Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уммат учун вафот этган кишини дафн қилиш тартиби борасида буюк бир намунани суннат қилиб қолдирдилар. Бу анъана ҳозиргача ўзгармасдан давом этиб келмоқда. Бунга кўра, маййит (вафот этган киши) жаноза ўқиш учун келтирилганда имом: “Дунёдан ўтган марҳум ҳоли ҳаётда билиб-билмай бирортамизнинг кўнглимизни оғритган бўлса, ҳамма розими?” деб сўрайди. Қарз маънавий ва моддий бўлади. Маънавий қарз бировнинг кўнглига озор бериб ёки ғийбат қилиб, ундан кечирим сўрашни ортга суриш кабилардан иборат. Моддий қарз эса бировдан бирор нарсани олиб, қайтариб беролмасликда намоён бўлади. Таъзияга келган жамоатнинг розилигидан сўнг: “Марҳумнинг моддий қарзи бўлса, даъвогар сўраб келганда кафилликка олувчи кимса борми?” деб сўралади. Марҳумнинг яқинларидан бири буни ўз зиммасига олганидан сўнг, унга жаноза ўқилади. Эътибор қилинса, инсон зотига нисбатан ҳурмат бажо келтирилмоқда. Бу юксак эҳтиром ўз шаклини 14 асрдан буён ўзгартирмасдан, асл ҳолида сақланиб қолмоқда.
2295- حَدَّثَنَا أَبُو عَاصِمٍ عَنْ يَزِيدَ بْنِ أَبِي عُبَيْدٍ عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أُتِيَ بِجَنَازَةٍ لِيُصَلِّيَ عَلَيْهَا فَقَالَ هَلْ عَلَيْهِ مِنْ دَيْنٍ قَالُوا لَا فَصَلَّى عَلَيْهِ ثُمَّ أُتِيَ بِجَنَازَةٍ أُخْرَى فَقَالَ هَلْ عَلَيْهِ مِنْ دَيْنٍ قَالُوا نَعَمْ قَالَ صَلُّوا عَلَى صَاحِبِكُمْ قَالَ أَبُو قَتَادَةَ عَلَيَّ دَيْنُهُ يَا رَسُولَ اللَّهِ فَصَلَّى عَلَيْهِ
Салама ибн Аква розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир маййитга жаноза ўқиш учун олиб келиндилар ва: “У (жанозаси ўқиладиган маййит)нинг зиммасида қарзи борми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ”, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг жанозасини ўқидилар. Кейин бошқа бир маййитни келтиришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг зиммасида қарзи борми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Ҳа”, деб жавоб берди. Расулуллоҳ: “Биродарингизга ўзингиз жаноза ўқинг,” дедилар. Абу Қатода: “Унинг қарзини ўз зиммамга оламан, эй Расулуллоҳ!” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза ўқидилар.” [1]
Ҳадиснинг умумий маъноси:
Бу ерда марҳумнинг қарздор ё қарздор эмаслиги сўралмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан ўтган кишининг қилган амалларидан, савобли ишларидан бирор нарса сўрамадилар, фақат бошқа бир инсондан қарзи бор-йўқлигидан сўраш билан кифояландилар. Зеро, Аллоҳ билан бандасининг ўртасидаги муомалот, ибодатлардаги қарзларни Аллоҳ хоҳласа Ўзи кечиб юборади. Аммо бандасининг бошқа бирор кимсадан қарзи бўлса, қарз берган киши кечмагунча, Аллоҳ таоло ҳам кечмайди.
Рисолат соҳибининг “Умматимдан вафот этган кишининг мулки, мероси унинг ворисларига, қарзи эса менинг зиммамгадир” мазмунидаги ҳадислари ҳам мавжудлигини эътиборга олсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур ҳадисдаги “Биродарингизга ўзингиз жанозаси ўқинг,” деган сўзлари марҳумга жаноза ўқимаслик учун эмас, балки дунёдан ўтган киши ортида қарз қолдириши дуруст эмаслигини умматга уқтириш учун айтилгани маълум бўлади. Расулуллоҳнинг бу сўзларидан қарзни тезроқ узишга ҳаракат қилиш кераклиги англашилади. Маълумки, қарз эгаси Қиёматгача қабрида кишанланган, занжирбанд ҳолатда бўлади. Умматига рафиқ ва меҳрибон бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан ўтган бир мусулмоннинг Қиёматгача кишанланган ҳолда қолишини истамаган ва саҳобаларига таҳдид учун Биродарингизга ўзингиз жаноза ўқинг,” деган бўлишлари мумкин.
“Абу Қатода: “Унинг қарзини ўз зиммамга оламан, эй Расулуллоҳ!” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жаноза ўқидилар.”
Ушбу ҳадисда баён қилинган воқеага кўра, дунёдан ўтган кишининг қарзи бўлса, ортида қолган яқинларидан бири уни зиммасига олиши мумкинлиги аён бўлади. Аммо марҳумнинг қарзини зиммасига олмоқчи бўлган киши ўзининг иқтисодий ҳолатини ҳам ҳисобга олиш керак. Чунки, Имом Бухорий мазкур ҳадисни “Ким бирор маййитнинг қарзини ўз бўйнига олган бўлса, ундан қайта олмас!” бобида келтириб, марҳум қарзини кафилликка олган киши жанозадан сўнг бу сўзидан қайта олмаслигига, марҳумнинг қарзини тўлаши шарт бўлиб қолишига ҳам ишора қилмоқда.
Бундан келиб чиқадики, мусулмон киши зиммасидаги қарзни ҳаётлигида адо этиши лозим экан. Бунинг иложи бўлмаган тақдирда марҳумнинг яқинлари унинг қарзини ўз зиммасига олиши мумкин.