Хабар берилганидек, жорий ҳафтада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларидан иборат тарғибот гуруҳлари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида маърифий учрашувларни ташкил этиб келмоқда.
28 февраль куни Қашқадарё вилоятида иш олиб бораётган гуруҳ аъзолари томонидан Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз тумани раҳбарлари ва ижтимоий соҳа вакиллари, давлат ташкилотларининг жойлардаги бўлимлари мутасаддилари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа олимлари, мактабгача таълим муассасалари мудирлари, умумтаълим мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда сўз олган Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов тарих гувоҳ бўлган Уйғониш даврларининг ҳар бирида ҳам Ғарб ва Шарққа илм зиёсини улашган қомусий олимлар Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққани, улар қолдирган бой меросни ўрганиш, тарғиб қилиш, нафақат илм-фан тараққиётини таъминлашда, балки инсоннинг камолотга етиши, маънавияти юксалишида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Тадбирда тарғиботчилар “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида маърузалар қилди.
Иштирокчиларга “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.