Аллоҳга шукрки, сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар кечмоқда. Хусусан, давлатимизнинг бевосита кўмаги билан юртдошларимизнинг ҳаж ибодатларини ҳар қачонгидан ҳам юксак савияда ташкил этиш, улар учун муносиб қулайликларни яратиб бериш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.
Бундан атиги олти-етти йил аввал ҳаж квотаси 5200 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақам 7200 та, 2022 йилда эса 12 000 тага етди. Жорий йилда мамлакатимиз фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15 000 этиб белгиланди. Албатта, ҳаж квотасининг йилдан-йилга ошиб бориши ҳам юртимизда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўлами нақадар кенглигидан дарак беради. Энг муҳими, халқимиз бу каби ўзгаришларни катта хурсандлик ва қувонч билан қабул қилмоқда.
Ҳар бир мўмин-мусулмон борки, Аллоҳнинг байтини умрида бир бор бўлса-да, тавоф қилишни, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак Равзаи шарифларини зиёрат этишни орзу қилади. Чунки бу муқаддас заминларда Қуръони карим оятлари нозил бўлган, ислом тарихига оид кўплаб воқеа-ҳодисалар юз берган ва савобли амалларнинг ажру мукофоти бир неча баравар кўпайтириб берилади.
Шу билан бирга, Каъбатуллоҳда ибодат қилишнинг, Набий алайҳиссаломнинг масжидларида намоз ўқишнинг савоби жуда улуғ. Масжидул Ҳарамда бир ракат намозга юз минг ракат, Масжиди Набавийда эса минг ракат намознинг савоби берилади. Бундай улкан имкониятга эришишга барчанинг талпиниши табиий ҳол.
Юртимиз зиёратчилари шу йилнинг 4 июнидан 19 июнь кунига қадар мамлакатимиздаги 10 та халқаро аэропорт (Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарлари) орқали Мадина шаҳрига парвоз қиладилар.
Бир умр Каъбаи муаззама, Равзаи шарифни соғиниб яшаб ўтиб кетган аждодларимизнинг орзулари бу йил 15 минг ҳожи тимсолида рўёбга чиқмоқда. Бундай буюк шарафга ва бахтга ноил бўлиб турган ҳамюртларимиз одамнинг ҳавасини келтирадиган шароитларда ҳаж сафарини адо этиш учун айни кунларда Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама шаҳарларида бўлиб туришибди.
Мунаввар шаҳар оғушида
Ҳожиларимиз азалий анъанага мувофиқ дастлаб Мадина шаҳрига келиб, Равзаи шарифни зиёрат қиляпти. Зиёратчиларимиз айни пайтда Мадина шаҳридаги Масжиди Набавийдан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли «Зам-зам Пуллман» меҳмонхонасида истиқомат қилмоқда.
Аввалги номи Ясриб бўлган бу шаҳар Расул алайҳиссаломнинг ташрифлари билан нурли ва мунаввар шаҳарга айланган. Масжиди Набавийга кирган одам бу муаззам маскандан чиққиси келмайди: тўйиб-тўйиб ибодат қилишни хоҳлайди. Набий алайҳиссаломнинг бу масжидларида намоз ўқиётган, дуолар, зикрлар қилаётган ҳожиларимиз чинакам бахту саодатга эришмоқдалар.
Масжиди Набавий ҳовлисида туриб бу гўзал манзарани кузатишнинг завқи бўлакча: эгниларига Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган нимчаларни кийиб олганча ибодатларга шошаётган бўлғуси ҳожи ота, ҳожи оналаримиз юз-кўзларидаги қувонч уларнинг нақадар бахтиёр эканидан нишона. Айниқса, Равзаи шарифга кирган киши ўзини ўзгача ҳис этади. Чунончи, Набий алайҳиссалом муборак ҳадисларида: «Уйим ва минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор», деганлар.
Юртдошларимиз мунаввар шаҳардаги уч кунлик сафарлари давомида Пайғамбар алайҳиссалом равзаларини зиёрат қилиб, Уҳуд тоғи, ислом оламида биринчи қурилган масжид – Қубода бўляптилар. Асосий вақтларини Масжиди Набавийда тоат-ибодат билан ўтказмоқдалар.
Бўлғуси ҳожиларимиз ибодатлардан сўнг жаннатмонанд юртимиз тинч-осуда, халқимиз турмуши бунданда фаровон бўлишини, бу каби хайрли ишларнинг бошида турганларнинг тан-жони соғ бўлишини Яратгандан чин дилдан сўраб илтижо қилмоқдалар.
Ҳар бир зиёратчига хизмат қилиш – катта шараф
Ҳаж қилувчи киши Аллоҳ таолонинг меҳмонидир. Ҳаж амалини бажараётган кишига кўмак берган, унинг оғирини енгил қилган инсон улуғ савобларга ноил бўлиши ҳақида кўплаб далиллар бор. Шу маънода, «Ҳаж-2023» ташкилотчилари ва ишчи гуруҳ аъзолари ана шундай улуғ даражаларни мақсад қилиб, Раҳмоннинг меҳмонларига сидқидилдан хизмат кўрсатмоқдалар.
Хусусан, «Ҳаж-2023» делегацияси, ишчи гуруҳлар, элликбошилар доимо ҳожиларнинг ёнида, шифокорлар соғлиқларидан хабардор бўлиб турибди. Ошпазлар эса ибодатга қувват бўладиган миллий таомлардан тайёрлаб беряптилар.
Уламоларимиз, аҳли илмлар ва элликбошилар зиёратчилар билан доимий суҳбатлар ўтказиб, ибодатларини чиройли адо этишларига яқиндан кўмакчи бўлдилар. Ҳожиларга сифатли транспорт хизмати кўрсатиш, уларни белгиланган манзилга кечиктирмасдан етказиб қўйиш мақсадида автобуслар ҳам жалб этилди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу муборак заминда зиёратчиларимиз юксак эътибор ва давлатимиз кўмагини ҳар қадамда ҳис этмоқдалар. Улардан ҳар бирининг юз-кўзию сўзларида бу имконият-шароитлардан мамнунлик, шукроналикни яққол кўриш мумкин. Бўлғуси ҳожиларимиз муқаддас заминдаги ибодатлар чоғида жонажон юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик ва дастурхонимизга тўкинлик тилаб дуолар қилмоқда.
Муқаддас заминга келиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Аллоҳ чақирган бандагина Раҳмоннинг меҳмони бўлади. Шундай экан, ҳар бир зиёратчи ҳаж мавсумини ғанимат билиб, ҳар сониядан унумли фойдаланиш ҳаракатида бўлиши керак.
Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул, ҳажларимизни мабрур айласин.
Қаҳрамон МИРХОЛИҚОВ,
Тошкент шаҳри:
– Исломнинг бешинчи рукнини адо этишни насиб қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Бу йилги ҳаж мавсумини юқори савияда ташкиллаштирганларга миннатдорлик билдирамиз. Чунки сафар чоғида юртдошларимизга хизмат кўрсатиш учун катта тайёргарлик кўрилгани шундоқ сезилди. Ҳатто бошқа мамлакат фуқаролари бизга ҳавас билан қаради.
Барча қулайликларга эга меҳмонхонада яшаб, масжидда жамоа бўлиб намоз ўқишимиз, Масжиди Набавий жуда яқин экани республика раҳбарияти ғамхўрлиги эканидан руҳланиб, бу хайрли ишларга ҳиссаси қўшилган барча раҳбарлар ҳақларига дуолар қиляпмиз. Албатта, бундай қулайликлар ибодатларни мукаммал адо этишга катта омил бўлди.
Қайд этиш жоизки, ҳаж ва умра амалларини бажаришдан тортиб, муборак жойларда киши ўзини қандай тутишигача бўлган барча амаллар гуруҳ раҳбарлари томонидан доимий тарзда ўргатилди.
Бундай сидқидилдан қилинган меҳнат зиёратлар, ибодатларни рисоладагидек бажариб хотиржам бўлишга замин яратди. Меҳрибон Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул айлаб, ҳожиларимизнинг ҳажини мабрур қилган бўлсин!
Абдуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Наманган вилояти:
– Шинам, ҳар томонлама қулай меҳмонхонага жойлашдик. Бу ерда зиёратчиларимиз учун ҳамма имкониятлар муҳайё қилинган. Меҳмонхонада уч маҳал тансиқ таомлар тайёрланиб, юртдошларимизга тортиқ этилади. Шу билан бирга, тиббий пунктлар 24 соат давомида ишлаб, зиёратчиларимиз саломатлигини асрашга кўмак кўрсатмоқда.
Ушбу хайрли ишлар замирида мамлакатимизда илгари сурилаётган инсонларни рози қилишдек улуғвор мақсад мужассам. Биз эса буни зиёратчиларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва юксак эътиборда кўрмоқдамиз.
Мавлуда АБДУЖАЛИЛОВА,
Тошкент вилояти:
– Кўп йиллардан бери ҳажга келишни орзу қилиб юрар эдим. Аллоҳга шукр, бу йил мақсадимга етдим: иншааллоҳ ҳаж ибодатларини бажаришга киришаман. Мадинаи мунавварани кўрганимдан, Равзаи шарифга кирганимдан, Уҳуд тоғига, Қубо масжидига зиёратга борганимдан бошим кўкка етди. Ушбу табаррук масканлар кишининг руҳиятини тетик қиларкан.
Албатта, бундай шарафга, бахтга эришиш – чинакам саодат. Ҳар бир юртдошимиз шу ерларга келиб, тўйиб-тўйиб ибодат қилсин. Минг карра шукр! Табаррук масканлар, улуғ зиёратгоҳларда Ўзбекистонимизга тинчлик ва офият, хайрли ва савобли ишларга юксак марралар, халқимизга эса омонлик тилаб, дуо қилдик.