Home / МАҚОЛАЛАР / “АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИДА АХЛОҚИЙ ВА ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

“АЛ-ЖОМЕЪ АС-САҲИҲ” АСАРИДА АХЛОҚИЙ ВА ИЖТИМОИЙ МАСАЛАЛАРНИНГ ЁРИТИЛИШИ

Қуръони карим ва ҳадислар маънавий-ахлоқий тарбия ҳамда ижтимоий муаммоларнинг ечимига оид дастур ва кўрсатмаларнинг мукаммал тўпламидир. Қуръони карим ва ҳадисларни ўрганар эканмиз, уларда ахлоқий камолот, ҳалоллик, поклик, имон ва виждон билан боғлиқ барча муҳим масалалар қамраб олинганини кўриш мумкин. Шунингдек, инсон учун доғ бўлувчи куфр, разолат, ҳасад, адоват, хиёнат, ёлғончилик, текинхўрлик ва тенгсизлик каби салбий хислатлар аёвсиз қораланган.

Хулқнинг асл манбаи бўлган суннат ҳам Қуръон ва унинг нуридан ҳосил бўлгандир. Зеро, Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ҳам Расулуллоҳ ахлоқлари ҳақида сўрашганда: “Расулуллоҳнинг хулқи ахлоқлари Қуръон ахлоқи бўлган эдилар”, – деган[1].

Имом Бухорий ҳазратлари ҳам Пайғамбаримиз ҳадисларини тўплаб, уларни турли китобатларга тақсим қилдилар. “Холқу афъолу-л-ибод”, “Ал-Адаб ал-Муфрад”, “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадис тўпламлари шулар жумласидандир.

Маълумки, Имом Бухорийнинг шоҳ асари бўлмиш “Саҳиҳул Бухорий” бутун ислом оламида Қуръони каримдан кейинги энг тўғри ва саҳиҳ китоб деб эътироф этилган. Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўпламига нафақат эътиқод ва ибодатга оид, балки инсониятни комиллик сари элтувчи ахлоқий ва ижтимоий масалаларга доир ҳадисларни ҳам киритган.

Мазкур ҳадис тўпламининг иккинчи ва тўртинчи жилдлари айнан шу масалаларга бағишланган. Муҳаддис мазкур ҳадис тўпламида алоҳида “Одоб китоби”ни тасниф этиб, унда одоб-ахлоққа оид ҳадисларни келтиради. Агар эътибор қилсак, Имом Бухорий бу китобни ота-онага итоат қилиш ҳамда уларнинг хизматига доим ҳозир туришга тарғиб қилинган ва унинг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар билан бошлайди:

Абдуллоҳ ибн Масъуд Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.)дан сўрадилар: “Аллоҳ учун энг маҳбуб иш қайсидир? Пайғамбаримиз айтдилар: Вақтида ўқилган намоз. Ундан сўнг қайси амал? Пайғамбаримиз айтдилар: Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар[2].

Бу ҳадисда ота-онага яхшилик қилиш намоз ўқишдан сўнг энг афзал амал дейилмоқда. Шундан биламизки, ота-онага хизмат қилиш буюк амаллардан экан. Исломда намоз ўқиш диннинг устунидир. Намоздан кейин энг афзал ишлардан бири ота-онага яхшилик қилиш экан. Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар ва эъзозли кишилардир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъи назар уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Ота-она мўмин бўлса ҳам, кофир бўлса ҳам уларга яхшилик қилиш мусулмоннинг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш ҳам фарзандлик вазифаси ҳисобланади.

3-боб. Ота-онаси рози бўлмаса жиҳод қилмайди.

Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қиладилар: Бир киши Пайғамбар (С.А.В)нинг ҳузурларига келиб: “Эй, Расулуллоҳ! Сизнинг ҳузурингизга ҳижрат қилиш ва жиҳод қилишга байъат қилиш учун келдим”, деди. Шунда Пайғамбаримиз : “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?”, деб сўрадилар. У: “Ҳа, иккиси ҳам ҳаётлар”, деди. Пайғамбар (С.А.В): “Ота-онанг ҳузурига қайтиб бор, уларнинг хизматини қилиб, ризолигини олгин, сўнг жиҳод қилгин”, дедилар.[3] Бу ҳадисдан маълум бўладики, дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйган ҳолда хизматини қилиб, дуоларини олишимиз керак. Чунки ота-онанинг хизмати барча эзгу амаллардан кўра шарафли экан.

Ота-онамиз фақат дунёга келишимизнинг сабабчиси бўлиб қолмай, балки охиратда Аллоҳнинг розилигини олишга имкон берувчилар ҳамдир. Бу эса сиз билан бизнинг хизматимизга боғлиқ. Халқимизда “Ота рози – Худо рози”, деган мақол бор. Бу мақол айнан шу ҳадиснинг мазмунини англатади. Шариатда ота-онанинг ғазабини келтириш энг катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Унинг даражаси ота-онага оқ бўлган кишининг гуноҳи билан тенглаштирилган. Фарзанднинг ота-онасига оқ бўлиши учун ота-онаси “оқ қилдим”, дейиши шарт эмас. Ўзи тўқ бўлиб, ота-онасининг оч ўтириши, доимо уларнинг дилини оғритадиган ишлар қилиши фарзандни ўзи билмаган ҳолда ота-онасига оқ бўлишига олиб келади.

Шунингдек, Имом Бухорий мазкур китобда чиройли хулқ ва гўзал муомала қилиш ҳақида ривоят қилинган ҳадисларни ҳам келтириб, мўмин кишининг ҳаётида одоб-ахлоқнинг юқори ўринда туришини таъкидлайди:

Абдуллоҳ ибн Амр (р.з.): “Расулуллоҳ (С.А.В.) ўзлари ҳам беҳуда фаҳш сўзламас, ўзгаларнинг ҳам беҳуда фаҳш сўзлашига йўл қўймас эдилар ва у зот: “Дарҳақиқат, сизларнинг яхшингиз – хулқи яхши бўлганингиздир!” деб марҳамат қилар эдилар”, дедилар.[4]

Абдуллоҳ ибн Амр (р.з.): “Расулуллоҳ (С.А.В.) сўконғич ҳам, шармсиз ҳам эмас эдилар. У зот: “Сизларнинг мен учун энг маҳбубингиз – хулқи энг яхши бўлганингиздир”, дер эдилар.[5]

Абу Ҳурайра (р.з.) дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (С.А.В.): “Ширин сўз – садақадир”, дедилар.[6]

Ота-онани норози қилиш, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш инсон ахлоқини тубанлаштириб, жамиятда турли муаммолар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқарадиган ҳамда мўмин кишига хос бўлмаган сифатлардандир.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.) ёлғон гувоҳлик беришни учта катта гуноҳлардан бири билан бир қаторда келтирганлар: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ноҳақдан жонни ўлдириш ва ёлғон қасам ичиш катта гуноҳлардандир” Имом Бухорий ривояти.

Ёлғон гувоҳлик бериш ижтимоий бузғунчиликларга сабаб бўладиган ёлғон турларидандир. Бу нарса кишиларнинг бекорга вафот этиши, жабру жафо тортиши, ҳақ-ҳуқуқининг поймол бўлиши каби кўпгина ёмонликларга олиб келади. Шунинг учун ислом динида ёлғон гувоҳлик бериш дунёдаги энг катта гуноҳ – Аллоҳга ширк келтириш билан тенглаштирилган.

Ёлғон сўз ва ёлғончилик жамиятнинг бузилиши ва таназзулига сабаб бўлувчи омилларни шакллантиради. Шунинг учун улар шариатда қаттиқ қораланган иллатлардан биридир. Ҳатто Пайғамбаримиз (С.А.В.) бошқа ҳадисларида: “Ёлғончилар менинг умматим эмас”, деб бундай ёмон сифатли кишиларни исломдан йироқда эканини айтганлар. Аммо жанжаллашиб қолган икки киши ёки эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон сўз ишлатишга ижозат берилган, чунки бу ёлғон замирида шахсий манфаат эмас, балки жамият ислоҳи ётади.

Убайдуллоҳ ибн Абу Бакр ривоят қиладилар: “Мен Анас ибн Моликдан эшитдимки, Расулуллоҳ (С.А.В.) гуноҳи азимлар ҳақида гапирибдилар ёки одамлар ўзлари Расулуллоҳдан гуноҳи азимлар ҳақида сўрашибди. Шунда Пайғамбаримиз (С.А.В.): “Аллоҳ таолога ширк келтириш, ўзини ўзи ўлдириш ва ота-онага оқлик (итоатсизлик) қилиш,” дебдилар. Кейин яна: “Энг катта гуноҳлар ҳақида айтайинми? Бу туҳмат қилишдир!”, деб қўшиб қўйибдилар”.[7]

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга шариат аҳкомлари, савоб ишлар ва унда ман қилинган гуноҳ амалларни ҳам бирма-бир, навбатма-навбат баён қилар эдилар. Ана шундай кунларнинг бирида Пайғамбаримиз (С.А.В.) саҳобаларига гуноҳ амалларнинг каттаси ҳақида хабар бериш истагида эканини маълум қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улкан гуноҳлардан бири “ота-онага оқ бўлиш” эканидан огоҳ этиб, унинг даражасини Аллоҳдан бошқага сиғинадиган кишининг гуноҳи билан тенглаштирдилар. “Оқ бўлиш”нинг луғавий маъноси – гапга кирмайдиган, бошқаларни ҳурмат қилмайдиган, деган маънолари мавжуд бўлиб, асл истеъмолда “ўзидан йироқ қилиш, бегона қилиш”, маъноларини англатади. Ота-онага оқ бўлиш – уларга бегона бўлиш маъносида қўлланилиб, ота-она ва фарзанд муносабатларига хос иборадир. Ота-онага оқ бўлиш – ота-онага озор бериш, хафа қилиш ва буйруқларини бажармасликдан иборатдир. Уларнинг фарзандга сени оқ қилдим, дейиши шарт эмас. Диллари оғришининг ўзиёқ фарзанднинг оқ бўлганидир. Бу иш фарзанднинг икки дунёсини хароб қилувчи амаллардандир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқорида зикр этилган учта улкан гуноҳни баён қилиб бўлганларидан сўнг алоҳида бир урғу билан туҳмат ва бўҳтон энг катта гуноҳлардан эканини таъкидладилар. Бунинг сабаби, кишилар арзимасдек бўлиб кўринган сўзларига бепарво бўлмасинлар. Расулуллоҳ (С.А.В) ўз умматини туҳматнинг гуноҳи мазкур катта гуноҳлар каби эканини англаб етсинлар деган мақсадда алоҳида баён қилдилар. Чунки айрим гуноҳларнинг оқибати ўша гуноҳдан тўхташ билан поёнига етади. Аммо туҳмат ва бўҳтон каби гуноҳ ишларнинг зарари йиллар ўтса-да, тўхтамаслиги ёки бир умр давом этиши мумкин. Туҳмат сўз сабаб жамиятда парокандалик пайдо бўлади, ҳатто ака-ука, дўст-биродар ва қариндошлар орасига бир умрлик совуқчилик тушиши мумкин.

Шунингдек, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўпламида ахлоқий масалалар билан бир қаторда ижтимоий муаммолар ва уларнинг ечимлари баён қилинган ҳадислар ҳам келтирилган. Жумладан, ғийбат, чақимчилик, гап ташиш, ҳасад, аразлашиш каби салбий иллатлар ва савдо-сотиқ, закот, етимлар, қариндошлар, ёши улуғларни ҳурмат қилиш каби муносабатлар ечими баён қилинган.

Пайғамбаримиз (С.А.В) ахлоқий ва ижтимоий муаммоларнинг энг яхши ечими маҳалла, жамоат эканини алоҳида таъкидлайдилар: “Мўминларни ўзаро раҳмдиллик, дўстлик ва ҳамдардлик қилишликда бир аъзоси оғриса, қолган барча аъзолари биргаликда уни ҳимоя қилиб дарддан халос бўлишига кўмаклашувчи бир тана кабидир деб билгин!”,[8] деганлар. Ушбу ҳадисда мўминлар жамоатининг муҳим белгилари ўзининг тўлақонли ифодасини топган. Бундай жамоатда яшаётган ҳақиқий инсон ўзини ягона бир жисмнинг, барча аъзолари ўзаро ҳамдард ва ҳамкор оиланинг бир қисми сифатида ҳис этиши лозим. Бу хил жамоатнинг ҳар бир аъзоси фақат ўзини, шахсий манфаатини ўйламай, жамиятнинг барча аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиши, унинг ҳар қандай муаммоларини ҳал қилишда иштирок этиши зарур. Жамоатга берилган ушбу таъриф, бизнингча, аввало, одоб-ахлоққа оиддир.

Ҳар бир ота-она фарзандларини одоб-ахлоқ руҳида тарбиялаши лозим. Улар вояга етганида ҳалоллик ва меҳнатсеварлик, одоб ва ҳаё, дўстлик ва одамийлик билан жамиятда муносиб ўрин эгаллашга ўргатилиши зарур. Буларнинг барчасини одоб-ахлоқ манбаи бўлган Қуръони карим ва ҳадислардан ўрганиб, фарзандларимизни энг яхши фазилатлар соҳиби қилиб камолга етказиш барча ота-оналарнинг бурчидир.

Қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами нафақат ислом уммати, балки бутун дунё халқлари учун ҳам жамиятда ижтимоий ва ахлоқий меъёрлар мезонини кўрсатиб берадиган асардир.

Барот АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Байҳақий. Шуъбу-л-иймон. Дору-л-кутуби-л-илмия. – Байрут: 1990.  Ж.2. – Б. 154.
[2] Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. – Т.:  2008. 2-китоб, Одоб китоби. 1-боб, 5970-ҳадис. – Б. 372.
[3] Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. – Т.: 2008. Одоб китоби. 2-китоб, 3-боб, 5972-ҳадис. – Б. 372.
[4] Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. – Т.: 2008. Одоб китоби. 1-китоб, 23-боб, 3559-ҳадис. – Б. 636.
[5] Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. – Т.: 2008. Одоб китоби. 1-китоб, 27-боб, 3759-ҳадис. – Б. 673.
[6] Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. – Т.: 2008. Одоб китоби. 2-китоб, 34-боб,  – Б. 379.
[7] Ўша асар: Одоб китоби. 2-китоб, 6-боб, 5977-ҳадис.  – Б. 373.
[8] Имом Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. – Т.: 2008. Одоб китоби. 27-боб, 6011-ҳадис.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …