Home / МАҚОЛАЛАР / ТАВБА ЎЗ-ЎЗИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ ОМИЛИ СИФАТИДА

ТАВБА ЎЗ-ЎЗИНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ ОМИЛИ СИФАТИДА

Ўта шиддатли ва зиддиятли тарзда кечаётган глобаллашув жараёни инсон моҳиятини чуқурроқ тадқиқ этиш орқали унинг бунёдкорлик салоҳиятидан янада унумли фойдаланишни тақозо этмоқда. Мураккаб ва сирли мавжудот саналган инсоннинг ютуқ ва имкониятларини, маънавий борлиғини мавжуд глобал муаммолар ечимига йўналтириш долзарб аҳамият касб этади. Ёзувчи Чингиз Айтматов «Одамлар ақл-идрок билан иш юрита бошлаган замонлардан буён ўзларини ўзлари англашга уриниб келмоқда. Бироқ ҳали ҳануз улар ўз чигал ишларидан сира қутулиб кетолмаяпти ва азал-азалдан нима учун ёвузлик доим эзгулик устидан ғолиб чиқади, деган жумбоқли муаммони ечолмаяпти» [1, 16-17], деганда, инсондаги ижтимоий беқарорликларни назарда тутган бўлса, ажаб эмас.

Инсон камолотида маънавий-ахлоқий тарбиянинг ўрни бениҳоя каттадир. Олий қадрият деб улуғланган маънавий қиёфани шакллантириш масаласи устида кўплаб тадқиқотлар олиб борилган. Уларга кўра, дунёдаги барча иллат, жиноят, уруш ва ижтимоий-сиёсий, экологик инқирозларнинг илдизини шахс маънавиятидан қидириш лозим. Чунки жами муаммоларнинг ечими ана шу нуқтада мужассамланган. Шунингдек, ижодкорлар шахснинг маънавий дунёси унинг иқтисодий ва молиявий ўпқонига тушиб бораётганидан, янги аср кишиси бутун борлиғи билан глобал иқтисодиёт ва инсоният учун ягона ҳукмдор бўлмиш бозорнинг қулига айланиб қолаётганидан хавотир билдирган [2].

Бугун одамзот бойиш васвасасида ялпи тус олган тақлид ва манманлик ўртасида овораю сарсондир. Ҳамма ерда ва ҳамма замонларда одми одамларнинг ҳаёти шунинг заминига қурилади. Каттаю кичик барча кулфатлар шундан ҳосил бўлади. Эътиқодлар ожизлиги, қарашларнинг қашшоқ ва ночорлиги ҳам шундан [1, 152]. Дарҳақиқат, бугун тақлидчилик, истеъмолчилик, қандай йўл билан бўлса ҳам кўпроқ моддий бойлик орттириш тенденцияси кучаймоқда. Улуғ аждодлар бундай вазиятдан илм воситасида ўзликни англаш, маънавиятни бойитиш, комил инсонни тарбиялаш орқали чиқиш мумкинлигини илмий жиҳатдан асослаб берган.

Бутун ҳаётини илму маърифатга бағишлаган улуғ аллома Абу Лайс Самарқандий (911-985) дунёни билиш, ҳаётни, инсон моҳиятини англашнинг туб масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Тафаккур, илм, билиш назарияларига фалсафий нуқтаи назардан, янгича ёндашган. ИХ асрда исломшунослар орасида инсон Аллоҳ таоло яратган мавжудот, тақдири аввалдан битилган, ўз ҳолича бирор нарсани амалга ошириши мумкин эмас, деган тушунча ҳукмрон эди. Абу Лайс Самарқандий эса, инсон Яратганнинг амрига бўйсунади, лекин ҳаётда унга жузъий ихтиёр – танлаш имконияти берилган. Шунинг учун у илм ва тафаккур асосида дунёдаги ўзгаришларни амалга ошириш қудратига эга бўлади, деган фикрни илгари сурган [3, 11]. Яъни, тақдирининг битилган экани уни бирор амалга мажбурламайди. Парвардигор ўз илми билан унинг қандай йўл тутишини олдиндан билиб, шундай битади, холос. Аслида танлов, ихтиёр – инсоннинг ўзида. Буни таниш асарни ўқиш, таниш кинофильмни кўришга қиёслаш мумкин: қаҳрамон нима иш қилишини биласиз, уни муқаррар ҳалокатдан қайтаргингиз келади, лекин у бошқа йўл тутади. Яъни, ихтиёр ўзида бўлади.

Инсон олган билими, орттирган турмуш тажрибаси заминида олижаноб, эзгу ниятларни амалга ошириш йўлларини изламоғи шарт. Зеро, ҳаёт йўлида у қилиши мумкин бўлган бирдан-бир улуғ иш – одамларга ҳақиқат ва яхшилик сўзини ўзи билган, англаган даражада етказиш. Одамнинг умри нима, деган саволга лўнда жавоб топиш мушкул. Чунки инсоний муносабатлар шунчалар турфа, табиати, феъл-атвори шунчалар ранг-баранг ва мураккабки, ҳатто энг мукаммал замонавий компьютер ҳам оддий инсон табиатининг умумий чизиғини ажратиб беролмайди. Бу эса инсонни ўрганишга қизиқишни яна ҳам кучайтиради. Улуғ аждодлар маънавий меросида ҳар бир инсон олдида одам бўлишдек муқаррар вазифа кўндаланг тургани таъкидланади, чунки келажак шундан яралади [1, 4].

Ислом динининг муқаддас манбаларига кўра одамларнинг аксар ножўя ишлари, гуноҳлари илмсизлик, жоҳиллик ва нафсга тобелик сабаб содир бўлади ва бундан тавба воситасида халос бўлинади. Гуноҳ Аллоҳнинг амрига хилоф равишда бирор амални қилиш ёки уни тарк этиш бўлиб, бундан халос бўлиш учун аввал уни билиш, англаш лозим.

Имом Ғаззолий гуноҳлар келиб чиқишига кўра рубубийлик (яратувчига хос), шайтонийлик, ҳайвонийлик ва ёввойилик каби тўрт сифатга бориб тақалишини маълум қилади. Инсон тийнати ҳар хил аралашмалардан қорилган ва уларннг ҳар бири ўз таъсирига эгадир.

Кибр, фахр, ғурур, мақтовни севиш, ҳаммадан устун бўлишни исташ, кабилар рубубийлик сифатларига иштиёқни қўзғайди. Барча гуноҳи кабиралар шу нуқтадан ёйилади ва у аксар жиноятларнинг онасидир.

Ҳасад, зулм-ситам, ҳийла, алдамчилик, фасод ва макрга буюриш, товламачилик, залолатга даъват қилиш кабилар шайтоний сифатлардан тарқалади.

Қизғанчиқлик, очкўзлик, жинсий ва қорин шаҳватини қондириш учун ҳирс билан ташланиш, ўғирлик, дунё орттиришга меҳр кабилар ҳайвоний сифатдан туғилади.

Ёввойилик сифати эса, ғазаб, нафрат, одамларга қўл кўтариш, сўкиш, ўлдириш, мол-мулкини зоэъ қилиш каби иллатларни пайдо қилади.

Барча гуноҳлар ушбу сифатлардан тармоқланиб, ёйилади. Бу сифатлар инсон фитратида аста-секин ҳаракатланиб бири иккинчисига йўл очади. Аввало ҳайвоний сифати ғолиб келиб, кейин унга ёввойилик сифатлари эргашади, улар бирлашиб, ақлни қаллоблик, маккорлик ва ҳийла йўлида ишлатувчи шайтоний сифатларни пайдо қилади [4, 62-63].

Кейин фахр, иззат, улуғлик ва буюкликни даъво қилиш, барчадан устунликни қасд қилиш каби рубубийлик сифатлари фитратни эгаллайди.

Тавба инсоният руҳиятининг энг улуғ неъматларидан бири сифатида унинг маънавий такомилида муҳим ўрин тутади. Тавба – бу ҳаёт тажрибаси кўпайган сайин ортиб борадиган виждон қиймати, инсон ақл-идроки томонидан тарбияланадиган неъматдир [1, 273].

Инсон нуқсондан буткул ҳоли эмас. У гуноҳ қилган заҳоти пушаймон бўлиб, унинг оқибатини дарҳол бир яхши иш билан ювиш орқали ўнглаши мумкин. Гуноҳни доимий тарзда такрорланиши қалбни кишанлаб қўяди ва ундан гуноҳ ўчмайдиган бўлиб қолади.

Имом Ғаззолий айрим ишларни авом кишилардан содир этса, кечирилишини, лекин шу орифу олимлар шундай қилса, кечирилмаслигини таъкидлайди [4, 121-126]. Бу ўз навбатида илмли, фозил кишилар зиммасига катта масъулият юкланганини, улар ҳар ишни чуқур тафаккур ила ҳал этмоғи лозимлигини англатади.

Алишер Навоий инсоннинг дунёга келиши ва яшашидан мақсад Аллоҳ таолодан омонат сифатида берилган покиза қалбни асраб-авайлаш ва умрининг поёнида асл ҳолида ўз Яратувчисига қайтаришдан иборат эканини таъкидлайди. Ножўя ишлар тавба воситасида ўнгланишини айтиб, «Тавба ёмон феъллар туфайли келадиган балонинг олдини олмоқдир [5, 46], ўз айбидан хабардор бўлмоқ, олдида турган йўлнинг хавфлилигини тушунмоқдир» [6, 85], дейди.

Инсонда пушаймонлик ҳисси, «Хатоимни ўнглайман» деган қасд, хоҳиш ҳам афсус-надомат туфайли юзага келади. Макони қалб бўлган «қасд»нинг замон жиҳатидан ҳозир, ўтмиш ва келажакка боғлиқлиги бор. Ким хатосини ўнглашни мақсад қилса, шу заҳоти, ҳозироқ гуноҳдан тўхташи ва фарз амалларни адо қилишга киришмоғи лозим. Банда ўз хатосини тузатишни дилига туккан экан, ниятининг амалий ижросида қатъий бўлса, ўтмиш хатоси албатта ўнгланади. Бу эса тавба шахснинг ўз-ўзинитакомиллаштиришомили, маънавийюксалишвоситасиэканиникўрсатади.

Тавбаси қабул бўлишини хоҳлаган инсон фикрини балоғатга етган илк даврига қаратмоғи, умрини йилма йил, ойма-ой, кунма-кун, борингки, ҳар нафасигача тафтиш этмоғи, гуноҳларини бир-бир эслаб, афсус-надомат билан астойдил тавба қилмоғи лозим [4, 131].

Имом Ғаззолий одамларни гуноҳни тарк этишга ундашнинг тўрт йўли борлигини айтади. Биринчиси гуноҳкор ва осийлар қалбига хавф солувчи оятларни зикр қилмоқ.

«У хоҳлаган кишиларни Ўз раҳматига (жаннатига) киритур. Золимлар учун эса аламли азобни тайёрлаб қўйгандир» (Инсон сураси 31-ояти)

Бу сирлардан баҳраманд бўлган киши Аллоҳ йўлидаги солиҳ банда учун самимий тавбанинг нақадар лозимлигини яхши англайди. Оқил киши нодир бир жавҳарга эга бўлсаю, унинг бир қисмини ҳеч фойдасиз зоэъ қилса, шубҳасиз у бунинг учун йиғлайди. Агар бу зоэъ қилиш унинг ҳалокатига сабаб бўлса, йиғи янада даҳшатлироқ тус олади [4, 44].

Гуноҳларни тарк этишга ундашнинг иккинчи йўли пайғамбарлар ва ўтмишдаги солиҳ кишилар ҳақида, гуноҳлари туфайли уларнинг бошига тушган мусибатлар тўғрисида ҳикоя қилишдир [4, 201]. Қалбларни титратиб, уларда чуқур из қолдирувчи бу ҳикояларнинг манфаати катта бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Тонг отиб, кун ёришган ҳар саҳар, кун ботиб, шафақлар йўқолган ҳар кеча борки, унда икки фаришта тўрт хил овозда бир-бирига дейди: »Кошки, бу халқ яратилмаса эди!» Бошқаси дейди: «Кошки, улар яратилганидан сўнг нима учун яратилганини билса эди!». Яна бири дейди: «Кошки, улар нима учун яратилганини билганидан сўнг, билганига амал қилса эди!» (Дайламий ривояти).

Баъзи ривоятларда: «Кошки, улар илм мажлиси қуриб, билганларини бир-бирига эслатса эди». Бошқаси дейди: «Майли, улар билганига амал қилмаган экан, кошки, қилган амалларига тавба қилса эди» [4, 198-199].

Кейингиси бу дунёда гуноҳлар учун бериладиган жазонинг тез келишига иқрорни инсонлар зеҳнида қарор топтиришдан иборат. Банда мусибатга йўлиқар экан, албатта, бу унинг бирор жиноятига жазо (каффорат) эканини уқтириш лозим [4, 203]. Гуноҳларнинг бу дунёда қашшоқлик, хасталик ва бошқа офатларга сабаб бўлиши ҳақида келган хабарлар кўп. Гуноҳкор киши нимага мубтало бўлса, бу унга жазо ва шу нарса уни ризқдан маҳрум қилади, бадбахтлик устига бадбахтлик келтиради.

Шундай экан, ҳадис шарифда келтирилган: «Ёмонликка уни йўқ қилувчи яхшиликни эргаштир» (Термизий ривояти) деган таъкидни гуноҳнинг каффорати сифатида талқин этиш мумкин.

Гуноҳларни тарк этишга ундашнинг тўртинчи йўли маст қилувчи ичкилик ичиш, зино, ўғирлик, одам ўлдириш, ғийбат, кибр, ҳасад каби гуноҳларнинг ҳар бири учун бериладиган жазоларни алоҳида-алоҳида эслатишдир [4, 207]. Жумладан, закотни тарк этиш, бирон жонни ўлдириш, мол-мулкка босқинчилик қилиш, ор-номусни топташ кабилар бандаларнинг ҳақларига тааллуқли гуноҳлардир. Бандаларнинг ҳақларига тажовуз қилган золимлар, то афв этилгунга қадар зулми учун ҳисоб беради. Уларнинг гуноҳлари тарк этилмайдиган (кечирилмайдиган) битикда қайд қилинган.

Хулоса қилиб айтганда, инсон илму маърифат воситасида камолот касб этади, жаҳолати миқдорида таназзул топади. Чунки илм олиш, кузатиш, ҳаётий тажриба тўплаш орқали жамланадиган ахборот воситасида туб сифат ўзгаришлари содир бўлади. Натижада у ўзининг феъл-атвори, иш фаолияти, ижтимоий муносабатларини танқидий таҳлил қилиб, тўғри ҳаётий хулосалар чиқаради. Тавба асосида турмуш тарзи ва ахлоқини тартибга солишга киришади. Ножўя ишларни такрорламасликка, нуқсонларини тузатишга қарор қилиб, такомилга юз тутади.

Фойдаланилган адабиётлар:

1.Айтматов Ч. Қиёмат. –Т.: Янги аср авлоди, 2018.

2. Шу соҳада ишлаётганимдан хижолатда юраман – тилшунос Бахтиёр Менглиев таълимдаги муаммолар ҳақида // https://oyina.uz/uz/article/2384 // «Тафаккур» журнали, 2023 йил 4-сон. «Зоҳиран тараққиёт, ботинан…» суҳбати)

3. Абу Лайс Самарқандий. – Т.: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази нашриёти, 2024.

4. Абу Ҳомид Ғаззолий. Тавба китоби. -Т.: ШАРҚ, 2018.

5. Алишер Навоий. Маҳбубул қулуб. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. 14 т. –Т.: Фан, 1998.

6. Алишер Навоий. Ҳайратул аброр (насрий баёни). –Б. 85 // https://www.ziyouz.com/books/a…(насрий%20баёни).пдф

Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-
тадқиқот маркази илмий котиби,
фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД)

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …