“Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот лойиҳаси доирасида 5 декабрь куни Қашқадарё, Навоий, Андижон ва Тошкент вилоятларида ўтказилган тадбирлар зиёлиларда катта қизиқиш уйғотди. Лойиҳа халқни бирдамликка, маънавий янгиланишга ундаб, улкан мақсадлар сари йўналтиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Қашқадарё вилоятида ташкил этилган учрашувларда тарихий меросга янгича – ҳушёр ва холис назар билан қараш, қадимий ва замонавий билимларни уйғунлаштириб, ёшларга етказиш муҳимлиги ҳақида сўз борди. Зиёлилар ва ёшлар орасида маънавий етуклик ва барқарорликни таъминлаш йўллари муҳокама қилинди.
Навоий вилоятидаги тадбирларда асосан ёшларни замонавий фан ва технологияларга қизиқтириш, уларни мустақил фикрлаш ва инновацион ғоялар ижодига рағбатлантириш ҳақида сўз борди. Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнида ҳар бир ўғил-қизнинг ўз ўрни ва ҳиссасини англаб етиши учун турли маҳорат дарслари ўтказилди.
Андижон вилоятида ўтган учрашувлар ҳам маданий ва маърифий тус олди. Уларда бугунги кунда жамиятнинг маънавий салоҳиятини янада юксалтириш учун оилавий қадриятлар, миллий урф-одатлар ва уларнинг замонавий жамиятдаги ўрни каби масалалар тилга олинди. Ёшлар билан китобхонликни тарғиб қилиш ва маънавий бойликни оширишга қаратилган учрашувлар ўтказилди.
Тошкент вилоятида “Маърифат карвони” тадбирлари ҳудуднинг инновацион имкониятларини намоён қилишга йўналтирилди. Ёш олимлар, тадбиркорлар ва ижодкорлар иштирокидаги анжуманларда маънавий-маърифий ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган амалий тадбирлар юзасидан келишиб олинди. Шунингдек, давлат ва жамият ўртасидаги ишончли мулоқотни ривожлантириш йўналишида билдирилган фикрлар алоҳида эътироф этилди.
“Маърифат карвони” лойиҳаси нафақат илмий-маърифий аҳамиятга эга, балки жамиятдаги ҳар бир инсонни зиёлилар ёрдамида буюк мақсадлар сари йўналтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Бу жараёнда маънавият, билим ва ҳамжиҳатлик асосий куч бўлиб хизмат қиляпти.