Home / ЯНГИЛИКЛАР / Қатар Маданият вазири: “ИМОМ БУХОРИЙ МАЖМУАСИ МАҲОБАТИДАН ҲАЙРАТЛАНДИМ”

Қатар Маданият вазири: “ИМОМ БУХОРИЙ МАЖМУАСИ МАҲОБАТИДАН ҲАЙРАТЛАНДИМ”

Хабарингиз бор, айни кунларда Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний юртимизда давлат ташрифи билан бўлиб турибди. Ҳурматли меҳмон кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадим ва бетакрор Самарқанд шаҳрининг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилди.

Мазкур ташриф доирасида Қатар Маданият вазири Абдулраҳмон бин Ҳамад ал-Тани жаноблари ҳам Самарқанддаги Имом Бухорий меъморий ёдгорлик мажмуасида бўлди.

Абдулраҳмон бин Ҳамад ал-Тани жаноблари Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳамда Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамроҳлигида мажмуадаги улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. 

Суҳбат давомида Музаффар Комилов юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Сўнгги йилларда муқаддас ислом дини маърифатининг бой илмий-маънавий аҳамиятини чуқур ўрганиш, энг муҳими, унинг инсонпарварлик моҳиятини кенг очиб бериш борасидаги давлатимиз раҳбари ташаббуслари меҳмонда катта таассурот қолдирди. Хусусан, халқаро стандартлар асосида ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, ислом олами ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимиз номи билан аталадиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва бошқа таълим муассасалари фаолияти алоҳида эътироф этилди.

Таъкидлаш жоизки, ислом оламида улуғ мақомга эга бўлган муҳаддис, олим Имом Бухорий қадамжоси бугунги кунда янгидан барпо этилмоқда. Улкан мажмуа қадимий ва бетакрор анъаналар асосида бунёд этилаётгани бугунги маҳобатиданоқ сайёҳлар эътиборини қозонаётир. Бино деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилмоқда. 

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мажмуада Имом Бухорий музейи ҳам ташкил этилиши режалаштирилгани аҳамиятлидир. Музей бой маданий қадриятларимизни ўзида жам қилиш баробарида замонавий дизайнга эга бўлади. 8 та павилон, хусусан, Муҳаммад алайҳиссалом ва нубувват тарихи, ҳадис илмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти, Имом Бухорий фазилатлари, «Ал-жоме ас-саҳиҳ» – ислом динининг иккинчи манбаси, Имом Бухорий меросининг бугунги кундаги аҳамияти, янги Ўзбекистонда диний-маърифий ислоҳотлар ва Имом Бухорий меросига эътибор каби мавзулар қамраб олинади.

Самимий мулоқотда Қатар Маданият вазири Абдулраҳмон бин Ҳамад ал-Тани жаноблари ҳам Имом Бухорий мажмуасининг тарихий ва амалий аҳамияти хусусида ҳайрат билан сўз юритди.

– Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенг дунёқарашли ва донишманд инсон эканликларини биламиз. Албатта, юртингиздаги бугунги ислоҳотларнинг ташаббускори шахсан Президент жаноби олийлари экани алоҳида эътирофга сазовор. Ўйлаймизки, Ўзбекистон буюк алломаларининг номлари тиклаш, тарихий, илмий меросларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш орқали бутун дунёга янги Ўзбекистоннинг истиқболи ва нуфузини намоён этмоқда. 

Эътиборлиси, амалга оширилаётган бундай улкан бунёдкорликлар Ўзбекистон ёшларида ўз тарихи билан фахрланиш, буюк аждодларининг илмий меросини ўрганиш орқали комил шахс бўлиб камол топишларида беқиёс аҳамият касб этишига ишончим комил. Муҳташам мажмуалар, илмий, маърифий марказлар, албатта, келгусида яна бир неча асрлар давомида юртингиз тараққиёти, халқингиз юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз. 

Айниқса, янги бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси мени жуда ҳам ҳайратлантирди. Беназир обида бунёд этиляпти десам, янглишмайман. Келгусида ислом оламининг гўзал шаҳарларидан бири бўлган Самарқандга оилам билан яна бир бор келишни ният қилдим. 

 

Суратлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири 
Озодбек Назарбековнинг расмий телеграм тармоғидан олинди.

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …