Аллоҳ берган беҳисоб неъматлари ичида энг улуғларидан бири тинчлик ва хотиржамликдир. Албатта бу дунё синов дунё. Унинг синовларидан омонда ўтиш учун ҳамма нарсага шукр қилиб сабр билан яшаш лозим. Ҳақиқий мўмин доимо борига шукр, йўғига сабр билан яшайди.
Юртимизда аста секин ҳашаматли иморатлар қад кўтара бошлади. Собиқ тузумдаги тартибсизликларга барҳам берилди. Жанозаларга мансабдор шахларнинг бормасликлари бекор қилинди яъни барча инсонлар вафот этган мўмин-мусулмонларни жанозаларига бемалол бориб қатнашиб, ўтганлардан ибрат олиб, уларни охирги манзилларига гўзал тарзда кузатиб қўйишлик йўллари очилди. Дин эркинлиги кафолатланди. Ҳозирги кундаги тинч ва осуда ҳаётимиз, шодон ўғил-қизларнинг мафтункор табассумлари, улуғ ва табаррук ёшдаги отахон ва онахонларимизнинг шукрона дуоларини ҳавас қилса арзигулик десак муболаға бўлмайди.
Ҳалқимиз босиб ўтган қийинчилик йўли тугаб, мурод мақсадлар эшиги очилган бўлса не ажаб. Аммо шоли курмаксиз бўлмаганидек, айрим инсонлар юртимизнинг мана шундай осуда, тинч кунларига ҳам шукр қилишмайди, қачон қарама нолигани нолиган ёки бўлмаса ёмон ниятларда ғараз билан, ҳасад билан қарашади. Мана шу ўринда барча инсонларни тафаккурга чорлаймизки, азизлар яратган Роббимиз Аллоҳ бизларга беҳисоб неъматларни берса-ю биз бу неъматларни шукрини, ҳам тилимиз билан ҳам амалда бажариб, адо қилиб боряпмизми. Қанчадан қанча бидъат ва ҳурофот, фитна ва қийинчиликларни ўзимиз пайдо қилиб олмаяпмизми? Бу берган неъматларига ношукрчилик қилсак Аллоҳ бизларга қандай муносабатда бўлади. Шукр қилиш инсоннинг энг гўзал фазилатларидан-ку. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: “Яна Роббингиз эълон қилган бу сўзларни эслангиз, Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта, уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангизлар, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир -деб мархамат қилган. (Иброҳим сураси 7-оят).
Демак барчаларимиз Аллоҳнинг берган неъматларини шукрини адо этиб ва Аллоҳни раҳматидан умидвор бўлиб доимо Аллоҳга ҳамд айтиб боришлигимиз зарур бўладики, Саид ибн Жубайрдан (р.а) ривоят қилинади, у киши: Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир–деганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в) Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун Аллоҳга ҳамд бўлсин деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади–дедилар. Баъзи тобеиънлардан ривоят қилинади, Кимда неъматлар кўриниш бериб кўпайса, Аллоҳга ҳамд ва зикрни кўпайтирсин. Кимнинг ғамлари кўпайса, истиғфорни кўпайтирсин. Кимга камбағаллик ёпишса, ла-а ҳавла ва ла-а қуввата илла-а биллаҳил аълиййил аъзийм ни кўп айтсин. Пайғамбаримиз (с.а.в): Агар таомда тўрт нарса бўлса, мукаммал бўлади: ҳалолдан бўлса, ейилаётганида Аллоҳ номи зикр қилинса, шу таомдан ейдиган қўллар кўп бўлса, ейилгандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтилса-дедилар.
Аллоҳга шукр, жаннатмакон юртимиз дунё ҳавас қиладиган ўлкалардан. Осмони мусаффо, сувлари зилол, ҳалқи эса меҳмондўст, меҳнаткаш ва Ватанпарвар. Энг асосийси, бу диёримиз дунёга донғи кетган улуғ олим ва мутафаккирларга бешик, илму маърифатга эшик бўлган. Албатта бундай юртни севиш, эъзозлаш, улуғлаш ва турли ёмон кучлардан юртимиз шаънини асраш ҳар бир юртдошимизнинг муқаддас бурчи бўлиши лозим. Ҳақиқий Ватанпарвар мўмин инсон она ватанини қуруқдан-қуруқ севибгина қолмай, унинг равнақи, ободлиги ва дахлсизлиги учун курашади ҳам.