топилади. Бугунги кунда синергетик математика ва аниқ фанларнинг синергетик методологиясида фойдаланилаётган ушбу услублар ўша даврдаёқ илмий тадқиқот фаолиятида кенг фойдаланилгани ҳам эвристик ёндашув ва эвристик услублар мавжудлигидан далолат беради. Мирзо Улуғбек Ернинг исталган майдони кенглигини аниқлашнинг бир неча усулларини, ёритгич (юлдуз)лар орасидаги бурчак масофасини аниқлаш усулини ва бошқаларни ишлаб чиқди. Аниқ илмий услубнинг мавжудлиги туфайли ушбу фан натижалар тўпланиб, бир-бирини кўпайтирадиган жамоавий фаолият тури сифатида намоён бўлди. Қолаверса, бу услубларнинг аксарияти синергетик методология сифатида фанда ҳам қўллаб келинмоқда.
Профессор М.Н.Абдуллаева ва З.Р.Қодирова “Улуғбек билиш назарияси мактабининг эстетик аспектлари” мақоласида Европада юзага келишидан анча аввалроқ Улуғбек мактаби олимларининг юксак интеллектуал салоҳияти кўплаб математик масалаларга ечим топиш имконини берганини таъкидлаб шундай ёзади: “Улуғбек астрономия мактабининг шаклланиши ва ривожланишининг асосини ворисийлик ташкил этди. Фан – бу таълимотлар ўртасида доимий маълумот алмашинувисиз мавжудлиги имконсиз бўлган жамоавий фаолиятдир. Улуғбек мактабида, биринчидан, устоз ва шогирдлар ўртасида алмашув содир бўлиб, шу туфайли илмий билимлар ривожида узлуксизлик юзага келган, билимлар тўпланган. Иккинчидан, бир авлод олимлари ўртасида ҳам маълумот алмашинуви содир бўлган. Мулоқот ва мунозаралар билиш усулларидан бири сифатида шахснинг ижодий қобилиятини ривожлантириш учун интеллектуал илмий муҳитни шакллантириш имкониятини яратади. Бунга ёрқин мисол ушбу мактаб вакили Али Қушчининг илмий тадқиқотларидир” [16:198-199]. Биз Али Қушчининг илмий меросига кейинроқ батафсил тўхталамиз. Муҳими, Мирзо Улуғбек аниқ фанларда ҳозир ниҳоятда заруратга айланган жамоавийлик, яхлитлик ва билишдаги интеграция усулини амалда қўллаган шахслардан ҳисобланади.
Агар Ўрта асрлар Марказий Осиё олимларининг улкан ютуқлари XII асрдан бошлаб жаҳон цивилизацияси мулкига айланган бўлса, Улуғбек мактаби вакилларининг улкан муваффақиятлари ҳам шундай даражага эришди. Жумладан, Самарқанд академиясида фаолият олиб борган машҳур аллома Ғиёсиддин Кошийнинг ўнли касрлар ва уларни ҳисоблаш амалиётида қўллашдан иборат ажойиб янгиликлари Европагача етиб бормади. XVI аср охирида у қайта яратилди ва ҳозир Руффини – Горнер деб аталадиган усул ёрдамида илдизларни аниқлаб олиш методидан фойдаланилади. Бизга Ньютон биноми сифатида маълум бўлган ҳар қандай натурал даражани ошириш қоидасидаги “ижобий ва салбий” атамалари ҳам унинг номи билан боғлиқ [8:142]. Бундай илмий кашфиётларнинг фалсафий моҳияти шундан иборатки, Мирзо Улуғбек ва унинг мактаби вакилларида ночизиқли тафаккур тарзи ва илмий ёндашув шаклланган бўлиб, унинг натижасида кўплаб илмий муаммо ва масалалар ўз ечимини топган.
Алишер Навоийнинг “Мажолисун нафоис” асарида таъкидланишича, Улуғбек баъзан шеър назмига ҳам майл этган. Эътиборли томони, Навоий келтирган Улуғбекнинг қуйидаги байтида ўзига хос синергетик ғоялар мавжуд.
“Ҳарчанд мулки ҳусн дар зери нигини туст,
Шўхи макун, ки чашми бадон дар камини туст!”
Таржимаси: Қанчалик давлат узуги қўлингда бўлса ҳам, ҳазил ва шўхлик қилмагилки, ёвуз кишилар кўзлари сен томон қаратилгандир. Оддий байтдек туюлган бу мисраларда ҳам маълум маънода фалсафий моҳият мужассамдир. Яъни ҳар қанча эгалик ҳуқуқи ўзингда бўлса ҳам, унутмагинки, ундан мосуво бўлиш эҳтимоли бор, шунинг учун доим эҳтиёткорлик ва зийракликни унутмаган ҳолда, доим огоҳ бўлишинг керак. Акс ҳолда ичингдаги душманларинг кўз олайтираётган мулкингни барбод этиши ҳам мумкин. Бошқача айтганда Мирзо Улуғбек сиртдан сокин ва осойишта, ишончли кўринаётган нарсанинг ичида туғён, беқарорлик ва ишончсизлик яширинган бўлиши эҳтимоли бор, деган маънода фикр юритади. Бу эса ҳар қандай тизимда ички бифуркацион жараёнлар доимий мавжуд эканини билдиради.
Юқорида таъкидлаганимиздек, Мирзо Улуғбек табиий, аниқ фанлар баробарида ижтимоий, фалсафий ва ахлоқий билимлар билан ҳам шуғулланган қомусий олим ҳисобланади. У асос солган академия салоҳияти ва таъсир этиши жиҳатидан нафақат Шарқ, балки Ғарбда ҳам илм-фан ривожда муҳим омил бўлиб хизмат қилган.
Улуғбек академиясида машҳур олим ва мутафаккирлар Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Муҳаммад Али Қушчи, кейинчалик, Ҳасан Чалабий, Муиниддин Коший, Мансур ибн Муиниддин Коший самарали илмий фаолият олиб борган.
XV асрнинг астрономия, математика, геометрия, механика ва бошқа кўплаб табиий фанлар билимдони, машҳур мутафаккир Ғиёсиддин Жамшид Коший Улуғбек фанлар академиясининг таниқли ва сермаҳсул олимларидан бири бўлган.
У Кошонда (ўша вақтда Амир Темур давлати тасарруфида бўлган ҳозирги Эроннинг шаҳарларидан бири)да таваллуд топган. Илк сабоқ ва илмий изланишларини туғилган юртида бошлаган бўлса-да, кейинчалик Мирзо Улуғбек таклифига биноан ўша даврда илм-фан юксак даражада ривожланаётган Марказий Осиё, аниқроғи Самарқандга келади ва бундай таклиф ҳамда эътибордан мамнунлигини эътироф этади [11:26].
Ғиёсиддин Коший Самарқанддаги илмий фаолияти давомида аниқ фанлар, айниқса, математика фани ривожига муносиб ҳисса қўшади. Кейинчалик Коший Ҳиротга келиб, Шоҳрух саройида хизмат қилган ва унга атаб “Элхон зиж”ини такомиллаштириш учун “Хоқон Зижи” (“Зижи Хоқоний дар такмили “Зижи Элхоний”) номли астрономик асарини битган. Унинг бу асари ўз давридаги астрономия соҳасидаги энг етук асарлардан ҳисобланган. Алломанинг яна бир машҳур асари “Рисола фил-муҳития”-“Айлана ҳақида рисола” бўлиб, уни ёзишдан мақсад π сонини [12], яъни айлана узунлигини унинг диаметрига нисбатини Кошийгача маълум бўлган аниқликдан ҳам каттароқ аниқликда ҳисоблашдан иборат эди. Бу асарлари орқали Коший математика фани тараққиётига ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Айнан шу асарни тадқиқ этганда, унда бугунги кунда синергетик методологияда кенг фойдаланиб келинаётган системали ёндашувни пайқаш мумкин. Яъни Ғиёсиддин Кошийнинг математик амаллари ва назарияларида математик синергетика ғоялари мавжуддир.
Европа мамлакатлари олимлар томонидан такомиллаштирилиб, янгилик сифатида эътироф этилган баъзи бир назария ва қонуниятлар аслида Ғиёсиддин Жамшид Кошийнинг математика фани ривожига қўшган оламшумул кашфиётларида ўз аксини топган. Улар қуйидагилардан иборат:
- Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбек билан ҳамкорликда Ғиёсиддин Коший кетма-кетлик яқинлиги усулини ишлаб чиққан. Бу усул эса XIX асрда Европада француз математиги Э.Пикар томонидан қайта ишланган;
- Европада Симон Стевин олиб кирган математикадаги ўн карра ҳисобни, Коший ундан 150 йил аввал фанга киритган ва ундан мунтазам фойдаланган.
- “Ньютон биномий” ибораси билан аталувчи формулага асосланган ихтиёрий илдиз даражаларининг яқин жойлашув усулини ишлаб чиққан.
- Фанда “Горнер чизмаси” номи билан машҳур кўпҳадни ҳисоблаш усулини Ғиёсиддин Жамшид анча аср олдин ишлаб чиққан.
Мирзо Улуғбек академияси олимлари томонидан кашф этилган бу каби илмий далилларни яна давом эттириш мумкин. Бунинг учун эса соҳа мутахассислари буюк алломаларимиз илмий меросини кенгроқ, чуқурроқ ва синергетик методология асосида тадқиқ қилиши талаб этилади. Шунингдек, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи каби мутафаккирларнинг илмий меросини тадқиқ этилиши эвристик аҳамиятга эга янги билим ва назарияларга замин яратиши баробарида, Улуғбек академияси фаолиятини, машҳур расадхона тарихини ўрганишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Жамшид Кошийнинг математикага оид асарлари таржима ва тадқиқ этилган бўлса-да, бироқ унинг астрономик асарлари, хусусан, “Зижи Хоқоний” асари деярли тадқиқ қилинмаган. Самарқандда астрономик кузатувлар қай даражада юксак илмий аниқликка эга бўлгани мазкур асарни ўрганиш орқали маълум бўлади. Қолаверса, бу ундаги фалсафий қараш ва ғояларни илмий тадқиқ этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Улуғбек илмий мактабининг яна бир йирик вакилларидан бири Али Қушчи ҳисобланади. Асл исми Мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчи Самарқандий нафақат математик, астроном, балки етук файласуф ҳисобланади. У бошланғич билимни Самарқанд олимларидан, математика ва астрономияга оид илмни эса Қозизода Румий ҳамда Мирзо Улуғбекдан олади.
Али Қушчи астрономия, математика илмига оид илмий рисолалардан ташқари, 15 ёшидаёқ фалсафага доир асар ҳам ёзган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, аллома ўз даврининг фалсафий таълимотини пухта ўзлаштириш билан бирга, қадимги Шарқ ва жаҳон фалсафасидан ҳам хабардор бўлган.
Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси фаолиятини ривожлантириш, Улуғбек расадхонасини қуриш (1424), илмий кузатишлар олиб бориш, “Зижи жадиди Кўрагоний” жадвалини тузиш ва бошқа жараёнларда ҳам Али Қушчи фаол қатнашади [7]. Ғиёсиддин Жамшид Коший ва Қозизода Румийдан кейин Улуғбек расадхонасида мудирлик ҳам қилди. У фаолияти давомида янги илмий изланишлар учун Улуғбек академияси илмий услуби, кузатиш ва тажриба ўтказиш асбобларини такомиллаштиришга эришди. Манбаларда “Мирзо Улуғбек вафотидан сўнг расадхона Муҳаммад Али Қушчи ва Мирам Чалабий раҳбарлигида яна бир неча ўн йиллар фаолият олиб борган” [17:186] деган фикрлар мавжуд бўлса-да, мутафаккир Мирзо Улуғбек вафотидан кейин юзага келган сиёсий, ижтимоий танглик ва мутаассиб уламоларнинг тазйиқ ва бўҳтонлари оқибатида у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Синергетика нуқтаи назаридан, Мирзо Улуғбек ўлдирилгандан кейинги давр тартибсизлик ҳолатига юз тутди. Сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий бифуркацион жараёнлар темурийлар давридаги системали ривожланишни тарқоқ ҳолга келтирди.
Али Қушчи бундай вазиятни ўз вақтида пайқаб, ўзи билан расадхонада ишланган қўлёзмалар, Улуғбекнинг “Зижи Кўрагоний”, юлдузли осмон харитасини ва нодир қўлёзмаларини олиб, Табриз, Ҳирот ва кейинчалик эса Туркияга, Усмонлилар салтанатининг еттинчи ҳукмдори Султон Муҳаммад II саройига келади. Унинг илмий фаолиятидан хабардор шахслар ўзига хос иззат икром билан қабул қилади. “Мавлоно Алоуддин Али Қушчи Самарқандий Туркияда катта ҳурмат, обрў-эътиборга сазовор бўлиб, Усмонийлар салтанатида ҳам дунёвий ҳам диний илмларни ривожлантирувчи маърифий марказ ташкил этишга киришади. Али Қушчи мадрасада Самарқандда эгаллаган билими ва тажрибасига таянган ҳолда уларни ўз шогирдларига ўргата бошлайди. Мадрасада илмнинг турли соҳаларини ривожлантириш кенг йўлга қўйилади” [17]. Тез фурсатда нафақат Туркияда, балки бутун Европада унинг илмий фаолиятига қизиқиш ортиб боради. Бу том маънода Самарқанддаги Мирзо Улуғбек академиясининг илмий ютуқлари ва кашфиётлари Европа, кейинчалик эса бутун дунёга маълум ва машҳур бўлишининг муҳим омилларидан бири эди. Али Қушчи уларга математика ва астрономия фани эришган ютуқлар, астрономик қийматларни ўлчаш методлари, астрономик кузатиш асбоблари ҳақида, математик амалларни бажаришнинг Самарқанд мактабига хос усулларини, ўнлик касрлар моҳиятини, математик амалларда қўлланадиган манфий (минус) ва мусбат (плюс) ишоралари моҳияти ҳамда тригонометрик функцияларни ечишнинг хилма-хил турларини ўргата бошлайди [18:240]. Бу воқеанинг фалсафий моҳияти шундаки, ҳозир Европада ривожланган аниқ ва табиий фанларнинг эвристик усуллари ва синергетик методологияси пойдеворининг маълум бир қисми айнан Али Қушчи сабаб Шарқ Иккинчи Ренессанс даври илмий ютуқлари билан мустаҳкамланган. Профессор Б.Тураев эътироф этганидек, Али Қушчи – Иккинчи Ренессанс ютуқларини Европага узатган мутафаккир ҳисобланади.
Али Қушчи мутафаккир сифатида ночизиқли тафаккур тарзи эгаси бўлган. Шу сабабли у кўплаб синергетик ғоя ва методологиялар юзага келгунига қадар бу борада ўз назария ва илмий кашфиётлари билан илм-фанга муносиб ҳисса қўшган. У юқорида номлари зикр этилган Самарқанд астрономлари сингари Ернинг Қуёш атрофида ва ўз ўқи атрофида айланишига қатъий амин бўлган. Унинг фикрича, ёритгичларнинг Шарқдан Ғарбга қараб ҳаракатланиши, ғарбга ботиши Ер шарининг ғарбдан шарққа қараб ҳаракатланиши (ўз ўқи атрофида айланиши) оқибатида рўй беради. Бизга шу сабабли гўёки ёритгичлар шарқдан чиқиб, ғарбга ботаётгандек туюлади. Бу сузиб бораётган кемалардан туриб қирғоқни кузатаётган йўловчи ҳолатини эслатади. Йўловчига кема эмас, балки ундан қарама-қарши томонга қирғоқ ҳаракатланаётгандек бўлиб туюлади [2]. Яъни бошқа сайёралар қатори Ер ҳам Қуёш атрофида ва ўз ўқи атрофида айланиб юришини Европада биринчилардан бўлиб поляк олими Н.Коперник назарий жиҳатдан исботлаб берди, деган хулосага келгунга қадар Улуғбекнинг Самарқанд академияси олимлари бу назариянинг нафақат математик асосларини, балки амалий моҳиятини ҳам илмий изланишлари давомида исботлаб бўлган эди. Масаланинг эвристик моҳиятидаги синергетик аҳамияти ҳам шундадир.
Б.Тураев Али Қушчининг илмий-фалсафий мероси ҳақидаги мақоласида олимнинг илмий ютуқлари ҳақида тўхталиб шундай ёзади: “Бу ютуқларга математикада ўнли касрларни жорий қилиш, доирага ички чизилган учбурчакларни ўлчаш методлари, тригонометрик функцияларни ечишнинг Самарқанд математикларига хос усуллари, π-сони қийматини аниқлаштириш, Али Қушчи бу қийматни 16-ўндан бирлик рақамгача аниқликда ҳисоблаб чиққан (у кўпбурчаклар томонлари сонини 27 марта кўпайтирди ва 3*228 бурчакли кўпбурчакка эришди). Ундан 150 йил кейин француз математиги Француа Виет (1540-1603) π-сонини кўпбурчаклар сонини 16 марта кўпайтириб, 9-ўндан бирлик рақамигача ҳисоблаб чиқишга эришган. Европа Али Қушчидан 250 йил кейин Кёльнлик математик Лудольф ван Цейлен тимсолида унинг натижасидан ўтиб кетишга эришди. У бу сонни 32 белгигача кўтарди”. Бу илмий далиллар Али Қушчи ночизиқли тафаккур тарзи асосида математик системали ёндашув ва эвристик услублардан оқилона ва моҳирона фойдаланганини ва бу кейинчалик такомиллашиб, математика-синергетик методологияга кўчганидан далолат беради.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд академиясида аниқ фанлар қатори, ижтимоий ва фалсафий фанлар юксак даражада ривожланган. Академия мутафаккирлари эса фалсафа, мантиқ каби фанлар ривожига муносиб ҳисса қўшаётган синергетик ғоялардан фойдаланган ва бу ўз навбатида, синергетик методологиянинг вужудга келишида муҳим омил бўлиб хизмат қилган. Шунингдек, ночизиқли тафаккур тарзининг назарий ва амалий кўринишлари академиянинг бой илмий-фалсафий меросида ўз аксини топган. Бу хулосалар мамлакатимизда аниқ ва гуманитар фанларнинг янада ривожлантиришига хизмат қилади. Бундан ташқари, эвристик ғоялар ривожида ҳам муҳим илмий мерос ҳисобланади.
-
Абдуллаева М.Н., Қодирова З.Р. Улуғбек билиш назарияси мактабининг эстетик аспектлари. “Самарқанд шаҳрининг умумбашарий маданий тараққиёт тарихида тутган ўрни”. Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейига бағишланган халқаро илмий симпозиум материаллари. – Тошкент – Самарқанд: Фан, 2007.
-
Али Қушчи. Астрономияга оид рисола (И.М.Мўминов таҳрири остида). – Т.: Фан, 1968.
-
Жамшид Коший. Зижи Хоқоний. Қўлёзма. Аё Софиё кутубхонаси. № 2692.
-
Кубаева Ш.Т. Развитие инновационного мышления в Самаркандской академии Улугбека //Universum: общественные науки. – №. 5 (6). 2014.
-
Мардонов Р.С., Ризаев И.И. Проблемы в инновационном развитии (на примере Узбекистана) //Географические и экономические исследования в контексте устойчивого развития государства и региона. – 2022.
-
Назаров Қ. Ўзбек фалсафаси. – Т.: Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти, 2013.
-
Оллоёров М. Самарқанд шаҳрининг умумбашарий маданий тараққиёт тарихида тутган ўрни // Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейига бағишланган халқаро илмий симпозиум материаллари. – Тошкент – Самарқанд: Фан, 2007.
-
Розенфельд Б.А. Влияние самаркандской школы Улугбека на развитие математики и астрономии за пределами Средней Азии // Из истории науки эпохи Улугбека. – Т., 1979.
-
Синергетика – 2: назария ва амалиёт. (Масъул муҳаррир: проф. Тураев Б.О.). Монография. – Т.: Фан зиёси, 2022.
-
Темур ва Улуғбек. – Т.: Қомуслар бош таҳририяти. 1996.
-
Тураев Б.О., Ризаев И.И. Особенности проявления искусственного интеллекта в бытии человека //Новые информационные технологии и системы (НИТиС-2022). – 2022.
-
Тураев Б.О., Ризаев И.И. Синергетическое мышление в современном понимании //Культура и антикультура. – 2022.
-
Улуғбек. Зидж Курагони. Рукопись института Востоковедения АН Уз // Материалы по истории прогрессивной общественно-философской мысли в Узбекистане. – Т., 1976.
-
Файзуллаев А. Вопросы познания в “Зидж”е Улугбека // ОНУ, № 3. – Т., 1969.
-
Фалсафа: қомусий луғат. – Т.: Шарқ, 2004.
-
Қори-Ниёзий Т.Н. Улуғбек ва унинг илмий мероси. – Т.: Ўзбекистон.
-
Қулматов Ш., Бердимуродов А. Самарқанд ёдгорликлари. – Самарқанд: ИБХМ, 2017.