Абу Жаъфар айтганлар: «Менга ўртоқларимдан бири: “Абу Абдуллоҳ Бухорий Абу Исҳоқ Сурморийнинг зиёратларига бордилар. У кишининг ҳузурларидан чиққач, Абу Исҳоқ: “Кимки ҳақиқий ва ростгўй фақиҳни кўрмоқчи бўлса, мана шу одамга қарасин”, – дедилар. Имом Бухорий кирганларида у кишини ёнларига ўтқаздилар”, – деди».
Абу Жаъфар айтганлар: «Дўстларимдан бирининг: “Муҳаммад ибн Саломнинг ҳузурларида эдим. Имом Бухорий Ироқдан қайтишларида шу ерга кириб келдилар. У ердаги одамларнинг мусибатлари ҳақида гапириб, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг бошларига тушган кўргуликларни айтиб бердилар. Чиқиб кетганларидан кейин Муҳаммад ибн Салом ҳозир бўлганларга: “Бокира қизни шу йигитдан ҳам ҳаёли деб ўйлайсизларми?!” – дедилар”, – деганларини эшитдим».
Абу Жаъфар айтганлар: «Яҳё ибн Жаъфарнинг: “Агар Муҳаммад ибн Исмоилнинг умрларига ўзимнинг умримни қўшиб беришга қудратим етганда эди, шундай қилардим. Чунки менинг ўлимим – бир инсоннинг ўлиши, у кишининг вафотлари эса илмнинг заволидир”, – деганларини эшитдим».