Home / МАҚОЛАЛАР / РАСУЛИ АКРАМГА ВАҲИЙ ҚАЙ ТАРЗДА КЕЛАР ЭДИ?

РАСУЛИ АКРАМГА ВАҲИЙ ҚАЙ ТАРЗДА КЕЛАР ЭДИ?

Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида амаллар дебочаси ҳисобланган ният тўғрисидаги ҳадисни келтирганидан сўнг, ният ва амалларни ислоҳ қилиш учун асосий восита бўлган “ваҳий” тўғрисидаги ҳадисларни баён этган.

حدثنا عبد الله بن يوسف قال: أخبرنا مالك عن هشام بن عروة عن أبيه عن عائشة أم المؤمنين رضى الله تعالى عنها أن الحارث بن هشام رضى الله تعالى عنه سأل رسول الله ﷺ، فقال: يا رسول الله كيف يأتيك الوحي، فقال رسول الله ﷺ: أحيانا يأتيني مثل صلصلة الجرس وهو أشده علي فيفصم عني وقد وعيت عنه ما قال وأحيانا يتمثل لي الملك رجلا فيكلمني فأعي ما يقول.

 قالت عائشة رضى الله تعالى عنها ولقد رأيته ينزل عليه الوحي في اليوم الشديد البرد فيفصم عنه وإن جبينه ليتفصد عرقا.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Ҳорис ибн Ҳишом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади,” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ваҳий баъзан қўнғироқ овози янглиғ келади. Кучли ваҳий келганда шундай бўлади. Шунда мен бутун борлиқни унутиб, ваҳийни хотирамга муҳрлайман. Баъзан эса, инсон қиёфасидаги фаришта менга ваҳий келтиради ва мен унинг айтганларини хотирамда сақлаб қоламан”, деб жавоб бердилар.

Оиша розияллоҳу анҳо: “Қаттиқ совуқ кунларнинг бирида у зотга ваҳий келганининг гувоҳи бўлдим. Шунда у киши бутун борлиқни унутгандек ҳолатга тушган эдилар, пешоналари терга ботиб кетганди”, деб айтдилар.

Оиша розияллоҳу анҳоАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қизи, Макка шаҳрида туғилган, мўминларнинг онаси, саҳобия, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари.

Ҳорис ибн Ҳишом – Абу Абдураҳмон Махзумий, саҳоба, Маккада истиқомат қилган, Пайғамбар алайҳиссаломдан бир неча ҳадис айтган. Махзум қабиласининг етакчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга 100та туя ҳадя қилганлар. Уммат олимларидан бири. Набираси Абу Бакр ибн Абдуроҳман тобеин, Макка муфтийларидан бири бўлган.

Ваҳий – Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган пайғамбарига билвосита ёки бевосита нозил қилинган “илоҳий сўз, илоҳий кўрсатма” бўлиб, тўғридан-тўғри қалбга индирилади. Абдуллоҳ ибн Аббос бу ҳақда:

عن ابن عباس رضي الله عنه: أن الوحي هو القذف في القلب

“Ваҳий қалбга индирилган нарсадир,” деган.

Аллоҳ таоло инсон зотининг Ўзи билан сўзлашиши фақат ваҳий орқали бўлиши мумкин эканлигини айтади:

﴿ وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَن يُكَلِّمَهُ اللَّهُ إِلَّا وَحْيًا أَوْ مِن وَرَاءِ حِجَابٍ أَوْ يُرْسِلَ رَسُولًا فَيُوحِيَ بِإِذْنِهِ مَا يَشَاءُ ۚ إِنَّهُ عَلِيٌّ حَكِيمٌ﴾

“Инсон билан Аллоҳ (бевосита) сўзлашиши мумкин эмас. Фақат ваҳий орқали ё парда ортидан ёки элчи (фаришта) юбориб, изни билан хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши мумкин. Албатта, У (шаъни) олий ва ҳикмат соҳибидир” (Шўро сураси, 51 оят).

Ваҳий келиши амалда инсонларга тааллуқли бўлмасдан, балки фақат пайғамбарларга хосдир. Яъни, у фақат пайғамбарларга нозил бўлади. Аллоҳ таоло дунё ва охиратига оид қонун-қоидаларни пайғамбарларига жўнатилган ваҳий орқали инсонларга билдиради.

Оят ва ҳадисларда келган хабарлардан маълумки, ваҳий бир неча хил бўлади, шулардан:

  1. Рост туш – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий, пайғамбарлик мартабаси берилишидан аввал рост тушларни кўриш орқали бошланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Пайғамбарларнинг тушлари ваҳийдир”, деб айтганлар. Иброҳим Халилуллоҳнинг тушларида ўз ўғиллари Исмоил забиҳуллоҳнинг Аллоҳ йўлида қурбонлик қилишга буюрилиши бунга мисол бўла олади.
  2. Ваҳий илҳом – Аллоҳ таоло томонидан бирор масала ёки ишнинг ечимини тўғридан-тўғри пайғамбарнинг қалбига солиниши. “Ва у (Пайғамбар) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас” (Нажм сураси, 3 оят). Ушбу оятга биноан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динга оид ҳадиси шарифлари ҳам “ваҳий-илҳом”нинг ҳосиласи ҳисобланади.
  3. Аллоҳ таоло парда-тўсиқ ортидан пайғамбарига сўзлаши. Бундай ваҳийга Тур тоғида Мусо алайҳиссалом ва Меърож кечасида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муяссар бўлганлар.
  4. Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига фаришталар орқали ваҳий юбориши. Бунда Аллоҳ таолонинг ваҳийларини пайғамбарларга элтгувчи, ўртадаги асосий воситачи фаришта Жаброил алайҳиссаломдир.

Юқорида айтилган далиллардан маълум бўладики, ваҳий – Аллоҳ таоло одамлар орасидан ўзи хослаган солиҳ бандалари (пайғамбарлари)га нозил қилинадиган илоҳий кўрсатмадир.

Ҳадиснинг умумий маъноси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётидаги бирор нарса саҳобалар назаридан четда қолмаган. Улар Пайғамбар алайҳиссаломдан шариатга тааллуқли ҳар бир ҳукм билан бирга, у зотнинг ҳаёти билан боғлиқ ҳар бир ҳодиса, воқеани билишга интилар эди. Кунларнинг бирида саҳобалардан бири “Ҳорис ибн Ҳишом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади?” деб сўради.” Яъни, ваҳий қандай тарзда келишини билмоқчи бўлди.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ваҳий баъзан қўнғироқ овози янглиғ келади”, дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом ваҳийнинг келишини қўнғироқ овозига ўхшатмоқдалар. Қўнғироқ овози одатда металл ёки қаттиқ жисмнинг бир-бирига урилганда чиқадиган овозга айтилади. Бу каби овозлар эшитувчи учун аниқ эшитилади, эшитилмай қолиши мумкин эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ваҳий, баъзан қўнғироқ овози янглиғ келади”, деб ваҳий қўнғироқ овози каби аниқ-тиниқ эшитилишини баён қилдилар.

Бу Аллоҳ таоло билан пайғамбарнинг ўртасида ваҳийни келтирувчи воситачи фариштасиз нозил бўлган ваҳийдир. Ваҳийнинг бу тахлит келишини Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, “Кучли ваҳий келганда шундай бўлади” деб таърифладилар.

Манбаларда келтирилишича, ваҳий уч хил тарзда келар экан:

  1. Аллоҳ таоло томонидан ваҳий нозил қилинаётган пайғамбарнинг қалби Ўзига мутлақ бўйсундирилиши ва унга ваҳийнинг туширилиши. Бу ҳолатда ваҳий фариштаси воситачилик қилмайди.
  2. Ваҳий нозил бўлаётганда пайғамбарнинг ҳиссий сезгиларига таъсир қилиши. У ҳолатда қўнғироқ янглиғ овозни эшитилади. У махлуқлар овозига ўхшамайди.
  3. Ваҳийнинг фаришта томонидан келтирилиши. Бу икки қисмдан иборат:

а). Пайғамбарнинг ички олами – ботини, қалби ваҳий фариштасига бўйсундирилиши;

б). Ваҳий фариштаси инсон суратида келиб, пайғамбарга юзма-юз ҳолатда ваҳийни сўзламоғи.

 “Баъзан эса, инсон қиёфасидаги фаришта менга ваҳий келтиради ва мен унинг айтганларини ёдлаб оламан”.

Юқорида айтилганидек, ваҳий пайғамбаримизга турли хил тарзда келар, ундан сўнг келган ваҳий Аллоҳ таолонинг инояти билан у зотнинг қалбларига муҳрланар эди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади:

(Эй, Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан (кўп) ҳаракатлантираверманг. Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир. (Қиёмат сураси, 16-19 оятлар).

Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келаётган вақтда у зотнинг ҳолатларидан сўзлаб бермоқдалар

“Қаттиқ совуқ кунларнинг бирида у зотга ваҳий келганининг гувоҳи бўлдим. Шунда у киши бутун борлиқни унутгандек ҳолатга тушган эдилар. Пешоналари терга ботиб кетганди”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан келадиган ваҳийга жуда қаттиқ эътибор қаратиб, унинг ҳар бир ҳарфи ва оҳангини эслаб қолишга интилар эдилар. У зотга ваҳий келган вақтда атрофдаги ҳеч бир нарса у зотни чалғита олмас эди. Юқорида айтилганидек, бундай пайтларда у зотнинг қалблари ваҳийга боғланиб, дунёдан мутлақ узилар эди.

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …