Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Туркиянинг “Иршод” нашриёти вакиллари ташриф буюрди.
Марказнинг ушбу матбаа уйи билан ҳамкорлиги 2019 йилда бошланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июнда қабул қилинган “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитиш тўғрисида”ги қарори асосида юртимиздаги исломшунос ва шарқшунос олимлардан иборат Ишчи гуруҳнинг Туркияга сафари асносида муҳим келишувларга эришилиб, “Иршод” нашриётидан 148 номдаги 647 дона илмий, адабий, бадиий, тарихий асар харид қилинган ва Марказга олиб келинган. Мазкур адабиётлар илмий ишларда тадқиқотчиларга жуда асқотяпти.
Туркиялик меҳмонлар билан мулоқот чоғида ноширлик фаолияти йўналишидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар муҳокама этилди. Нашриёт раҳбари Мустафо Мурод “Иршод” матбаа уйида босмадан чиққан ва нашрга тайёрланаётган китобларнинг тематикаси, мазмун-моҳияти, илмий аҳамияти ва қиймати хусусида маълумот бериб, уларни Марказга етказиш хизматларини таклиф этишдан мамнун эканини билдирди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов меҳмонларни ўзимизда нашр этилган ва мўлжалда турган янги адабиётлар билан таништирди ва истиқболдаги режалар билан ўртоқлашди.
Ташриф якунида жамоа вакилларига Марказ нашрлари тўплами ҳадя қилинди.