Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Сурхондарёда олтита туман қамраб олинди

Сурхондарёда олтита туман қамраб олинди

28 февраль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи Сурхондарёнинг Шеробод туманида маърифий учрашув ўтказди.

Унда Шеробод, Бойсун, Қизириқ, Бандихон, Ангор ва Музработ туманлар раҳбарлари ва ижтимоий соҳа вакиллари, давлат ташкилотларининг жойлардаги бўлимлари мутасаддилари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа олимлари, мактабгача таълим муассасалари мудирлари, умумтаълим мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Шеробод тумани ҳокими Усмон Алимов тадбирни очиб, табаррук диёримизда камол топган улуғ муҳаддислар, олиму фузалоларнинг илм талабидаги фидойиликлари, босиб ўтган ҳаёт йўли авлодлар учун ибрат намунаси экани, бу каби тадбирлар халқимиз маънавий дунёқарашини янада оширишда алоҳида ўрин тутишини эътироф этди.

Тадбирда аллома аждодларимиз қолдирган бой илмий мероснинг маънавий ва маърифий аҳамияти кенг ёритилди. Биргина воҳанинг улуғ мутафаккири Имом Термизий “Сунани Термизий” асарида 4 мингдан ортиқ ҳадис жамлаган. Асарда одоб-ахлоққа оид нодир билимлар мужассам. Бу эса маърифий соҳада ҳали кўп ўрганиш, татбиқ ва тарғиб этиш масъулиятини беради.

Тарғиботчилар “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида маърузалар қилди.

Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ахборот сиёсати масъуллари шарафланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни …