Муқаддас манбаларда киши ниятининг холис ва амалининг хайрли бўлиши ҳақида қайғурмоғи лозимлиги таъкидланади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир”, деганлар. (Имом Бухорий ривояти) Чунки киши ният билан ўз ҳожати учун қиладиган ҳар бир амалини ибодат даражасига кўтаради. Амаллар бир хил бўлса-да, ниятга қараб турли натижалар беради. Шунинг учун исломда ҳар бир амалга ният шарт қилинган.
Имон, ихлос, ибодат ва ният учун ҳам кишига илм керак. Илмдан мақсад амалдир. Аммо илмлилар орасида амал қилмайдиганлар ҳам учраб туради. Балки қилинадиган кўплаб илтижо ва дуолар ижобат бўлмаслигининг сабабларидан бири шудир, валлоҳу аълам!
Абу Лайс Самарқандий: “Илмни фақат ва фақат ишончли, омонатдор зотлардан олиш лозим, чунки дин пойдевори илм биландир[1]. Бунда таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг энг биринчиси ниятини тўғрилаб олишидир. Шунда олган илмидан ўзига ва ундан ўрганадиган кишига ҳам манфаат етади. Агар ниятни тўғриламоқчи бўлса, тўртта нарсани қасд қилиши лозим. Илм олиш орқали жоҳилликдан чиқишни, одамларга фойда келтиришни, илмни ривожлантиришни, ўрганганига амал қилишни кўнглидан ўтказсин. Чунки амалсиз илм уволдир, илмсиз амал эса залолатдир”[2], деб қайд этади.
Алишер Навоий: “Илм ўрганмоқ – динни мустаҳкам қилмоқ учун, сира бойлик орттирмоқ учун эмас. Саховатсиз бой бамисоли ёмғирсиз булутга ўхшайди. Илмига амал қилмаган олим эса устига китоб ортилган ҳайвонга ўхшайди”[3], деб амал қилинмаган илмнинг бефойдалигини, илм инсоннинг ўзига ва бошқаларга манфаатли бўлиши кераклигини қатъий таъкидлайди.
Демак, кишининг амали унинг ниятига боғлиқ бўлиб, амалнинг ҳақиқати ўз соҳибини ҳолдан ҳолга (сифатдан сифатга), ўзгаришга, пировардида такомил ва тараққиётга йўналтиради. Маънавий камолот илм ва амални жамлаш орқали ҳосил бўлади. Бинобарин, уларни жамлай олганлар юксак мақомга кўтарилади.