Аллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин, ўзингиз зикр қилган тўртликларни менга тафсир қилиб бергайсиз, – деб сўрадим. Ул зот:
– “Ҳа, майли. Ҳадис илми толиби томонидан битилишга эҳтиёж бўлган тўрт нарса қуйидагилардан иборат:
1) Ҳадис илми толиби тўрт нарсани ёзиб бормоғи:
– Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахборлари ва шариат аҳкомлари;
– саҳобалар ва уларнинг тақдир-қисматлари ҳақидаги хабарлар;
– тобеинлар ва уларнинг аҳволлари;
– улардан бошқа буюк уламолар ва уларнинг тарихлари.
2) Ҳадис толиби тарихларда келтирилган ровийларнинг:
– исмлари;
– кунялари;
– яшаган ва борган маконлари;
– даврларини билмоғи лозим.
3) Булар қуйидаги тўрт нарса бир-бири билан бўлганидек бирга бўлсин:
– бамисоли хатиб “алҳамдулиллаҳ” дейиши билан бирга бўлгани;
– пайғамбарлар дуо билан бирга бўлгани;
– “бисмиллаҳ” ибораси сура билан бирга бўлгани;
– такбир салавотлар билан бирга бўлгани каби.
4) Улар тўрт нарса каби:
– мисли муснад (санади ишончли ҳадис тўплам)лар;
– мисли мурсалот (мурсал ҳадислар);
– мисли мавқуфот (саҳобаларнинг сўзлари);
– мисли мақтуотлар (тобеинларнинг сўзлари)дек бўлмоғи лозим.
5) Киши илмни тўрт вақтда ҳам мудом олмоғи лозим:
– гўдаклигида;
– ақлини таниганда;
– ёшлик йилларида;
6) Киши ҳадис илмини тўрт ҳолатида ҳам ўрганмоғи лозим:
– иш ила машғул пайтларида ҳам;
– бўш вақтларида ҳам;
– фақирлик даврида ҳам;
– бой-бадавлат бўлганида ҳам.
7) Киши ҳадис илмини қуйидаги тўрт жойда ҳам ўрганмоғи лозим:
– тоғларда ҳам;
– денгизларда ҳам;
– турфа шаҳарлару мамлакатларда ҳам;
8) Киши ҳадис илмини тўрт ўринда ҳам ўрганмоғи лозим:
– тошлар устида ҳам;
– жавоҳиру садафлар устинда ҳам;
– тери (пўстак) устида ҳам;
– суяклар устида (ётар жойи ит каби бўлса) ҳам.
9) Бу илм тўрт нарсадан:
– ўзидан илми устун зотлардан;
– ўз тенгилардан;
– ўзидан қуйи турувчилардан;
– отасининг битикларидан олиб, ул битик отасидан ўзга кишининг хати эмаслигига ишонч ҳосил қилган ҳолда ўрганилади.
10) Бу илм тўрт нарса учун ўрганилади:
– Аллоҳ таолонинг ризолигидан умид қилган ҳолда;
– Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони каримга амал қилиш учун;
– илм толиблари ўртасида у (илм)ни тарқатиш учун;
– муттасил савоб олиб туриш мақсадида китоблар таълиф қилмоқ учун.
11) Сўнграким бул ашёлар тўрт нарсасиз амалга оширилмагай.
– хизматкор сотиб олмоқ (ёлламоқ);
– китобат (ҳусни хат билан ёзиш)ни билмоқ;
– луғат (тил)ни билмоқ;
– сарфу наҳв (тилшунослик қоидалари)ни билмоқ.
12) Булар эса Аллоҳ таоло ато қилган нарсалар:
– сиҳат-саломатлик;
– куч-қувват, қобилият;
– олдинга қўйилган мақсадга кучли завқ-шавқ ила интилмоқ;
– яхши қувваи ҳофиза бирла амалга оширилгай.
13) Магар ҳадис толиби мана шу нарсаларга муяссар бўлса, яна ушбу тўрт нарсага осонликча эришур:
– оила;
– фарзанд;
– мол-дунё;
14) Яна тўрт нарса толиби ҳадисни ҳаётий машаққатлар билан синайди:
– ғанимларнинг ичи қоралиги;
– дўстларнинг гина-кудрати;
– жоҳилларнинг таъна-дашноми;
– уламоларнинг рашку ҳасади.
15) Инсон мана шу синовлару кўргиликларни сабр-матонат билан енгса, Аллоҳ таолонинг унга тўртта инъом-эҳсони бор:
– қаноатнинг улуғворлиги;
– теран эътиқоднинг маҳобати;
– ҳақиқий илмнинг лаззати;
16) Охиратда ҳам Аллоҳ таоло тўрт нарса бирлан ажрини берур:
– ўзининг биродарларидан истаганига шафоат ато этгай;
– Аршу аълонинг соясидан жой бергай (чунончи, у кунда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмагай);
– хоҳлаган одамига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузларидан сув ичиргай (ҳолбуки, у кунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сувларидан ўзга жойда сув бўлмагай);
– жаннатда пайғамбарлар ёнидаги мартабаси энг олий зотлар орасидан жой бергай. Аллоҳ ҳеч қачон набийлардан марҳаматини аямаган.
Эй бўтам! Машойихлардан бу хусусда ўзим эшитган сара гапларнинг барчасини сенга билдирдим. Ана энди шулардан ўзинг маъқул топганларингни қабул қилиб ол!” дея жавоб берди.
Имом Бухорийнинг бу сўзлари мени хавотирга солди. Мен чуқур тафаккурга чўмиб, сукут сақлаб, одоб юзасидан бошимни қуйи эгдим. Ушбу ҳол шу туфайли содир бўлган эдики, ҳадис ўрганмоқ йўлида Имом Бухорийнинг ушбу рубоиёт (тўртлик)ларида зикр қилган машаққатларни зиммамга олишга кўзим етмасди. Аҳволимни кўргач, Имом Бухорий бундай деди: “Магар сен ушбу машаққатларнинг барига чидай олмасанг, у ҳолда фиқҳ илмини ўрганмоғинг мумкин. Зеро, сен у илмни ўз уйингда ўтириб мутолаа қилурсен, узоқ юртларга сафар этмоққа эҳтиёж йўқ. Бу илмнинг қудуқлари чуқур эмас, денгизларда сузмоққа ҳожат бўлмагай, айни вақтда фиқҳ илми билан машғул бўлмоқнинг самараси ҳадис илмининг меваси билан баробардур”.
Дарҳақиқат, Имом Бухорий ҳадис ва ровийлар тарихини ёд олиб, уларни хотирада сақлашда беназир муҳаддис бўлиши билан бир қаторда, тафаккур ва фаросат бобида ҳам ўз фикрлари билан юлдузни бенарвон урадиган аллома бўлган. Чунки кўпчилик муҳаддис ва дин уламолари алломанинг “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўплами ва бошқа асарлари ҳақида шарҳ ва ҳошиялар битиш билан бир қаторда унинг таржимаи ҳоли ва ҳадисларни қабул қилишдаги услублари ҳақида ҳам талай асарлар ёзган. Имом Бухорий ишлаб чиққан унинг бошқалардан ажралиб турадиган фазилатли олим мартабасига етишига сабаб бўлган шарт ва талабларни ўз ичига олган ўн олти қисмдан иборат ушбу “тўртликлар”даги барча мезонлар, алломанинг ўзида мужассам бўлган, десак асло хато бўлмайди.
Муҳаддиснинг “тўртликлар”ини тинглаб, уларни омонат тарзида етказган Валид ибн Иброҳим Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ёд олмоқчи бўлган толиби илм зиммасига нақадар улкан масъулият юкланишини, бу масъулиятни ҳар қандай киши ҳам ўз зиммасига ололмаслигини ўз ҳолатини тавсифлаш орқали баён қилиб беради. Имом Бухорийнинг ушбу ўгитлари нафақат у зотнинг ҳадис қабул қилишдаги шартларини билдириб қолмай, балки замондош уламолари таърифлаганидек, тафаккурда ҳам “тенгсиз” ва “соҳилсиз денгиз каби” эканига далолат қилади.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими