Home / МАҚОЛАЛАР / БИДЪАТДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

БИДЪАТДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

Бир ҳадис шарҳи

Кавсар ва Ҳовуз Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг Набийи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берган фазлу марҳамати, у зотга ва умматларига бўлган ҳурмати ва меҳрининг зиёдалигидир. Ҳовуз сувидан ҳақиқий мўминлар ичади. Ҳовуз ҳақидаги ҳадисларда қуйидаги тавсифлар келган. Улкан ҳовуз. Сутдан оқ ва муздай, асалдан ширин ва мушк-анбардан хушбўй бўлган Кавсар анҳоридан жаннат шаробини олади. У жуда ҳам кенг. Эни билан бўйи тенг. Тарафларидан ҳар бири бир ойлик йўлдир. 

عَنْ أَبِى حَازِمٍ قَالَ سَمِعْتُ سَهْلَ بْنَ سَعْدٍ يَقُولُ سَمِعْتُ النَّبِىَّ – صلى الله عليه وسلم – يَقُولُ أَنَا فَرَطُكُمْ عَلَى الْحَوْضِ، مَنْ وَرَدَهُ شَرِبَ مِنْهُ ، وَمَنْ شَرِبَ مِنْهُ لَمْ يَظْمَأْ بَعْدَهُ أَبَدًا، لَيَرِدُ عَلَىَّ أَقْوَامٌ أَعْرِفُهُمْ وَيَعْرِفُونِى، ثُمَّ يُحَالُ بَيْنِى وَبَيْنَهُمْ.

 قَالَ أَبُو حَازِمٍ فَسَمِعَنِى النُّعْمَانُ بْنُ أَبِى عَيَّاشٍ وَأَنَا أُحَدِّثُهُمْ هَذَا فَقَالَ هَكَذَا سَمِعْتَ سَهْلاً فَقُلْتُ نَعَمْ. قَالَ وَأَنَا أَشْهَدُ عَلَى أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ لَسَمِعْتُهُ يَزِيدُ فِيهِ قَالَ إِنَّهُمْ مِنِّى. فَيُقَالُ إِنَّكَ لاَ تَدْرِى مَا بَدَّلُوا بَعْدَكَ فَأَقُولُ سُحْقًا سُحْقًا لِمَنْ بَدَّلَ بَعْدِى.

Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: “Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳунинг шундай деганини эшитдим: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Мен сизлар учун Ҳовузга бориб, ҳозирлик кўриб тураман. Ким унга келса, ундан ичади. Ким ундан ичса тоабад чанқамайди. Олдимга қавмлар келади, мен уларни танийман, улар ҳам мени танийди. Сўнг мен билан уларнинг оралари тўсилади”, деганларини эшитганман”.

Мен буни уларга айтиб бераётган эдим, Нуъмон ибн Абу Айёш сўзимни эшитиб, “Саҳлдан шундай эшитганмисан?” деди. “Ҳа”, дедим. У бундай деди: “Мен буни Абу Саиддан эшитганимга гувоҳлик бераман. У бунга қўшимча қилиб, шундай деган: “Улар мендан-ку…” (дейман). Шунда: “Улар сиздан кейин нима ўзгаришлар қилганини билмайсиз”, дейилади. Мен: “Мендан кейин ўзгариш қилганлар даф бўлсин, даф бўлсин!” дейман” (Бухорий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадиси шарифларида Қиёмат кунидаги бир манзара ҳақида хабар берганлар. У зот Қиёмат кунида Ҳовуз олдига одамлардан олдин бориб, умматларига ундан сув ичиришга тайёргарлик кўриб туришларини айтмоқдалар. Ҳовузга келганлар унинг сувидан ичар экан. Ана шу сувдан ичган киши ҳеч қачон ташналик кўрмаслигини башорат қилмоқдалар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таниган ва Пайғамбаримизни таниганлар келади. Аммо улар Ҳовуздан узоқлаштирилади ва ичишдан қайтарилади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг тўсилганлик сабабини сўрайдилар. Сиздан кейин улар (динда) ўзгариш қилди, деб жавоб берилади. Шу пайт у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, мендан кейин динни ўзгартирган ва алмаштирган кишилар узоқ бўлсин, узоқ бўлсин, дейдилар.

Бунда Аллоҳ рози бўлмайдиган нарсани динда пайдо қилган ҳар бир киши учун Ҳовуздан ҳайдалиш хавфи бор. Энг ашаддий бидъатчилар қуйидагилардир: мунофиқлар, динидан қайтганлар, мусулмонлар жамоасига хилоф бўлган хавориж, рофиза ва ҳавои нафс йўлида ўзини олим ҳисоблаганлар каби фирқалар. Шунингдек, зулм қилувчилар, ҳақиқатни яшириб, йўққа чиқарувчилар ва ошкора катта гуноҳ қилувчилар. Шундай одамларнинг ҳар бири бу ҳадисда ҳайдалиши зикр қилинганлардан ҳисобланади.

 Ҳадиси шарифда диндаги бидъат ва уни ўзгартириш хавфи маълум қилинган. Бунга барча бидъат, зулм ва жабр аҳли кирар экан.

Шунингдек, ушбу ҳадисда охиратда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳовузлари мавжудлигига далил бор.  

 

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …