Қуръони карим илмларига бағишланган “Улумул Қуръон” фанида сура ва оятларнинг нозил бўлиш сабаблари, уларнинг ваҳий этилишида қайси воқеа ёки ҳодиса сабаб бўлганини ўрганувчи фанга “Асбобун нузул” (нозил бўлиш сабаблари) фани деб айтилади.
“Асбобун нузул” фанини билишнинг Қуръони карим маъноларини тушунишда муҳим ўрни бор. Уламолар оятларнинг нозил бўлиш сабабларини аниқлашда ўзларига етиб келган аниқ хабарлар ва мутавотир нақлларга таянганлар. Сабабга боғлиқ равишда нозил қилинган оятларнинг ҳаммасини ҳам аниқлашнинг имкони йўқлиги эътиборидан бу борадаги энг ишончли хабар, ривоят ва нақлларгина олинган. Ҳаттоки бир гуруҳ уламолар ушбу илм ҳақида алоҳида китоб ёзишган. Уларнинг аввалида Али ибн Маданий, Имом Воҳидий, Ибн Ҳажар, Имом Суютий каби олимлар туради[1].
“Маноҳилул ирфон фи улумил Қуръон” китобида “Асбобун нузул” илмига қуйидаги таъриф берилган: “Асбобун нузул” бу ҳолат бўлиб, унинг ҳукмини баён этиб, бир ёки бир нечта оят нозил бўлади. Яъни, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида рўй берган ҳодиса ёки У зотга берилган савол бўлиб, ушбу ҳодисанинг баёни ёки саволга жавоб тариқасида Аллоҳ таоло тарафидан бир ёки бир нечта оят нозил бўлади[2].
Қуръони каримнинг нозил бўлиши икки қисмга бўлинади:
- Ибтидоан, яъни савол ёки воқеага боғланмаган ҳолда нозил бўлиши. Бунда фақатгина халқни ҳаққа ҳидоят қилиш назарда тутилган бўлади. Чунки Қуръони карим инсониятни ҳидоят қилиши учун, уларни тўғри йўлга бошлаш учун нозил қилинган.
- Савол ёки воқеага боғланган ҳолда нозил бўлиши[3].
Мақоламиз мақсади ушбу иккинчи кўринишда нозил бўлган оятларга тааллуқлидир.
Нозил бўлиш сабаблари ҳам иккига бўлинади:
- Бир воқеа рўй бериб, кейин у ҳақида оят ёки сура нозил бўлиши. Бунга мисол қилиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида Сафо тоғига чиқиб бутун Қурайшни жамлаган ҳолда ўзларининг пайғамбар эканликларини эълон қилиб, Аллоҳнинг қаттиқ азобидан огоҳлантирганлари вақеасини келтиришимиз мумкин. Шунда одамларнинг орасида турган Абу Лаҳаб ибн Абдулмутталиб: “Ҳе, ўл-е, бизни шунинг учун тўпладингми?” дегандан кейин “Масад” сураси[4] нозил қилинган.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир воқеа ҳақида сўралганида, унинг ҳукмини баён қилувчи сура ёки оят нозил бўлиши: бунга мисол қилиб Ҳавла бинти Саълабанинг воқеасини келтирилади. Эри Авс ибн Сомит уни зиҳор[5] қилганда Пайғамбаримизнинг олдиларига келиб шикоят қилиб турганда “Мужодала” сурасининг дастлабки оятлари нозил бўлган[6].
Қуйида мавзумизга доир намуналарни келтириб ўтамиз.
Ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз амакиваччаси Қудома ибн Мазъунни Баҳрайнга иш юзасидан жўнатган. У ердан Жоруд ибн Муалло розияллоҳу анҳу келиб: “Қудома май ичиб, маст бўлди”, деди ва айтган гапининг ростлигига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу гувоҳлик бериши мумкинлигини айтади. Ҳазрати Умар Қудомани чорлаб, унга дарра уришини айтганда, Қудома: “Аллоҳга қасамки, агар айтганларидек, май ичган тақдиримда ҳам, мени урмаслигингиз керак!” деди. Ҳазрати Умар: “Нима учун?” деганида, у Аллоҳ таолонинг “Иймон келтирган ва савобли ишларни қилганлар учун гуноҳ йўқдир…” (“Моида” сураси, 93-оят) оятини далил сифатида келтиради. Шунда Ҳазрати Умар унга: “Эй Қудома, сен таъвилни хато айтдинг, агар Аллоҳга тақво қилганингда эди, Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларидан узоқ бўлар эдинг!” дейди. Чунки бу ояти карима баъзи саҳобалар май ҳаром қилинмасдан аввал вафот қилиб кетган биродарларининг ҳоли нима бўлишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган вақтларида нозил қилинганди. Бу билан май ҳаромлиги қатъий билдирилган оят нозил қилинмасдан аввал май ичиб юриб, вафот қилиб кетган мусулмонларнинг гуноҳлари йўқлиги англатилган эди.
Яна айрим оятлар борки, уларнинг нозил бўлиш сабабини билмасдан туриб маъносини тушуниб, ҳукмини англаб бўлмайди. Масалан, “Машриқу мағриб Аллоҳникидир, қаёққа юзлансангиз, Аллоҳнинг юзи ўша ерда” (“Бақара” сураси, 115 оят) ояти ўқилганда, ундан намозда қибладан бошқа тарафга қараб юзланиш жоиз бўлавериши келиб чиқади. Лекин унинг нозил бўлиш сабаби ўрганилганда, оят сафарда бўлиб, қибла қайси томонда эканини билмаган ва бир томонни қасд қилиб намоз ўқиган кишининг намози дуруст экани борасида нозил бўлгани равшанлашади[7].
“Асбабун нузул” илмини билишдан қуйидаги фойдалар келиб чиқади:
Оятларнинг сабабини билишнинг фойдасини имом Абу Исҳоқ Шотибий иккита деб билган. Биринчидан, оятлар сабабини билиш Қуръони каримнинг мўъжизакор эканлигини, инсониятни ожиз қолдирувчи, энг фасоҳатли ва энг балоғатли кимсаларни-да лол эттирувчи эканлигини англашдир! Иккинчидан, оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билмаслик тафсир қилувчини шубҳа ва иккиланишлар гирдобига тушириб қўяди. Чунки оятларнинг нозил бўлиш сабабларига қараб, сўзларнинг маъносини тўғри ифодалаш, хитоб қилинаётган кимсаларнинг кимлигини билиш, оят кимлар ҳақида ва нималар тўғрисида ҳукм чиқараётганини билиш фақатгина унинг нозил бўлиш сабабини ўрганиш билангина бўлади[8].
Шунингдек, ҳукмларнинг шариатга киритилишида Аллоҳ таолонинг қандай ҳикматлари борлигини билишнинг йўли ҳам оятларнинг нозил бўлиш сабабларига боғлиқ эканлигини айтиш ўринлидир. Бирор нарсага ёки кимсаларга хос оятларни хосланган ҳукм сифатида тушиниш, оятнинг зоҳирий маъноси билан чекланиб қолмаслик, кофирлар шаънида нозил бўлган оятларни мусулмонларга ҳам татбиқ қилмаслик каби фойдалари борлигини айтиб ўтиш керак.