Ҳар бир нарсада бўлгани каби илмнинг ҳам офатлари бор. Табиий офатлар замин юзини абгор қилганидек, илмнинг офатлари ҳам қалбдаги маърифат диёрини вайрон қилиб юборади. Қуйида ушбу офатлардан энг асосийларини санаб ўтамиз:
- Хўжакўрсин, риёкорлик. Бунда киши илмни Аллоҳ розилиги, халқ хизмати ва юрт равнақини мақсад қилиш ўрнига инсонлар кўриб мақташи, обрў-эътибор топиш учун ўрганади. Бундай ниятда бўлган киши илмдан манфаат топаолмайди.
- Беҳуда ва гуноҳ ишлар билан машғул бўлиш. Ушбу ишларда бардавом бўлган кишини илм тарк этади, зеҳни ўтмаслашиб, билганларини унута бошлайди. Солиҳ бир киши укасига шундай хат ёзди: “Жигарим, сенга илм берилди. Энди унинг нурини гуноҳ зулматлари билан ўчириб қўймагин. Кишилар илм нури билан жаннатга ошиқаётган вақтда, сен зулматда қолиб кетмагин”. Ака бу насиҳати билан укасини илм офатларидан бири ҳақида огоҳлантирмоқда.
- Манманлик ва ўзига бино қўйиш. Бу ҳам оғир иллат бўлиб, унга мубтало бўлган кишининг кўзига олган илми кўп бўлиб кўринади ва ўзини бошқалардан устун кўра бошлайди. Ҳадисларда бу иллат тўғрисида шундай огоҳлантириш келган: “Қалбида мисқол заррасича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди”. Ҳикматларда эса “Ким ўз фикрини энг тўғри деса адашади, ким ақлим ҳамма нарсага етади деса тойилади, ким кибр қилиб, ҳаммадан устунман деса хато қилади, ким пасткашларга аралашса хор бўлади, ким уламолар билан ҳамсуҳбат бўлса улуғланади”, дейилган.
- Ҳасад. Ушбу иллат манфаатли илмга бориш йўлини тўсиб қўяди. Ҳасад деганда ёнимиздаги кишига берилган нарсани ундан кетиб бизда бўлиб қолишини исташимиздир. Буни ичи қоралик, деб аташ ҳам мумкин. Одамларнинг бир-бирини кўра олмаслиги, ўзганинг эришган муваффақиятидан ғазабланиши мана шу “ҳасад” номли иллат сабабидандир. Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадисларнинг бирида: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир бирингизга ҳасад қилманг, бир бирингиз билан душман бўлманг, эй Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинг”, дейилади. Бундан эса ҳасад ва шунга ўхшаш салбий сифатлардан батамом йироқда бўлишимиз лозимлигини тушуниб оламиз.
- Илмга амал қилмаслик. Киши олган илмидан аввало ўзи фойдаланиши ва унга амал қилиши лозим. Илми толибнинг олган илмига амал қилмаслиги унинг унутилишига сабабдир. Ҳадисда “Инсонларга яхшилик ўргатиб, ўзини унутган олим инсонларга нур таратиб, ўзини ёққан чироққа ўхшайди”, дейилган.
- Беҳуда баҳс-мунозара. Буни бўлар-бўлмасга талашиб-тортишиш деб аташишимиз ҳам мумкин. Бу иллатнинг соғлом мунозарадан фарқи шундаги, баҳслашаётганлар ҳақиқатни рўёбга чиқаришни эмас, балки ўзларининг фикрларини ўтказиш, нариги тараф устидан ғолиб бўлишни мақсад қилган бўладилар. Имом Кархий: “Агар Аллоҳ бандага яхшиликларни хоҳласа унга манфаатли ишларни қилиш эшигини очади ва тортишув эшигини ёпади” деган сўзларидан хулоса қилиб, вақтимиздан унумли фойдаланишга жиддий эътибор қаратишимиз керак.
- Билган илмини бошқалардан яшириш. Илм эгалладикми, энди у билан бошқаларга манфаат етказишимиз керак. Кимки илмидан бошқаларга фойда етишини истамаса, бундан биринчи галда ўзи зарар кўради. Негаки, фойдаланилмаган билим аста-секин зеҳндан ўчади ва унут бўлиб кетади. Бир ҳаким зот: “Илмнинг офати уни йиғиб олгандан кейин, у ҳақда сўзламаслигинг ва уни тарқатмаслигингдир”, деб айтган экан. Шуни ёддан чиқармайликки, қанчалик миқдорда билимга эга бўлмайлик, уни муносиб ўринларга сарфлашга масъулсиз.
- Дунё ишлари билан машғул бўлиб қолиш. Илм олиш мобайнида ва таҳсилдан кейин кишининг дунё ишларига берилиб кетиши, илмини давом эттирмасдан ташлаб қўйиши, асосий вақтини дунёвий ишлар учун сарфлаши билимнинг навбатдаги офатидир. Имом Термизий бобомиз ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳ таоло айтади: “Эй одам боласи, ўзингни ибодатимга бағишла, шунда қалбингни беҳожатлик билан тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Агар бундай қилмасанг, икки қўлингни машғул қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман”. Илм олиш энг улуғ ибодатлардан биридир. Шундай экан, биз унинг таҳсили билан шуғуллансак, дунёвий ишларимиз ҳам ўз ўзидан изга тушиб кетади.
- Унутиш. Илмнинг энг катта офатларидан бири уни унутишдир. Ҳадиси шарифда: “Ҳар бир нарса учун офат бор, илмнинг офати уни унутишдир”, дейилган. Унутишнинг муолажаси эса такрорлаш, одамларга таълим бериб бориш, гуноҳлардан йироқда бўлиш ишлар билан амалга ошади.
Аллоҳ таоло барчамизни манфатли илмларга етказсин.
У.Муҳаммадиев:
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси раҳбари