Бир ҳадис шарҳи
Ислом гўзал, чиройли дин. Шунинг учун мусулмонлик чиройли бўлиши, гўзал ахлоққа қурилган бўлиши керак. Ҳадиси шарифга кўра киши амалини ихлос ва ҳусни хулқ ила бажарадиган бўлса, унга бериладиган савоб кўпайтириб ёзилади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ صلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « إِذَا أَحْسَنَ أَحَدُكُمْ إِسْلَامَهُ فَكُلُّ حَسَنَةٍ يَعْمَلُهَا تُكْتَبُ لَهُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ وَكُلُّ سَيِّئَةٍ يَعْمَلُهَا تُكْتَبُ لَهُ بِمِثْلِهَا «
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўз мусулмонлигини гўзал этса, қиладиган ҳар бир яхшилиги ўн баробардан етти юз баробаригача ёзилади, қилган ҳар бир ёмонлиги эса ўз баробарича ёзилади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисдаги “бирортангиз” деган сўз эркагу аёлни, ҳар бир мусулмон кишини ўз ичига олади.
Жавомиул калим – оз сўзлар билан юксак маъноларни ифодалаш Пайғамбар алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан бири эди. У зотнинг: “мусулмонлигини гўзал этса” деган сўзларининг маъноси – имоннинг барча талабларига лаббай деб жавоб берса, амалларни ихлос билан бажарса, динга ботиний ва зоҳирий жиҳатдан амал қилса, Раббига яқин бўлишни ният қилса, унинг исломи, мусулмонлиги гўзал бўлади.
Бир яхшиликка ўн баробардан етти юз баробаргача савоб кўпайтириб берилиши мумкин. Бунинг учун мусулмонлик гўзал ва амалларда ихлос бўлиши керак экан. Гуноҳ ишлар бўлса фақат ўз баробарида ёзилади, чин истиғфор ва тавба билан улар ҳам кечириб юборилади.
Савобнинг кўпайишини Аллоҳ таоло Қуръонда ажойиб зарбулмасал шаклида келтирган: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир. Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир” (Бақара сураси, 261-оят).
Аллоҳнинг йўлида мол сарфлашнинг фойдаси ушбу оятда ажойиб услубда васф қилинмоқда. Сиртдан қараганда, хайр-эҳсон қилган кишининг мол-дунёси камайганга ўхшайди. Аслида эса хайр-эҳсон худди ерга экилиб, ўзини фидо қилган донга ўхшайди. Ўша бир дона дон кейинчалик униб чиқиб кўпайганидек, хайр-эҳсон қилинган мол ҳам бир неча чандон кўпайиб кетади. Уни Аллоҳнинг Ўзи кўпайтириб беради. Донни мисол келтиришдан мурод Аллоҳнинг йўлида сарф қилинган битта нарса етти юзтага кўпайишига урғу беришдир. Аммо бу ҳам охирги чегара эмас: “Ва Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисига янада кўпайтириб берадир” (“Тафсири Ҳилол”).
Шунга қиёсан, ким амални гўзал тарзда, қалб ҳозирлиги ва умид билан қилса, унга ажру савоб худди шу амални ғафлат ва бепарволик билан қилган кишига нисбатан кўпайтириб берилади.
Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, бир одам (намозидан) турганда, унга унинг ўндан бири, тўққиздан бири, саккиздан бири, еттидан бири, олтидан бири, бешдан бири, тўртдан бири, учдан бири ёки яримигина ёзилган бўлади”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом кўплаб ҳадисларда ҳусни хулққа буюрганлар, унинг фазлини баён қилганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топадир”, деганларини эшитдим” (Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти).
Исломни гўзал қилиш амалларни тўлиқ ва комил қилиш, шариатнинг қайтариқларидан қайтиш билан юзага чиқади. Амалларнинг баъзисини бажариб, қолганини эътиборсиз қолдирган, қилган амалида мукаммалликка интилмаган, амалида ихлоси йўқ кишининг исломи гўзал дейилмайди. Аллоҳ таоло Қуръонда: “Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг” (Бақара сураси, 208-оят), деб буюрган.