Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратди ва унга жуфти-ҳалол берди оқибатда оила вужудга келди. Дарҳақиқат, оила муқаддас ва жамиятнинг бир бўлаги саналади. Оила мустаҳкамлигини таъминловчи омиллардан бири шубҳасиз бу фарзанддир. Турмуш қуришдан асосий мақсад ҳам насл давомийлигини таъминлаш, яъни зурриёт қолдиришдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтадиларки, “Оила қуринглар, кўпайинглар, охиратда умматимнинг кўплиги билан фахрланаман” – деганлар.(Имом Бухорий ривоти).
Оилада фарзандларни қандай инсон бўлиб шаклланишида биринчи навбатда ота-онанинг ўрни беқиёсдир. Шундай экан фарзанд тарбия қилаётган ота-оналар одоб-ахлоқи гўзал, иймони саломат, қисқа қилиб айтганда фрзанд тарбия қилиш учун ҳар жиҳатдан тайёр бўлишлари лозим. Оилада фарзандни тарбиялаш уч босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқич – муносиб жуфт-ҳалол танлаш. Турмуш қураётган икки ёш ҳам дину диёнатли, одоб-ахлоқли, тақводор ва оила қуришга муносиб бўлишлари керак. Иккала ёшга шаръий никоҳ ўқилганидан кейин улар бир бирига жуфт-ҳалол ҳисобланади ва улар Аллоҳга шукрона намоз ўқишлари керакки, чиройли оила ва тақводор жуфт-ҳалол берганлиги учун. Ва Аллоҳ таолога дуо қилинади Аллоҳим бизларга иймон-этиқодли, тақводор, ислом динига хизмат қиладиган ўзимизданда чиройли, ўзимимзданда ақлли солиҳ ва солиҳа фарзандлар бергин деб, Аллоҳдан сўралади. Шу тариқа фарзанд тарбиясининг дастлабки босқичи амалга оширилади. Қуръони каримда солиҳ фарзандни, авваламбор, у ҳали ҳомилага айланмай туриб дуода сўраш ҳақида оят-ибратлар келган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади. “Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитгувчидирсан”. “Оли Имрон сураси 38 ояти” Аллоҳ бу оятда ўз бандаларига пок ният ва юксак келажакни орзу қилиб, эртанги кун ворисини Ўзидангина сўрашни ўргатмоқда.
Иккинчи босқич – ҳомила давридаги ҳалол луқма ва парвариш. Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси она қорнидан бошланади. Чунки бўлғуси она ҳомиладор пайтда ҳалол луқма танаввул қилмоғи, мулойим сўзламоғи чиройли ва гўзал нарсаларга қарамоғи, Қуръон тиловати эшитмоғи агар имкони бўлса, ёддан тиловат қилмоғи мақсадга мувофиқдир. Энг муҳими эса, тўғрисўзликка ўта аҳамиятли бўлиши талаб этилади. Чунки туғиладиган фарзанд айнан онанинг вужудида унинг барча сифатлари ва руҳий ҳолати билан узвий алоқада ўсади. Онадаги ҳар бир жараённи ҳис этади, унинг сўзларини тинглайди. Бу борада улуғ кишиларнинг ота-оналари фарзандларига туғилишидан аввал қандай тарбия берганлари биз учун ибратдир. Ривоятларга кўра, Собит исмли йигит бир тишлам олмани эгасининг розилигисиз еб қўйиб, эгасидан розилик олиш учун чеккан уч йиллик машаққати, тақводорлиги мукофоти сифатида мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифадек улуғ олимнинг отаси бўлди. Бу воқеада катта ҳикмат ва олий ибрат бор.
