21 ноябр куни Ўзбекистон Файласуфлари ассоциацияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Alfraganus университети ҳамкорлигида “Фалсафа ва инсоният: ўтмиш, ҳозирги замон, келажак” мавзусида илмий-назарий семинар ўтказилди.
Ноябрь ойининг учинчи пайшанбасида нишонланадиган “Жаҳон фалсафа куни” муносабати билан ташкил этилган анжуман фалсафий тафаккурнинг жамият ривожига таъсирини ўрганиш, инсон муаммоларига замонавий фалсафий ёндашувларни ишлаб чиқиш ва башарият келажагини янада яхшилаш учун илмий мулоқот муҳитини шакллантириш мақсадларига қаратилди.
Семинар офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилиб, унда мамлакатимиз ва чет эллардан таниқли олимлар, илмий жамоатчилик вакиллари, тадқиқотчи ва ёш фалсафашунослар қатнашди.
Анжуманда инсоният олдида турган мураккаб муаммолар, олиб борилаётган замонавий фалсафий тадқиқотлар ва келажакдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар томонидан жаҳон ҳамжамиятидаги экологик, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар фалсафий таҳлил этилиб, инсон сийратининг ахлоқий ва маънавий асослари, унинг ҳаётидаги маъно ва қадриятлар, сунъий интеллект ва илғор технологияларнинг кишилик жамиятидаги роли ва ахлоқий қадриятларга таъсири, Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш, инсон ва табиат муносабатларини фалсафий ва амалий нуқтаи назардан ўрганиш масалаларига оид аниқ ва амалий фалсафий қарашлар билдирилди.
Тадбир якунида фалсафий тафаккурнинг инсон ҳаёти ва жамият ривожидаги аҳамиятини янада оширишга оид муҳим илмий-амалий хулосалар ишлаб чиқилди. Анжуман илмий материаллари тўплам шаклида нашр этиладиган бўлди.