29 февраль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи Сурхондарёнинг Шўрчи туманида иш олиб борди.
Шўрчи, Олтинсой ва Қумқўрғон туманлар раҳбарлари ва ижтимоий соҳа вакиллари, давлат ташкилотларининг жойлардаги бўлимлари мутасаддилари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа олимлари, мактабгача таълим муассасалари мудирлари, умумтаълим мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари билан ўтказилган учрашувда юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг маълумот берилди ва юртимиздан етишиб чиққан алломалар қолдирган бой илмий мероснинг юксак маънавий қиймати тилга олинди.
Тадбирда Шўрчи тумани ҳокими Улуғбек Зокиров сўз олиб, вилоят миқёсида ўтказилаётган бу каби тадбирлар кўплаб мутафаккирлар, хусусан, Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг улуғвор сиймоси ҳамда ўлмас илмий меросини чуқур англатиш орқали миллий ва диний қадриятларимизни пок сақлаш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдек улкан мақсадларга хизмат қилишини таъкидлади.
Тарғиботчилар “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида маърузалар қилди.
Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.