Ватанимиз тарихини мукаммал ўрганиш ва илмий консепциясини ишлаб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлган “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” номли асарда- “Биз халқни номи билан эмас, балки маданияти, маънавияти орқали биламиз, тарихининг таг-томригача назар ташлаймиз!”[1] – деган ғоятда муҳим фикр илгари сурилган. Она заминимиз Ўзбекистон азал-азалдан не-не олим ва фозил кишиларни тарбиялаб вояга етишлари учун макон вазифасини ўтагани кўпчиликга сир эмас.
Мутахассис кадрлар етиштириш борасида чуқур ислоҳотларни амалга ошириш ҳукуматимизнинг асосий эътиборида бўлиб қолмоқда. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори авваламбор фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”[2].
Халқимизнинг келажаги, эртанги куни фарзандларимизнинг қандай шахс сифатида ўсишига боғлиқ экан, албатта уларнинг тарбияси ҳозир ва кейин ҳам масъулиятли иш бўлиб қолаверади. Бу соҳада ота-боболаримиз-дан қолган мерос ва қадриятлар ўрни бебаҳодир.
Буюк Амир Темурнинг набираси, беназир аллома Мирзо Улуғбекнинг ўрта асрлар шароитида намоён этган илмий жасорати мамлакатимиз ва жаҳон халқларини ҳайратга солмасдан қўймайди. Мирзо Улуғбекнинг Бухоро, Самарқанд ва Ғиждувонда олиб борган қурилиш ишларида ҳам келажак авлод тарбияси учун алоҳида аҳамият берганини кўришимиз мумкин. Мустақиллик даврида Самарқанд меъморий обидаларига амалга оширилган таъмирлаш ишлари жараёнида Улуғбек мадраса эшикларининг тепа қисмларига солинган нақшларда ҳам бунга гувоҳ бўламиз. Биз булар ичидан таълим-тарбияга оид айрим ҳадисларни келтирмоқчимиз.
Бунда:” Ҳеч бир ота фарзандига гўзал тарбия ва яхши одобдан ортиқ бир туҳфа инъом этолмайди”[3] деб қайд этилган.
Бу ҳадисга ҳар бир фарзанднинг ҳам ота-она олдига ўз мажбурият-ларини бажариши вазифаси келиб чиқади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда ота-онага яхшилик қилиш умрнинг баракали бўлишига сабаб экани айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ота-онага яхшилик қилиш умрни зиёда қилади. Ёлғон-ризқни камайтиради ва дуо балоларни қайтаради”[4]
Мадраса пешток ёзувларидан бирида:
– Олим бўл ёки таълим олувчи бўл, эшитувчи бўл ё (илмни) севувчи бўл. (Бешинчи тоифадан (илмга бефарқлардан) бўлмаки, ҳалок бўласан)[5] деб таъкидланади. Шунингдек яна бир ҳужра эшигида:
“Илм – ибодатдан афзал. Диннинг асоси вараъ(тақво)дир”[6] деб қайд этилган.
Имом Бухорий ҳикматларидан бирида “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деб таъкидланади[7]. Илм ва уламоларнинг фазилати ҳақида Имом Жалолиддин Суютий китобларида: “Кимки илм олиш учун йўлга отланса, қадам босмасидан турибоқ (унинг кичик) гуноҳлари кечирилади”[8] деб ривоят келтирганлар.
Бошқа бир ҳужра эшигида:
Илм ўрганиш – ҳар бир муслимга фарз[9] деб ривоят келтирилган.
Ибн Можа “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”[10] деган ривоятларида ҳам халқимизнинг илмсизга ишонч йўқ, ҳунарсизга қувонч йўқ деган мақоллари айнан мослашган.
Хулоса қилиб шуни алоҳида таъкидлаш керак-ким, бизлар мўтабар замин, улуғ аждодларимизнинг ўлмас мерослари билан озиқланган элнинг фарзандлари эканимизни унутмаслигимиз шарт.
[1] Ислом Каримов, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, Тошкент, “Ўзбекистон”, 1998, 46-бет.
[2] Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” Тошкент «Маънавият» 2008 y 3-bet
[3] Ўзбекистон обидаларидаги битиклар. Тошкент — 2011 й 63-бет
[4] Абулқосим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Фазл Исбаҳоний. Ат тарғиб ват тарҳиб. Дорул ҳадис. Қоҳира. 1993. Б. 1/274
[5] Ўзбекистон обидаларидаги битиклар. Тошкент — 2011 й 64-бет
[6] Ўзбекистон обидаларидаги битиклар. Тошкент — 2011 й 65-бет Саҳиҳ ут-тарғиб. 68-б.
[7] Одоблар хазинаси. Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2018 й. 32-бет
[8] Жалолиддин Суютий “Лубобул ҳадис” Имом Бухорий халқаро маркази, Самарқанд-2018 й. 17-бет
[9] Саҳиҳ ут-тарғиб. 70-б.
[10] Одоблар хазинаси. Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази, 2018 й. 32-бет