Home / МАҚОЛАЛАР / ХАЛИФАЛИКМИ ЁКИ ПОДШОҲЛИК? (Маҳмуд Абдулмўмин  (Ҳизбуттаҳрир)нинг халифалик даъволарига раддия)

ХАЛИФАЛИКМИ ЁКИ ПОДШОҲЛИК? (Маҳмуд Абдулмўмин  (Ҳизбуттаҳрир)нинг халифалик даъволарига раддия)

Маълумки, Ислом дини аввалида мусулмонлар жамиятининг бошқаруви бевосита пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқарувларида бўлган. У зот вафотларидан сўнг мусулмонлар жамияти халифалар бошқарувига ўтди. Кейинчалик Ислом сарҳадлари кенгайиб халифалик ҳам турли ҳудудларга бўлиниб кетди ва алалоқибат мусулмон ўлкаларида номи халифалик, бошқарув тузуми мулкчиликка, маълум бир ҳудудларга асосланган подшоҳликлар вужудга келди.  Улар расман халифалик деб номлансада, аслида давлат бошқаруви подшоҳлик тузуми эди. Вақтлар ўтиши билан у давлатларни ҳам халифалик деб аталмай, ўз номи билан подшоҳлик, султонлик деб юритила бошланди. Аслида ҳам шундай бўлиши керак эди. Чунки, айтиб ўтганимиздек, у давлатлардан фақат халифалик деган номи қолган эди холос.

Ҳар бир тузум ва ҳар бир жамиятда бўлгани каби кейинчалик бундай давлат бошқарувларидан норози бўладиганлар пайдо бўла бошлади. Улар ўз норозиликларини жамиятда халифалик бошқарувини жорий қилиш ғояси асосида изҳор қилишдилар, ҳато бу ғоя ортига ўзларини ғаразли мақсадларини яширдилар. Улар Ислом тарихини энг гуллаб яшнаган даври халифалик бошқарувини яна амалда қайта жорий қилиш ва шу орқали гўёки мусулмонларни ягона бир давлатга бирлаштириб, қудратли халифалик давлати тузиш даъволари остида турли хил фитнали ҳаракатлар, уруш ва хунрезликларни амалга оширдилар. Бу даъво остида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар қони, хоссатан тинч аҳоли, болалар, аёллар, қариялар қони тўкилди, мусулмон халқлари яшайдиган обод ўлкалар вайрон бўлди.  Бунга яқин ўтмиш ҳам гувоҳ. Шахсияти номаълум бир гуруҳ кимсалар томонидан халифалик бошқарувига қайтиш даъволари, шуни сабаб қилиб жиҳодга чорлаш интернет саҳифаларида ҳозир ҳам тез-тез кўзга ташланиб туради. Ҳолбуки, халифалик ва у даврга қайтиш даъволари айрим тоифаларнинг ҳокимиятни эгаллаш йўлидаги асосий ғоявий қуролига айланиб улгурган. Уларнинг бу даъволарига қарши чиққан ҳар қандай киши, ҳатто ислом динининг забардаст уламолари ҳам ҳеч иккиланмасдан кофирга чиқарилиб, имкон топилганлари ўлдирилди. Ҳолат бу умматнинг олимлари ҳатто аёллари ва болалари ўлдирилиш  даражасигача етиб келган бўлсада, ҳали ҳануз уларнинг тузоғига тушаётганлар топилмоқда. Ҳолат шу даражага келган бўлсада ҳали ҳануз халифалик масаласи ислом динига эътиқод қилувчи мусулмон халқлари орасидаги айрим жоҳил кимсалар учун баҳсли масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Аслида уларнинг бу даъволари ислом дини ақидаларига, манбаларига нечоғлик мос келади? Халифалик нима, подшоҳлик нима? Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида у даъволарга муносабат қандай? Бу каби саволларга жавоб топиш, асл ҳақиқатни англаб етиш учун  оят ва ҳадисларга мурожаат қилиб, уларни кенгроқ шарҳлаб хулосани сизга ҳавола қиламиз. Бундан мақсад бундай даъволарни кўтариб чиққанларга  раддия эмас, асл ҳақиқатни англаб етказишдир. Шу сабабли холисона туриб манбаларга мурожаат қиламиз.

“Халофа, халифа” – (الخلافة)сўзи луғатда “ўринбосар” маъносини англатади. Қуръони каримнинг Бақара[1] ва Сод сурасида[2] “халифа” сўзи зикр қилинган. Ушбу  суралардаги оятлар мазмунидан келиб чиқиб, халифа ўз нафсини жиловлай олган, ер юзида бузғунчиликни ҳар қандай кўринишига ва ноҳақ қон тўкишга мутлақо қарши бўлган киши деб ҳам таъвил қилиш мумкин бўлади. Демак, халифа аввало ўзини тақводорлиги билан халқ орасида танилган, Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида ер юзини ислоҳ этадиган, адолат ва ҳақиқат билан ҳукм юргизадиган, халқлар орасида эзгуликни тарқатадиган кишидир.

Амалда эса бу сўз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг у зотнинг ўрнига дин ва дунё ишларини бошқариш учун сайланган кишига нисбатан айтилади.[3] Халифаликка  сайланиш учун қуйидаги шартлар топилиши шарт қилинган[4]; илм, адолат, халқни ҳимоя қилиш ва душманга қарши туришга қодирлик, ҳам жисмонан, ҳам маънан соғломлик, Қурайш қабиласидан бўлиш[5]. Халифаликка келиш юқорида кўрсатилган шартлар билан бир қаторда омма томонидан сайланиш ва байъат қилиш орқали амалга оширилган.

Энди халифалик бошқаруви ҳақида манбаларда келган далиллар –  Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларига мурожаат қиламиз:

6943 – أخبرنا أبو يعلى حدثنا علي بن الجعد الجوهري أخبرنا حماد بن سلمة عن سعيد بن جهمان، عن سفينة قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلم يقول : الخلافة بعدي ثلاثون سنة ثم تكون ملكا . قال : أمسك خلافة أبي بكر رضي الله عنه سنتين و عمر رضي الله عنه عشرا و عثمان رضي الله عنه اثنتي عشرة و علي رضي الله عنه ستا.  قال علي بن الجعد : قلت لحماد بن سلمة : سفينة القائل : أمسك ؟ قال : نعم . إسناده حسن. [6]

Сафина розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Мендан сўнг халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳликлар бўлади”, деб айтаётганларини эшитдим. Абу Бакр халифалиги икки йил, Умарнинг  халифалиги ўн йил, Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалиги ўн икки йил ва Али розияллоҳу анҳунинг халифалиги олти йил давом этди, деди. Ровийлар санадидаги Али ибн Жаъд: Ҳаммод ибн Саламадан: Охирги сўзни Сафина айтганми? деб сўрадим, деди. Ҳаммод: Ҳа, деб жавоб берди. Санади ҳасан ҳадис.

Аввало халифалик нима, подшоҳлик нима? Улар орасидаги фарқни тушуниб олайлик.

Халифалик – дин манфаатлари асосида фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишдир. Яъни, халифалик давлати ўзида ислом дини аҳкомларини жамиятга татбиқ этган ҳолда фуқароларининг ҳуқуқий ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилади. Бошқа давлатлар билан дипломатик алаоқалар ўрнатиш замирида энг биринчи мақсад уларга ислом динини етказиш, таклиф қилиш ётади. Дунёвий ишларда, бошқа давлатлар билан турли сийёсий ва тижорий, ижтимоий битимлар тузишда ҳам, гарчи ўз зарарига бўлса ҳам Ислом дини  аҳкомларига қатъий равишда амал қилади. Бунга мисоллар жуда кўп. Биз буни Умар ибн АбдулАзиз халифалиги даврида Самарқанд шаҳрини  фатҳ этилиши мисолида ҳам кўришимиз мумкин.[7] 

Подшоҳлик – ҳар бир давлат ўз манфаатлари асосида фуқаролари манфаатини ҳимоя қилишига айтилиб, унинг кўринишлари подшоҳлик, султонлик, қироллик, президентлик бошқаруви шаклларида бўлади. Яъни, ҳар бир давлатнинг ҳукумат раҳбари маълум бир шахсларни (қироллик ва унинг оиласини), ёки  ўша давлат фуқароларини ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш асосида иш юритади. Атрофдаги давлатлар билан ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз манфаатини кўзлаб дипломатик алоқаларни ўрнатади, ундаги ҳукумат ҳеч қачон ўз давлати ва фуқаролари манфаатига зид равишда ташқи алоқаларни ўрнатмайди. Ҳукумат раҳбарлигига келиш мерос сабабли, омма томонидан сайланиш орқали ёки зўрлик билан ҳукумат тепасига келиш орқали юз бериши мумкин.

Ҳадиснинг маъносига қайтамиз. Ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларидан сўнг мусулмонларда давлат бошқаруви халифалик кўринишида  ўттиз йил давом этиши, ундан сўнг халифалик бошқаруви тугаб бошқарув подшоҳлик шаклида бўлиши таъкидламоқда ҳамда давлат тузуми ўша тузумда бўлиши маъқул эканлигига ишора қилмоқда. Биз эътибор қилишимиз лозим бўлган яна бир жиҳат мавжуд бўлиб, у бугунги кунда халифалик давлатини қуришни даъво қилаётган кимсалардир. Уларнинг бу сўзлари ушбу ҳадисга номувофиқ, аксинча Расулуллоҳ сўзларига қарши зид сўздир.

Бу ерда ростгўйларни энг ростгўйроғи бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “мендан кейин халифалик ўттиз йил”, яъни ундан сўнг ҳеч қанақа халифалик бўлмайди, деб “ёлғон” гапирдиларми ёки халифалик қурамиз деб мусулмонларни қўйнини пуч ёнғоққа тўлдираётганларни даъвоси ботилми? Ўз-ўзидан маълумки, пайғамбаримиз ҳеч қачон ёлғон ёлғон сўзламаган. Аммо шундай бўлсада бу даъвони кўтариб чиқаётган, таъбир жоиз бўлса Пайғамбаримизни юқорида айтган сўзларини инкор қилиб, у зотни ёлғончига чиқараётган кимсаларга эргашаётганлар ҳам топилиб турибди. Ундай кимсаларга айтадиган сўзимиз; Диндош биродарим, кўзингизни очинг! Кимларга эргашаётганингизга бир қараб мулоҳаза қилиб кўринг! Нима учун уларга уламолар эргашмаяпди? Нима сабабдан умматнинг хизматини қилиб келган уламоларни улар кофирга чиқаришмоқда? Улар халифалик ва жиҳод каби исломни муқаддас шиорларини ўзларига ниқоб қилиб фақат мусулмон бўлган халқлар истиқомат қилаётган юртларда уруш оловини ёқишаяпти? Уларнинг бу даъволари ортида нима турибди? Бу каби саволлар жавоби юзлаб, минглаб саҳифани ташкил қилади. Ислом тарихида бўлган хаворижлар ва ундан бошқа адашган оқимларда бўлгани каби ҳозирги даврда ҳам халифалик даъвосини кўтариб чиқаётган адашган оқимларнинг асл мақсадлари ҳам мусулмонлар манфаатидан бошқа нарса эканлигини дунёнинг нуфузли уламолари таъкидлашмоқда.  Ҳар бир мўмин мусулмон киши уларнинг ботил даъволаридан огоҳ бўлиб ўзи ва масъул бўлганларини бундай кимсалар алдовига илиниб нотўғри йўлга кириб қолишдан сақланиш чораларини кўриши керак.

[1] Оятнинг тўлиқ кўриниши:
وَإِذْ قَالَ رَبُّكَ لِلْمَلَائِكَةِ إِنِّي جَاعِلٌ فِي الْأَرْضِ خَلِيفَةً قَالُوا أَتَجْعَلُ فِيهَا مَنْ يُفْسِدُ فِيهَا وَيَسْفِكُ الدِّمَاءَ وَنَحْنُ نُسَبِّحُ بِحَمْدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَ قَالَ إِنِّي أَعْلَمُ مَا لَا تَعْلَمُونَ  
“(Эй, Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, – деган сўзини эсланг, шунда (фаришталар): “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз”, айтдилар. …..” Бақара, 2/30.
[2] Оят мазмуни ќуйидагича:
 يَا دَاوُودُ إِنَّا جَعَلْنَاكَ خَلِيفَةً فِي الْأَرْضِ فَاحْكُمْ بَيْنَ النَّاسِ بِالْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعِ الْهَوَى فَيُضِلَّكَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ إِنَّ الَّذِينَ يَضِلُّونَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ لَهُمْ عَذَابٌ شَدِيدٌ بِمَا نَسُوا يَوْمَ الْحِسَابِ 
“Эй, Довуд! Дарҳақиқат, Биз сени ерда халифа қилдик. Бас, сен (нафсу) ҳавога эргашиб кетмагин! Акс ҳолда, у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур. Албатта, Аллоҳ йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб кунини унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир.” Сод, 38/26.
[3] Ваҳба аз-Зуҳайлий. Фиқҳу-л-исломийи ва адиллатуҳу. Дорул-фикр. Дамашқ. 8-жуз. –Б 468.
[4] Имом Саъдуддин ат-Тафтазоний сўзи. Муҳаммад Рашид ибн али Ризо. Мажаллату-л-минор. 27-жуз. –Б 208. / Аршифу мултақо аҳлил-ҳадис. 3-жуз. –Б 337.
[5] Халифаликка номзод қурайш қабиласидан бўлиши кераклиги ҳадис билан далилланган. Аммо уламолар бу ҳадисни саҳиҳ эмас, дейишади.
[6] Абу Ҳотим Муҳаммад ибн Ҳиббон. Саҳиҳ ибн Ҳиббон би тартиби Ибн Булбон. 15-жуз. –Б 392. 6943-ҳадис.
Нодир Қобилов,
 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот  маркази илмий ходими

Check Also

МАЗҲАБДА БЎЛИШ ВОЖИБ

Ислом оламида кўп асрлардан буён фаолият юритиб келаётган ҳанафий, шофеъий, ҳанбалий ва моликий мазҳабларининг ҳақ …