Бир ҳадис шарҳи
Ҳақиқий мусулмон қўшнисига эътиборли бўлиб, унинг ҳақ-ҳуқуқларини адо этади. Динимиз қўшнига яхшиликни савоб ва фазилатли амаллардан, ёмонлик қилишни эса гуноҳ қилиб белгилаб қўйган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ لِلنَّبِيِّ : يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ فُلَانَةً تَقُومُ اللَّيْلَ، وَتَصُومُ النَّهَارَ ، وَتَفْعَلُ، وَتَصَدَّقُ، وَتُؤْذِي جِيرَانَهَا بِلِسَانِهَا. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ: لَا خَيْرَ فِيهَا ، هِيَ مِنْ أَهْلِ النَّارِ. وَقَالُوا: وَفُلَانَةً تُصَلِّي الْمَكْتُوبَةَ، وَتَصَدَّقُ بِأَثْوَارٍ ، وَلَا تُؤْذِي أَحَدًا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ: «هِيَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл кечани қоим қилади, кундузи рўза тутади, яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларига озор етказади”, деб айтилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёлда яхшилик йўқ. У дўзах аҳлидандир”, дедилар. Бояги кишилар: “Фалончи аёл бўлса фарз намозларни ўқийди, пишлоқ садақа қилади, лекин бирор кишига озор бермайди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу аёл жаннат аҳлидандир”, дедилар” (Бухорий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган).
Бу ҳадисни Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу сўзлаб бермоқда, саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай деди: “Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл”, яъни саҳобалар у аёлни таниса ҳам, уни ошкор этишни истамаган. Чунки унинг ким эканини билишнинг ҳожати йўқ. Мақсад шу ишни қилганларнинг ҳукмини билиш бўлган. “Кечани қоим қилади”, яъни кечаси туриб таҳажжуд ўқийди, ибодат қилади. “Кундузи рўза тутади”, яъни нафл қилиб, Аллоҳга яқинлик учун рўзадор бўлади. “Бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади”, бу яхши амалларни кўп қилишига ишорадир. “Садақа беради”, яъни мол-мулкини Аллоҳ йўлида нафақа қилади. Буларнинг барчаси унинг тоат-ибодатдаги феъллари ва нафлларининг кўплигидан далолат беради. “Лекин тили билан қўшниларига озор етказади”, яъни шундай солиҳ ишларни қилиб юришига қарамай, қўшниларини ёмон сўзлар билан ҳақорат қилади, ор-номусига тегади. Бу ерда озорнинг турини тил билан бўлиши таъкидланган. Шунингдек, ёмонлик ва озорни камайтириб кўрсатиш учун тил билан деган сўз ишлатилган. Чунки хатти-ҳаракат билан озор етказиш ундан-да ёмондир. Қолаверса, қўшнига етказиладиган зарарнинг кўпи тил билан бўлади.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёлда яхшилик йўқ. У дўзах аҳлидандир”, дедилар”. У зотнинг айтган сўзларига эътибор беринг! Биринчиси, аёлнинг қўшнига тили билан озор беришдек хунук сифати бор. Шунинг учун унда яхшилик йўқ. Иккинчиси, қўшнига тил ёки бошқа йўл билан зарар етказиш дўзахга киришга сабаб бўлар экан.
Одамларга, айниқса қўшнига тил билан бўлса-да озор бериш, тоат-ибодатнинг кўплигига қарамасдан, савобини ювиб кетиб, фойдасиз ҳолга келтириб қўяр экан. Хатти-ҳаракат билан зарар беришни эса айтмай қўяверинг.
“Бояги кишилар”, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари: “Фалончи аёл бўлса фарз намозларини ўқийди, пишлоқ садақа қилади”, яъни фалончи кўп нафл ибодат қиладиган биринчи аёлдан фарқли ўлароқ фарз билан чекланади, арзимаган пишлоқ садақа қилади, “лекин бирор кишига озор бермайди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу аёл жаннат аҳлидандир”, дедилар. Бу унинг қўшнисига яхшилигининг баракасидан бўлиб, маъсият иш қилмаган. Чунки диннинг диққат маркази фарзларни адо этиш ва гуноҳлардан сақланишга қаратилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшни ҳақида қиёмат куни кўпчилик қўшнисининг бўйнига осилиб олиши ва “Эй Роббим, бу қўшним менинг юзимга эшигини ёпди ва яхшилигини ман қилди” дейиши, Аллоҳга ва қиёматга иймон келтирган киши қўшнисига яхшилик ва ҳурмат қилиши лозимлиги, ёмонлигидан қўшниси тинч бўлмаган кишининг жаннатга кирмаслиги, қўшни аёл қўшни аёлни ҳадя қилган оз миқдордаги нарсаси билан камситмаслиги, қўшниларидан қай бирига биринчи ҳадя бериш, қўшнига таом бериш, қўшниси оч бўлиб, қорни тўйган киши комил мўмин эмаслиги, Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳнинг биринчиси бир нарсани У Зотга тенг қилиш бўлса, иккинчиси таомига шерик бўлишдан қўрқиб боласини ўлдириш, учинчиси қўшнининг жуфти ҳалоли билан зино қилиш экани, қўшни аёли билан зино қилиш ўнта аёл билан зино қилишдан оғирроқ экани ва шунга ўхшаш кўп ҳадисларни айтиб, огоҳ этганлар. Динимизда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шунчалик кўп буюрилганки, ҳатто у зот бир ҳадиси шарифларида “Жаброил менга қўшнига яхшилик қилишга буюраверганидан уни меросхўр ҳам қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим”, деганлар. Демак, қўшнилар билан ҳар доим яхши муомалада бўлиб, уларга яхшилик қилишимиз динимиз кўрсатмаси экан.
Қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни ҳурмат қилиш нақадар зарур эканини доим ёдда тутишимиз лозим. Қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган киши дунё ва охиратда бахт-саодатга эришар экан.