Жамиятда инсонларнинг бир тоифасини етим, заиф ва мискинлар ташкил этади. Уларга яхшилик қилиш, ёрдам кўрсатиш ва меҳр-мурувватли бўлиш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Шунда улар боқиманда бўлмайди, бировга зарари етмайди ва ўзларидаги муаммони ҳис қилиб яшайди. Бошқалар орасида ўзини ноқулай ҳис қилмайди.
Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида етим ва мискинларга ғамхўрлик ҳақида кўплаб кўрсатмалар келган. Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَاخْفِضْ جَنَاحَكَ لِلْمُؤْمِنِينَ﴾
“Мўминлар учун қанотингизни қуйи тутинг (камтар бўлинг)”[1].
﴿فَأَمَّا الْيَتِيمَ فَلَا تَقْهَرْ وَأَمَّا السَّائِلَ فَلَا تَنْهَرْ﴾
Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг! Соил (гадо)ни эса малол олиб жеркиманг!”[2] .
Оятлардаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга буйруқ ва қайтариқ бутун умматга тегишлидир. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига ўша заиф ва етимлар билан бирга яшаш орқали нафс тарбиясини юксалтиришни амр этди. Зеро, улар доимо ихлос билан Роббисига ибодат ва дуо қиладиган, амаллари билан Аллоҳнинг розилигини истайдиган кишилар эди. Шу сабабли бой-обрўли кишиларга эътиборли бўлиш орқали буларни эътиборсиз қолдиришдан қайтарди. Улар билан суҳбатлашиш, улфатлашиш ва муомала қилишда камтар бўлишга ундади.
Бу оятлар арабларнинг зеҳнидаги заиф ва етимларга нисбатан салбий тушунчани ўзгартирди. Бу иш жоҳилият жамиятидаги улфатчилик қонунига зид эди. Чунки Қурайш зодагонлари заиф ва мискинлар билан бирга ўтиришдан ор қилар эди.
Исломни илк қабул қилганлар орасида Билол Ҳабаший, Салмон Форсий, Суҳайб Румий, Аммор ибн Ёсир, Хаббоб ибн Арат каби ночор, заиф саҳобалар бор эди. Макка зодагонлари Муҳаммад алайҳиссаломга: “Уларни ҳузурингдан ҳайдаб юборсанг, сен билан суҳбатлашамиз, ёнингда паст мартабали қуллар ўтирганда, биз сен билан гаплашишга ор қиламиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни рад этганларида, улар “ундай бўлса, бир кунни улар билан, бир кунни биз билан ўтказ, шунга кўнсанг, буни ўртамиздаги келишилган битим сифатида ёзиб қўй”, деди. У зот дарҳол Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни ёнларига чорлаб, ўша келишувни ёздира бошлаган пайтларида мазкур оят нозил қилинди:
﴿وَلَا تَطْرُدِ الَّذِينَ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ يُرِيدُونَ وَجْهَهُ﴾
“Эртаю кеч (доимо) Парвардигорларининг “юзи”ни истаб, Унга дуо (ибодат) қилаётганларни (ҳузурингиздан) ҳайдаманг!”[3]
Макка мушрикларининг катталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлган муносабатни талаб қилган эди. Улар камбағалларни ёқтирмагани сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кунларни тақсимлаш билан ёндошмоқчи бўлди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қарорлари Аллоҳ таолога мақбул бўлмаганини билганларидан кейин битим ёзилган саҳифани олиб йиртиб ташладилар ва бир чеккада маюс ҳолда турган мазкур заиф мусулмонларни қучоқлаб, бағриларига босиб, яна ҳар куни бирга бўлишларини айтиб дилларини шод этдилар.
Аллоҳ таоло ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, мискин, етим, асирларни устун қўйиб, таомни уларга берадилар ҳақиқий мўминларни сифатлаб ушбу оятни нозил қилди:
﴿وَيُطْعِمُونَ الطَّعَامَ عَلَى حُبِّهِ مِسْكِينًا وَيَتِيمًا وَأَسِيرًا﴾
“Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар”[4].
Етимлар ҳам жамиятнинг ёрдам ва эътиборга лойиқ аъзоларидир. Ислом дини етимларни чиройли тарбиялашни, дилини оғритмаслик, ҳаққини емасликни тарғиб қилади. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда мана бундаймиз”, дедилар-да, кўрсаткич ва ўрта бармоқларини ишора қилиб, орасини сал очиб қўйдилар” (Бухорий ривояти).
Етимнинг молини ейиш, унинг ҳаққига хиёнат қилиш улкан гуноҳлиги ҳақида Аллоҳ таоло бундай дейди:
﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ يَأۡكُلُونَ أَمۡوَٰلَ ٱلۡيَتَٰمَىٰ ظُلۡمًا إِنَّمَا يَأۡكُلُونَ فِي بُطُونِهِمۡ نَارٗاۖ وَسَيَصۡلَوۡنَ سَعِيرٗا﴾
“Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар”[5].
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон усти боши йўқ биродарига кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши либосларидан кийгизур. Қайси бир мусулмон қорни оч биродарига таом берса, Аллоҳ уни жаннат мевалари ила таомлантирур. Қайси бир мусулмон чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ азза ва жалла уни раҳийқи махтум (жаннат ичимлиги)дан сероб қилур”, дедилар”. (Абу Довуд ривоят қилган).
Ислом дини мусулмонларни барча ишларда тенг бўлишга қизиқтирган. Хусусан, тўйларга ва бошқа хил зиёфатларга қорни тўқлар айтилиб, қорни очлар қолиб кетишидан қайтарган. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Таомнинг энг ёмони камбағаллар қолиб, бойлар айтилган тўйдаги таомдир” (Имом Бухорий ривояти).
Бу кўрсатмалар исломнинг бой ва камбағал-етимларни тенглаштирадиган дин эканидан даракдир. Бу динда кучли-кучсиз, бой-камбағал, бошлиқ-ходимнинг барчаси тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Бир киши бошқа одамдан моли, мартабаси ва насаби билан устун бўлишга ҳаққи йўқ. Унинг даражаси фақат Аллоҳдан қўрқиши ва солиҳ амали билан белгиланади.