Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий ва Ибн Синога тегишли нодир асарларнинг қадимий нусхалари Ар-Риёддан топилди

Имом Бухорий ва Ибн Синога тегишли нодир асарларнинг қадимий нусхалари Ар-Риёддан топилди

Имом Бухорий ва Ибн Синога тегишли нодир асарларнинг қадимий нусхалари Ар-Риёдда жойлашган Подшоҳ Фатҳ номидаги миллий кутубхонада экани аниқланди.

Саудия Миллий кутубхонаси бугун фондининг бойлиги, адабиётларнинг ноёб ва қадимий экани билан алоҳида ўринга эга. Унинг китоблар ва қадимий ҳужжатлар, артефактлар сақланадиган бўлимида 6 мингдан зиёд манба бор. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси мазкур кутубхонада юртимиз замини билан боғлиқ ноёб манбаларга дуч келди.

Биринчи тошбосма китоб Ибн Синонинг 1592 йилда Италияда нашр этилган «Тиб қонунлари» асари ва Имом Бухорийнинг ҳижрий 540 йилда кўчирилган «Саҳиҳул Бухорий» асари делегация аъзоларига намойиш қилинди. Айтиш жоизки, икки асар илмий жамоатчилик учун ғоят муҳим манбалар ҳисобланади ва аждодларимизнинг дунё тамаддуни, илм-фан ривожига қўшган бемисл ҳиссасини кўрсатади. Миллий кутубхонага ташриф давомида келгусида икки китобдан факсимиле нусха олишга келишиб олинди.

— Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий инновацион музейи экспозициясини яратишда халқаро ҳамкорлик ҳамда тажриба алмашиш масаласига алоҳида тўхталиб, муҳим топшириқлар берган эди. Бу вазифалар бугун фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқяпти. Саудия Арабистонига амалга оширилаётган сафар давлат раҳбари берган топшириқларни юқори даражада, сифатли бажаришга ёрдам беряпти. Хорижий мамлакатларга қилинадиган илмий сафарлар бугунгидек ноёб манбаларни аниқлашимизда ёрдам беряпти.

Ҳар икки китоб ҳам жуда қадимий. Шунинг билан бирга юртимиз алломаларининг жаҳон ва ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини ёрқин намоён этади. Биз ушбу китобларни тадқиқ этиш билан боғлиқ ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик. Бугун сафаримиз давомида қай бир манзилда бўлмайлик, улар Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларни, айниқса давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тарихни ўрганиш ҳамда илмий-маданий соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни эътироф этишяпти, деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳамда мазкур кутубхонанинг халқаро бўлими бошлиғи, бош менежер Абдулазиз Алзеер ва қўлёзмалар департаменти раҳбари Талал Алшамирс бир даврада ҳамкорликнинг кейинги босқичларини муҳокама қилишди.

Миллий кутубхона масъулларига сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳага катта эътибор берилаётгани, ана шу ишларнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилаётгани, унинг контентини янги мазмун билан бойитишда халқаро тажриба ўрганилиб, халқаро илмий ҳамжамият вакиллари билан мулоқот майдони ташкил этилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр этилган «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоб-альбомининг 20 жилди кутубхонага Ўзбекистон номидан туҳфа қилинди.

— Бизда кўплаб манбалар, нодир китоблар бор. Уларнинг энг мўътабарлари Мовароуннаҳр алломаларининг асарларидир. Биз айни вақтда мавжуд фондни каталоглаштиряпмиз. Илмий тадқиқ этишда эса, Бухорий авлодлари сифатида кўмагингиз лозим бўлади. Ўз навбатида, биз ҳам ҳар қандай ёрдамга тайёрмиз. Бу олиб борилаётган ишлар давлатингиз раҳбари ташаббуси ва хайриҳоҳлиги асосида бўлаётгани эса, бизни янада мамнун этди. Ўзбекистон илм аҳлига мулоқот қилиш ва исломнинг асл моҳиятини тушунишда платформага айланиб боряпти, — деди Қўлёзмалар департаменти раҳбари Талал Алшамирс.

Делегация аъзолари айни вақтда ўз ишини Подшоҳликнинг Жидда шаҳрида давом эттиряпти.

Элёр Гўрўғлиев,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мультимедиа бўлими бошлиғи
Манба: effect.uz

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …