Бир ҳадис шарҳи
Махлуқотларни яратган Аллоҳ таоло уларни ёлғиз ташлаб қўймай, балки раҳмат элчиларини юборди. Пайғамбарларнинг вазифаси одамларни жаҳолат зулматидан илм ва имон нурига чиқаришдан иборат бўлган. Улар ношукрлик қилган бандаларни Аллоҳнинг азобидан огоҳлантирган ва мўминларга Унинг мукофоти ҳақида хушхабар берган.
Бу элчиларнинг охиргиси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлиб, Аллоҳ у зотни бутун башариятга юборди. Бу ҳақда Раҳмон зот бундай деган:
﴿قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنِّي رَسُولُ اللَّهِ إِلَيْكُمْ جَمِيعًا﴾
“Сиз: “Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга Аллоҳнинг Пайғамбаридирман, деб айтинг” (Аъроф сураси, 158-оят). Ҳақ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаёт тарзларини одамлар учун ўрнак қилиб қўйган. Аллоҳ таолоорада о ўрнак қилиб кўрсатган «ббббтро бу боради:
﴿لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا ﴾
“Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”, деган (Аҳзоб сураси, 21-оят). У зот фаолиятларининг ёрқин томонларидан бири таълим беришларидир. Бу буюк бир жиҳат бўлиб, унинг фойдаси кейингиларга таъсири катта бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим беришда одамларнинг энг мукаммали эдилар. Ҳидоят йўлини кўрсатиш, дунё ва охиратда манфаатли бўладиган нарсага бошлаш учун саҳобаларига юзага келаётган вазиятларни шарҳлаб, ҳикматли мисоллар орқали тушунтириб берардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан таълим жараёнида нималарга эътиборли бўлиш лозимлиги ҳақида қуйидаги ҳадисни келтириб, қисқача шарҳлаб ўтамиз:
عَنْ أَبِى وَاقِدٍ اللَّيْثِىِّ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم بَيْنَمَا هُوَ جَالِسٌ فِى الْمَسْجِدِ وَالنَّاسُ مَعَهُ ، إِذْ أَقْبَلَ ثَلاَثَةُ نَفَرٍ ، فَأَقْبَلَ اثْنَانِ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَذَهَبَ وَاحِدٌ ، قَالَ فَوَقَفَا عَلَى رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَأَمَّا أَحَدُهُمَا فَرَأَى فُرْجَةً فِى الْحَلْقَةِ فَجَلَسَ فِيهَا ، وَأَمَّا الآخَرُ فَجَلَسَ خَلْفَهُمْ ، وَأَمَّا الثَّالِثُ فَأَدْبَرَ ذَاهِبًا ، فَلَمَّا فَرَغَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ أَلاَ أُخْبِرُكُمْ عَنِ النَّفَرِ الثَّلاَثَةِ أَمَّا أَحَدُهُمْ فَأَوَى إِلَى اللَّهِ ، فَآوَاهُ اللَّهُ ، وَأَمَّا الآخَرُ فَاسْتَحْيَا ، فَاسْتَحْيَا اللَّهُ مِنْهُ ، وَأَمَّا الآخَرُ فَأَعْرَضَ ، فَأَعْرَضَ اللَّهُ عَنْهُ.
Aбy Воқид Лайсийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан бирга масжидда ўтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди, биттаси эса кетиб қолди. У иккови Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларида туриб қолди. Биттаси даврада бўш жойни кўриб, ўша ерга ўтирди. Наригиси одамларнинг орқа тарафига ўтирди. Учинчиси эса ортига қайтиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суҳбатларидан фориғ бўлгач: “Сизларга уч киши ҳақида хабар берайми? Уларнинг бири Аллоҳдан бошпана cўpaди, Аллоҳ ҳам унга бошпана берди. Наригиси ҳаё қилди, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Бошқаси эса юз ўгирди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”, дедилар” (Бухорий, Муслим, Насоий, Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган).
Ҳадисдан кўринадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадаги масжидда одамлар билан илмий суҳбат қуриб, таълим бераётган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Иккитасининг илмга рағбати борлиги учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Улардан бири ҳалқа бўлиб ўтирган саҳобалар орасидан бўш жой топиб ўтирди. Яна бири ўтирганларнинг орқасига бориб жойлашди. Учинчиси илмга қизиқмагани учун масжиддан чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон, шаръий ва бошқа илмлар ҳақидаги илмий суҳбатларини тугатгач, ўша уч киши ҳақида хабар беришни лозим топиб: “Сизларга уч киши ҳақида хабар берайми?” дедилар ва уч гап айтдилар.
“Уларнинг бири Аллоҳдан бошпана cўpaди, Аллоҳ ҳам унга бошпана берди”.
Бўш жой топиб ўтирган одам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтиришни ихлос билан ният қилган эди, Аллоҳ ҳам унга шуни осон қилди. Пайғамбарининг мажлисидан ўрин берди. Баъзи алломалар уни Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жойига яқинлаштирди, деган бўлса, айримлар тахти соясидан жой берди, деган.
“Наригиси ҳаё қилди, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди”.
Иккинчиси ҳалқа орасига ўзини уришдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларидан тортиниб ҳаё қилди, одамларни безовта қилишни истамади. Баъзи алломалар илм мажлисини тарк этишдан ҳаё қилиб ўтирди, деган. Шунинг учун Аллоҳ уни биринчи одамга берган даражада бўлмаса ҳам савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди.
“Бошқаси эса юз ўгирди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”.
У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм мажлисларидан узоқлашди. Шунинг учун Аллоҳ ундан юз ўгирди. Унга шундай солиҳ ва пок одамлар билан бирга ўтиришга имкон бермади.
Ҳадиси шарифдан олинадиган фойда ва одоблар: ҳаёнинг Аллоҳ таоло учун собитлиги, махлуқотнинг махлуқотдан ҳаёси каби эмаслиги, балки комил ҳаё назарда тутилгани; ким илм ва унга оид йиғинларга бориб, кейин ундан юз ўгирса, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгириши. Аллоҳ кимдан юз ўгирса, Унинг ғазабига дучор бўлиши; ҳеч кимни жойидан қўзғатмай бўш жойга ўтириши; ҳаёни мадҳ этиш ва ҳаёли кишини мақташ; илмга рағбати бўлмаганларни қоралаш.
Аллоҳ таолонинг ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, ҳаётимиз янада мазмунли ва маъноли бўлишини истасак, илмга рағбат қилишимиз зарур экан. Чунки илмсиз на хотиржамликка ва на тараққиётга эришиб бўлади.