Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙ МЕРОСИ – БУТУН УММАТ МУЛКИ

ИМОМ БУХОРИЙ МЕРОСИ – БУТУН УММАТ МУЛКИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Жўйбори Калон мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ҳамда Панжоб (Покистон), Инону (Туркия) ва Утара (Малайзия) университетлари билан ҳамкорликда Имом Бухорий таваллудининг 1250 йиллиги муносабати билан “Имом Бухорий – буюк муҳаддис” мавзусида халқаро илмий семинар ўтказилди.

   

Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган анжуманда Марказ илмий ходимлари, ҳамкор муассасалар вакиллари, Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот маркази олимлари, Тошкент шаҳридаги “Минор” жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов иштирок этди.

Тадбирда маърузачилар Имом Бухорий меросини ўрганиш борасидаги халқаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, муҳаддис олимнинг буюк муфассир ва мужтаҳид сифатида ислом илмларига қўшган ҳиссаси, фиқҳий қарашлари, “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асаридаги ҳадислар таҳлили, асарнинг мовароуннаҳрлик ровийлари борасида маълумотлар бериб, суннатни инкор қилувчиларнинг бу асарга нисбатан эътирозларига раддиялар келтирди.

Дарҳақиқат, юртимизда ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошимиз Имом Бухорий сиймосига чуқур эҳтиром кўрсатилиб, унинг улкан илмий ва маънавий-маърифий меросини ўрганиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Муҳаддислар султонининг ҳоки абадий қўним топган маскан қайта қуриляпти, унинг ёнида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолият кўрсатяпти. Ушбу муассаса илмий ходимлари томонидан 71 та китоб ва халқчил рисола нашрга тайёрланди, 17 та асар ўзбек тилига таржима қилинди. Маҳаллий ва хорижий нашрларда 14 мингдан зиёд илмий мақола эълон қилинди.

Семинар иштирокчилари эришилаётган ютуқларни эътироф этиб, бугунги геосиёсий жараёнлар фаоллашган бир даврда носоғлом кучларнинг ислом динидан тор геополитик мақсадларни қондириш йўлидаги уринишларига ҳам эътибор қаратди. Тадбирда Имом Бухорий, унинг шоҳ асари “Саҳиҳул Бухорий”даги ҳадислар ҳақида пайдо бўлаётган уйдирма ва бўҳтонлар қаттиқ қораланиб, суннатни инкор қилувчилар эътироз билдираётган айрим ҳадисларнинг тўғри таржимаси ва илмий асосланган шарҳлари баён қилинди.

Қатнашчилар бир овоздан муқаддас динимизнинг нуфуз ва шаънини сақлаш, исломнинг тинчликпарварлик ва инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка янада тушунарли, халқчил тарзда кўрсатиб бериш, Имом Бухорий каби бобокалонларимизнинг ўлмас маънавий меросини юзага чиқариб, бутун инсоният мулкига айлантириш, исломни қадрсизлантиришга беҳуда уринаётганларнинг вайронкор фаолиятини маърифий йўл билан жиловлашнинг долзарб аҳамиятини қайд этди.

Семинарда Имом Бухорий қолдирган бой илмий ва маънавий меросни изчил ўрганиш ва кенг татбиқ этишга оид қатор амалий таклифлар билдирилди. Маърузаларни тўплам шаклида, билдирилган таклифларни тавсия тарзида чоп этишга келишиб олинди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …