Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / Миср нашри эътирофи

Миср нашри эътирофи

Мисрдаги Ал-Азҳар университетининг “Савтул Азҳар” (“Ал-Азҳар овози”) газетасида “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Имомнинг иккита нодир китобини ўзбек тилига таржима қилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Нашрнинг шу йил 23 октябрдаги 1288-сонида “Ўзбекистон тарихида илк бор” эпиграфи остида чоп этилган мақолада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг ўзбек тилига ўгирилган “Халқу афъолил ибод” ва “Китобуз зуафоис сағир” номли китоблари ҳақида сўз боради.  

Мақола муаллифи Лутфий Атийя мазкур асарларнинг мазмуни, илмий қиймати ва ислом илмларидаги ўрни ҳақида маълумотлар келтириб, уларнинг таржимаси Ўзбекистонда ислом меросини сақлаш ва янада кенгроқ ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлганини таъкидлайди. Мазкур асарлар ислом илмларига оид китоблар орасида энг ишончли, салоҳият жиҳатидан энг мўътабарлардан экани, уларнинг таржимаси эса Имом Бухорий илмий меросини ўзбек халқига янада яқинлаштиришга алоҳида урғу берилган. Шунингдек, бу таржималар ислом илмларини тушуниш ва уларни замонавий шароитларда қўллаш учун муҳим ресурс бўлиши мумкинлиги эътироф этилган.

Мақолада халқаро марказ директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиевнинг Имом Бухорий асарларида илм-фан, ахлоқ ва диний масалалардаги асосий қадриятлар тарғиб этилганига оид фикрлари ҳам баён қилинган. Унинг мулоҳазалари сирасида “Китобуз зуафоис сағир” заиф ровийлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олса, “Халқу афъолил ибод” асари ақидавий ва фиқҳий мавзуларни ёритишда асосий манба бўлиб хизмат қилиши,  бу китоблар фиқҳ, ақида ва фатво масалалари бўйича ҳадисларга асосланиб ҳукм чиқаришда дастуриламал бўлиши қайд этилган.  

Мақола охирида муаллиф бу ишлар фақатгина диний билимларни эмас, балки маданий меросни ҳам сақлашга, ислом тарихи ҳақида тўғри маълумот бериш, ҳалоллик ва самимият туйғуларини шакллантиришда илмий асос бўлиб, ёшларнинг илмга иштиёқини оширишга ҳисса қўшишини таъкидлаган.

Ислом оламининг нуфузли нашрларидан бири ҳисобланган “Ал-Азҳар овози” газетаси ҳафтанинг чоршанба куни Миср Араб Республикаси Бош имоми, “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, доктор Шайх Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳомийлигида чоп этилади.  

Манба: uza.uz

Check Also

Алломалар илмий мероси чин моҳиятни англатади

Айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот …