Ислом тарихига назар солинса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳам, саҳобаи киромлар даврида ҳам “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган саволга ўрин йўқ эди. Чунки мусулмонлар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида танир эди. Кейинги салаф уламолар ҳам эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалаларни оммага кўтариб чиқишдан ўзларини сақлаган. Тавҳидга оид масалаларда илмсиз ва тавҳид илмига салоҳиятсиз кишиларни суҳбатдан четлатишган.
Имом Моликдан нақл қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ умматга истинжони ўргатиб, тавҳиддан таълим бермасликлари мумкин эмас. У зот ҳадисда: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиш билан киши мусулмон бўлади”, деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбат бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейилган.
Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳам, бу мавзуда чуқур кетиш ҳам ҳаром”, деган.
Имом Аҳмад айтади: “Аллоҳ таоло Ўзи айтган ёки Расулуллоҳ васф этган нарса билан сифатланади. Бунда Қуръон ёки ҳадисга қўшимча қилмаймиз…
﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيءٌ﴾
“Унга ўхшаш бирор нарса йўқ”[1] деб эътиқод қиламиз. Унинг сифатлари ва феълларининг ўхшаши йўқ. Нуқсон ва яратилганликни англатувчи барча нарсадан Аллоҳ азза ва жалла покдир….”.
“Аллоҳ таоло қадим ва азалийдир. У бирор нарсага ўхшамайди ва бирор нарса Унга ҳам ўхшамайди. Унга томон ва макон нисбати берилмайди. Вақт ва замон Унга таъсир қилмайди. Аллоҳ таолога нисбатан “Қаерда? Қайси томонда?” деган саволларни ишлатиш ножоиз. Жаннатда мусулмонлар Уни томонсиз, шаклсиз ва тасаввурсиз кўрадилар. У зот маконни ва замонни яратди. У олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайдир”.[2]
Калом илми олими, муҳаддис Абу Жаъфар Таҳовий “Ақийдатут Таҳовий” асарида Аллоҳ таолони юқорида, осмонда дейиш мумкин эмаслиги ҳақида бундай деган: “Аллоҳ таоло чегара, аъзо, асбоблар билан сифатланмайди ва Уни олти томон махлуқотлардек қуршаб олмайди”. Бу матнда Аллоҳ таолога олти томонни, яъни юқори, паст, ўнг, чап, олд ва орқа томонлар нисбатини бериб: “Аллоҳ осмонда, пастда, ўнгда ёки чапда” дейиш мумкин эмаслиги айтилмоқда.
Аслида, мусулмон киши ўз ақл доирасидан ташқари бўлган, эътиқодига путур етказадиган “Аллоҳ таоло осмонда” деган фитнали масала билан ўралашиб юриши нотўғридир.
Замонавий “салафий”ларнинг ижтимоий тармоқлардаги “Аллоҳ таоло осмонда” деган фитнаси мусулмонлар орасида ихтилоф ва тафриқаланиш келиб чиқишига сабаб бўлган мавзулардан биридир. Улар “Аллоҳ таоло осмонда” деган сўзига “Мулк” сурасидаги 16-оятни далил қилади:
﴿أَأَمِنْتُمْ مَنْ فِي السَّمَاءِ أَنْ يَخْسِفَ بِكُمُ الْأَرْضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ﴾
“(Эй, Макка кофирлари,) ё сизлар осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан, бас, бирданига (ер) ларзага келишидан (сизларни ҳалок қилишидан) хотиржаммисизлар (қўрқмайсизми)?!”
Сохта салафийлар бу оятдаги “مَنْ فِي السَّمَاءِ” “ман фис самаи – осмондаги зот” сўзи Аллоҳ таолони англатади, деб сўзларига мазкур оятни далил қилади. Аммо Имом Бағавий, Имом Қуртубий каби аксар муфассирлар Жаброил алайҳиссалом Садум аҳлини ерга юттирганини далил қилиб, оятдаги “ман” сўзидан Жаброил алайҳиссалом тушунилади, деган. Ҳофиз Абдулбар каби муфассирлар оятдаги “осмондаги зот” сўзидан “Аршдаги Зот” тушунилади, деган. Айрим муфассирлар эса “осмондаги зот” сўзини “осмонлардан ҳам олий бўлган Зот”, айримлари “осмонларни яратган Зот” деб тафсир қилган.[3]
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятдаги “осмондаги зот” сўзини “Аллоҳнинг қудрати, султонлигидаги осмон, Арш назарда тутилган”, деб тафсир қилган. Бу ўринда Аҳли сунна уламолари “осмондаги зот” сўзини “Аллоҳнинг султонлиги, азоб фаришталари, Жаброил алайҳиссаломдир” деб таъвил қилган.[4]
Сохта салафийлар “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодларига асос сифатида “Фуссилат” сураси,[5] “Анъом” сурасидаги[6] муташобеҳ оятларни ҳам келтиришади. Уларга қуйидаги “Оят ал-Курсий” номи билан машҳур оятдан келтириш билан жавоб берамиз:
﴿وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ﴾
“Унинг Курсийси[7] осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур”.[8]
Шунингдек, Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам уларнинг бундай ақидаси ботил эканини кўрсатади:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: والَّذي نفسي بيدِهِ ، ما السَّماواتُ السَّبعُ والأرَضينُ السَّبعُ عندَ الكُرسِيِّ إلا كحَلقَةٍ مُلقاةٍ في أرضِ فلاةٍ ، وإنَّ فضلَ العرشِ على الكُرسِيِّ كفَضلِ الفلاةِ على تِلكَ الحَلقَةِ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Жоним Унинг қўлида бўлган зот (Аллоҳ)га қасамки, етти осмон ва етти ер[9] (ҳажм жиҳатидан) Курсийнинг олдида саҳрога ташланган узукдан бошқа ҳеч нарса эмас, Аршнинг Курсидан (ҳажмдаги) устунлиги саҳронинг узукдан устунлиги кабидир”.[10]
Мазкур ҳадис салафийларга бошқа саволга ўрин қолдирмайдиган даражада нақлий ва ақлий жиҳатдан очиқ раддиядир. Ақли расо, ақидаси соф мусулмон бу ҳадис орқали муташобеҳ оятларни нотўғри талқин қилаётган, ўзларининг “Аллоҳ осмонда” деган ботил эътиқодини хаспўшлаётган сохта салафийларнинг қанчалар адашганини билиб олади.
Оят ва ҳадисдан маълум бўладики, Аллоҳ таолонинг Арши ва Курсиси инсон тасаввуридан йироқ даражада улкандир! Осмонлар ва Ер эса Курсийнинг қаршисида саҳрога ташланган ҳалқа кабидир. Бас, шундай экан, Аллоҳ таолони осмонда дейиш умуман нотўғри эътиқоддир!
- Аршнинг иккинчи номи. 2. Аршдан кичикроқ алоҳида нарса. 3. Аллоҳнинг илми. 4. Унинг қудрати. 5. Ҳукмронлиги ва ҳоказо. (А.Мансур).