Самарқанд вилояти бўйлаб “Жаҳолатга қарши– маърифат” шиори остида маҳаллаларда ўтказилаётган навбатдаги тарғибот тадбирлари Каттақўрғон туман ҳокимлиги ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг туман бўлими ҳамкорлигида тумандаги “Мойбулоқ” МФЙда ташкил этилди.
Унда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Отабек Муҳаммадиев маҳалла фаоллари билан аҳоли ўртасида олиб борилаётган ҳалол ва фаол меҳнат тарғиботи, юртни обод қилиш, Ватан тараққиёти ва фаровонлигига ҳисса қўшишга қаратилган амалий ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан мулоқот ўтказди. МФЙ раиси Орифжон Хушмамат ўғли бу каби мулоқотлар ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, улар онгини ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда ҳам услубий кўмак вазифасини ўташини таъкидлади.
Марказ катта илмий ходими О.Муҳаммадиев маҳалладаги 107-сон ўрта-умумтаълим мактабида ҳам аҳоли билан учрашув ўтказди. Унда маърузачи юртимизда дин ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган ишлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, дунё миқёсида радикализм ва бошқа бузғунчи ғоялар ташвиқоти кучайиб бораётган бугунги кунда бундай ҳолатдан айниқса ёшларни огоҳ қилиш зарур эканини таъкидлади.
Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.