Учинчиси босқич – фарзанд дунёга келган кундан бошлаб бериладиган чиройли тарбия. Фарзанд дунёга келгандан кейин энг аввало унга чиройли ва муносиб исм қўйишлик билан бошланади. Ундан сўнг она фарзандини озиқлантиришда тоза-озодалик билан озиқлантириши муҳим аҳамиятга эга, чунки болани покликка биринчи кунданоқ ўргатиш лозим. Бола ширинсўз бўлиб ўсиши учун тили чиққан онданоқ ширинсуханликка ўргатиб бориш зарур. Фарзанд бирор ёмон сўзни қўллай бошласа, унинг сўзларига айрим кишиларга ўхшаб завқланмасдан, аксинча, уни қайтариш, қўллаётган сўзи эса жуда ёмон эканини билдириш керак. Тили эндигина чиқаётган бола ён-атрофдагиларга тақлид қилади. Демак, оилада ҳамма бир-бирига чиройли ва хушмуомала бўлиши фарзанд тарбияси учун жуда муҳим саналади. Шундагина тарбияланаётган бола ҳам гўзал сўзлашув одобига амал қилиб улғаяди.
Фарзандни тарбия қилганда, унинг ёши ва савиясини инобатга олиш керак. Масалан, беш ёшгача болага подшоҳ каби муомала қилинади. Унга қўпол гапирилмайди, ёлғон гапирилмайди чунки болага ёлғон гапирилса у ўша ёлғонни дарҳол ўзлаштиради. Фарзандга ёлғон гапириш қандай бўлади? Масалан, фарзандингиз йиғлаган пайтда уни осонгина кўндириш учун унга фалон жойга олиб бораман, фалон нарсани олиб бераман деб, кейин ўша ваъда қилган нарсаларингизни амалга оширмасангиз, албатта, фарзанд бу ёлғонга ўрганиб боради.
Кейинги давр эса, бир оз қаттиққўллик ва интизомни талаб этади. Бу давр ўсмирлик пайти бўлиб, бола оқ-қорани айни шу даврда ажратади. Яхшиликка мукофот, ёмонликка жазо муқаррарлигини шу босқичда ўрганади. Ўсмирлик даврида фарзандни ҳар бир босган қадамини эътибордан четда қолдирмай, у ким билан юрипти, бўш вақтларини ким билан ва қай тарзда ўтказяпти, булар ҳақида ҳам жиддий назорат қилиши керак бўлади. Фарзанд тарбияси ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида “Кишининг ўз фарзандини чиройли одобахлоқ билан тарбиялаши ҳар қанча нафл садақа беришидан яхшироқдир”, дедилар (Термизий ривояти). Яна бошқа бир ҳадисларида “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди” деганлар, (Термизий ривояти).
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда баъзи бир ота-оналар ўзларининг моддий манфаатларини кўзлаб, фарзанд тарбиясига умуман аҳамият бермасдан бехавотир юрганлиги кўнглни хира қилади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, фарзандининг бахту камоли ва ҳаётда ўз ўрнини топишда ота-она дуоларининг ўрни беқиёс албатта, шунинг учун ҳар бир ота-она ўз фарзанди ҳаққига хайрли ва чиройли дуолар қилиши керак. Отаона фарзанди ҳақига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси қабул бўлишлиги Пайғамбаримиз ҳадисларда ҳам айтиб ўтилган. Жумладан, Абу Ҳурайра(розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, унинг олдига бир ота ўз ўғлидан шикоят қилиб келибди, шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у отадан, сиз ўғлингиз ҳақига яхши дуо қилармидингиз ёки ёмон дуо қилармидингиз, деб сўрайди ота эса, ёмон дуо қилишини айтади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у одамга ўғлингизни ўзингиз бузган экансиз, – деб жавоб беради. Демак, боланинг келажакда комил инсон бўлиб етишиши ёки жоҳил бўлишига отаонанинг дуолари катта аҳамиятга эга.
Шундай қилиб, фарзандга ўн саккиз ёшдан бошлаб дўст, керак бўлса сирдош каби муомала қилиш, фарзандни баркамол бўлиб, ҳаётда ўзининг мустақил фикрига эга бўлишига замин яратилган бўлади. Бу маълум маънода, охирги босқич бўлиб, ушбу даврда фарзандни қай даражада тарбия қилганимизнинг самарасини кўрамиз. Шу босқичгача яхши ёки ёмон тарзда амалга оширилган тарбия фарзанд умрининг охиригача ҳамроҳ бўлиб қолади.