Мазҳаб сўзи луғатда “йўл”, “йўналиш” маъноларини англатса, истилоҳда шаръий далиллардан фатволар чиқаришда махсус усул ва қоидаларга таяниб иш кўрган мужтаҳиднинг йўлига айтилади. Маълумки, Ислом оламининг аҳли сунна тоифаси ичида тўртта фиқҳий мазҳаблар мавжуд. Улар Ҳанафий, Моликий, Шофиъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир.
Табиийки, бир шаҳар аҳолиси мазҳаби билан бошқа шаҳар аҳолиси мазҳаби ўртасида жузъий фарқлар мавжуд эди. Бунинг сабаби, фатво берувчи саҳобаларнинг ҳаммаси ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадислардан бирдек хабардор эмас эдилар. Қолаверса, уларнинг илмий салоҳиятлари ҳам, ижтиҳодий йўналишлари ҳам бир хил эмас эди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” деган муборак ҳадисни айтганлар ва бундан айнан мана шу хилдаги тафовутни назарда тутганлар.
Бу ҳақиқатни халифа Жаъфар Мансур ва Имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, Имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Жаъфар Мансур Имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: «Яқин орада мен билан сендан илмлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен мана бу иш ила машғул бўлиб қолдим (яъни, халифалик). Сен одамларга диний ишларини енгиллаштириб берсанг «, деди. Имом Молик рози бўлдилар ва «Муватто» китобини таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида «Муватто» китоби билан танишган халифа Жаъфар Мансур қойил қолди ва Имом Моликка: «Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман», деди. Имом Молик: «Йўқ, ундай қилманг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди», дедилар.
Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, Имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам Ислом оламининг турли жойларида фиқҳ уламолари етишиб чиқа бошладилар.
Забардаст уламолар томонидан саҳобий ва тобиъйинларнинг фатволари жамланиб, уларни таҳлил қилиш орқали янги мазҳаблар вужудга келди ва бу мазҳаблар мазҳаб соҳибининг номи билан атала бошланди. Хусусан, Куфада Ҳанафий, Мадинада Моликий, Мисрда Шофиъий ва Бағдодда Ҳанбалий мазҳаблари пайдо бўлди.
Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб эгалари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлишган. Масалан, Абу Ҳанифа Имом Молик билан кўришган, Имом Молик Имом Шофиъийга устозлик қилган, Имом Шофиъий эса Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан билан бевосита мунозаралар қилган. Шунингдек, Имом Шофиъий Аҳмад ибн Ҳанбалга устозлик қилган. Лекин шунга қарамай, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган. Тўрт имомлар орасидаги хилоф уларнинг илм ва фаҳмдаги ихтилофларига боғлиқдир. Улардан тўғри топганларига икки ажр, хато қилганларига бир ажр бордир.
Имом Шофиъий Имом Молик ҳақида: “Молик менинг муаллимимдир, илмни ундан ўрганганмиз”, деган эди.
Имом Аҳмад Абу Ҳанифанинг бош шогирдларидан бўлмиш Имом Абу Юсуфдан дарс олганлар. Имом Аҳмад Маккада Имом Шофиъийдан дарс олдилар. Имом Шофиъий Бағдодга келганларида ораларидаги алоқа яна ҳам мустаҳкам бўлди. Имом Аҳмад у кишидан кўпроқ таълим олишга ҳаракат қилдилар. Имом Шофиъий Мисрга кўчиб кетаётганларида Имом Аҳмад ҳам у киши билан бирга кетмоқчи бўлдилар-у, аммо шароит тўғри келмади. Имом Шофиъий Бағдоддан чиқаётиб: «Мен Бағдоддан чиқдим, энди бу шаҳарда Ибн Ҳанбалдан тақводорроқ ва фақиҳроқ одам йўқ», дедилар.
Имом Аъзам ҳақида бошқа мазҳаб соҳиби Имом Шофиъий: «Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифага қарамдирлар», деганлар. Имом Шофиъий Бағдодга келганида Абу Ҳанифанинг масжидида бомдод намозини ўқиш вақтида қунут дуосини ўқишдан ўзини тийган, у кишидан бу ҳақида сўралганида: “Ушбу қабрнинг соҳибига адаб сақлаш учун”, деган эди.
Бошқа бир мазҳаб соҳиб Имом Моликдан одамлар «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилло демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар.
Машҳур имом Абдуллоҳ ибн Муборак: «Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Сиёҳдон кўтарган ҳар бир кишининг зиммасида Шофиъийнинг ҳаққи бор», деган.
Бошқа бир мазҳабга кейинроқ асос солган имом Аҳмад ибн Ҳанбал у кишининг бош шогирдларидан ҳисобланади. Ўша вақтнинг уламолари Имом Шофиъийни тақдирлаб, илмларига қойил қолиб, имомликларини тан олдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Имом Шофиъийни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ бу умматга ҳар юз йил бошида унинг динини янгилайдиган кишини юборади», деган ҳадисларига биноан, ҳижрий иккинчи сананинг мужаддиди ҳисобланади», дедилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: “Мен қирқ йилдан бери намозларимда Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий учун дуо қиламан. Чунки фақиҳлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига у кишидан кўра эргашувчироқ бирор киши йўқ” дедилар. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал айтди: Мен отамга: “Шофиъий қандай одам? Сиз у киши учун кўп дуо қилганингизни эшитаяпман” дедим. Отам: “Эй ўғилчам, Шофиъий дунё учун қуёшдек ва инсонлар учун офиятдек эди. Ўйлаб кўргин, иккаласи учун ўринбосар ва эваз борми? дедилар.
«Табақотуш Шофиъийя» китобининг муаллифи Абул Осим Ибодий эса, Имом Шофиъий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қурайшни сўкманглар, унинг олими ер атрофини илмга тўлғизади», деган ҳадисларидаги «Қурайш олими»дир, деди.
Ушбу маълумотлардан билиб олдикки, барча мазҳабларнинг соҳиблари ўзаро илиқ муносабатда бўлган.