Туркиянинг Чанкири шаҳрида 27 май куни Мовароуннаҳр алломалари илмий меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий конференция иш бошлади. Чанкири Каратекин университети ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Мовароуннаҳрдан Онадўлига ҳадис анъанаси ва муҳаддислар” мавзусидаги нуфузли анжуманда мамлакатимизнинг диний соҳада фаолият юритаётган давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат делегация иштирок этмоқда.
Ўндан ортиқ давлатдан мутахассислар, исломшунос олимлар ва диний соҳа вакиллари қатнашаётган конференциянинг биринчи иш кунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев “Илк уч ҳижрий асрда етишиб чиққан самарқандлик муҳаддислар ва уларнинг минтақа ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” ва Марказ илмий ходими Меҳрожиддин Омонов “Зарафшон воҳаси тасаввуф тарихига оид “Иршоднома”лар таҳлили” мавзусида онлайн маъруза қилди.