Ислом дини одамларни энг юксак фазилатлар эгаси қилиб тарбиялайди, инсонпарварлик, халқпарварлик, адолат, ҳалоллик, бошқа динларга эҳтиром, олижаноб ахлоқни тарғиб этади. Исломий ақидага тўғри амал қилиб яшаган инсон мансаб, моддий манфаатни кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг розилиги йўлида жамият бахт-саодати учун сидқидилдан меҳнат қилади. Бундай тушунча ҳар бир эзгу ниятли кишининг олий мақсади бўлиши керак. Бутун дунёда ялпи тинчлик ва осойишталик қарор топишига барча соф ниятли, тинчликсевар халқлар ҳисса қўшмоғи даркор.
Мусулмонлар ҳаётини барча маъно, асл қадрият ва тавсифлари билан ўзида жамлаган ислом шариати ҳар бир кишини тинчликка чақиради. Бу хусусда Аллоҳ таоло бундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً
“Эй имон келтирганлар! Исломга тўлиғича кирингиз!”[1].
Тинчлик ҳақиқати келиб чиқиши жиҳатидан уч маънога тўғри келади: Биринчи навбатда омонлик, яъни ҳар қандай зарардан нажот. Иккинчиси келишиш, муроса қилиш, бу душманликни тарк этиш, демакдир. Учинчиси сулҳ ва келишув каби бўлиб, келишасизми ёки уруш қиласизми, деб айтилади. Мана шу уч маъно ислом динига мос келади. Буюк муфассирлар Ибн Аббос, Қатода ва Мужоҳиднинг ривоятларида оятдагиالسِّلْمِ [ас-силм] сўзи исломнинг тинчлик дини эканини кўрсатади[2].
Оятдаги “тинчлик”нинг исломга тегишли эканига кўра, имон келтирганлар “тинчлик”ка киришга амр қилинмоқда. Мусулмонлар ҳамиша бир-бирига яхши муносабатда бўлиши керак. Шунингдек, ислом одамлар орасидаги ва ўзаро кин ва адоватларни йўқотишга чақиради. Бу билан мазкур оят исломнинг асл моҳияти тинчлик эканига асос бўлиши, яна бир бор тасдиқланади. Ўзаро ранж ва аламларни тарк этиш, Шотибий айтганидек, таҳарружни, яъни жанг қилиш ва низога олиб борадиган омилларни бартараф этишдир[3].
Бу бизни исломофобиянинг баланд шиорлари остида илгари сурилаётган ғоялар замирида аслида нималар борлигини англашга олиб келади. Бу ғоя ислом ва мусулмонларни ваҳшийлик ва қонхўрликда айблашга қаратилган. Шунингдек, унда ислом зўравонлик ва қилич билан ёйилгани таъкидланади. Бунга шу ғоя муаллифларининг ўзи томонидан молиялаштириладиган қўштирноқ ичидаги исломга алоқадор турли террористик гуруҳларни мисол қилиб кўрсатади. Аслида бу гуруҳларнинг қуроли биринчи навбатда исломга қарши қаратилган. Унинг исломофобияни тарғиб қилаётганлар билан тўқнашувдан қочиши кимларга хизмат қилаётгани ҳақида кенгроқ мулоҳаза қилишга ундайди.
Ваҳоланки, Ғарбнинг ўзи – айниқса, у ердаги адолатли инсонлар – салибчиларнинг урушлари билан солиштирганда, исломнинг яққол инсонпарвар дин экани ва унинг тамойиллари тинчликка асослангани намоён бўлишини тан олган. Масалан, “Салиб юришлари тарихи” китоби муаллифи Стефан Ренсманн Салоҳиддин Қуддусни қайтариб олган пайтдаги мусулмонларнинг аҳволи ва ундан аввал салибчиларнинг шариф шаҳарни эгаллаб турган ҳолини тасвирлаб, солиштириб бундай дейди: “Ғолиб бўлганлар ақлли ва инсонпарвар эди, ҳолбуки, франклар саксон саккиз йил олдин шаҳарни ишғол қилиб олганида, сон-саноқсиз қурбонларнинг қонга беланиб ётганига кўпчилик гувоҳ бўлган. Бу сафар талон-тарож қилинган бино ҳам, зарар кўрган одам ҳам топилмади. Салоҳиддиннинг амрига биноан йўллар, дарвоза-эшиклар қўриқланган. Шунингдек, насронийларга келиши мумкин бўлган ҳар қандай тажовуз ва зўравонлик хавфи бартараф этилган”[4]. Исломнинг ғайримусулмонга муносабат негизида ана шундай бағрикенглик тамойили мужассамдир. Ислом ҳеч қачон босқинчилик қилиб, одамларни ўлдиришни буюрмайди.
Мусулмонларнинг уруш қилишига мушриклар ва баъзи аҳли китобларнинг исломга қарши тажовузлари асосий сабаб бўлган. Шундай экан, исломдаги жиҳоднинг асосларига мурожаат қиламиз. Исломда дастлаб адолатсизлик ва зарарга қарши курашиш, Қурайш мушриклари мусулмонларни ўз уйларидан қувиб чиқарганда, Маккада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига тажовуз кучайганда буларни даф этиш учун жанг ёки урушга рухсат берилган эди. Мусулмонлар Маккадан мажбуран кўчганига қадар уруш қилишга рухсат йўқ эди. Сўнг тажовузни қайтариши ва ўзини ўзи ҳимоялаши учун мўминларга жиҳод қилиш учун Аллоҳ таоло қуйидаги оятлар билан изн берди: “Ўзларига қарши уруш очганларга уларга зулм қилингани учун (урушга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга нусрат беришга қодирдир. Улар ноҳақдан, фақатгина “Роббимиз Аллоҳ” деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф қилиб турмаса, узлатгоҳлар, канисалар, ҳавралар ва Аллоҳнинг номи кўп зикр қилинадиган масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ Ўзига ёрдам берганларга ёрдам берур. Албатта, Аллоҳ кучли ва ғолибдир”[5].
Бу оятлар Ақаба байъатидан кейин, мусулмонлар ўзини мудофаа қилишга тайёрланиши учун изн сифатида нозил бўлган. Бундан олдин урушга рухсат берилмаган. Чунки Аллоҳ таоло: “Улар ноҳақдан, фақатгина “Роббимиз Аллоҳ” деганлари учун ўз диёрларидан чиқарилгандирлар”, демоқда. Бу хабар урушга берилган изн ортидан келган.
Бу оятларнинг нозил бўлиши ғайридинларга нисбатан тинчлик муносабатларини бекор қилгани йўқ. Орадаги тинч алоқалар давом этаверган. Фақат тажовузкор Қурайш кофирлари ва уларга ўхшаган қавмларга қарши кураш бўлган, холос. Тинчлик барча мусулмон бўлган ва бўлмаганларнинг барчаси билан муносабатларнинг асоси бўлиб қолаверган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлган жангларга келсак, қуйида уларнинг сабабларини қисқача изоҳлаб ўтамиз.
Қурайш мушриклари билан тинчлик. Мусулмонлар Маккада яшаган кезлари Қурайш мушриклари билан яхши муносабатда эди. Уларни ҳикмат ва гўзал даъват билан исломга чақирар, баъзан баҳслашиб қоларди. Аммо Қурайш мушриклари бу яхшиликка ёмонлик, қўполлик ва азият билан жавоб қайтарди. Ҳатто мўминларни ноҳақдан ўз уй-жой ва мол-мулкидан айиришгача борди. Шунда мушрикларнинг тажовузларига жавобан уларга қарши жанг қилишга рухсат берилди. Бу тўқнашувдан мақсад фақат мудофаа бўлиб, таҳқирлашни бартараф этишга қаратилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арабистон яриморолида Қурайш мушриклари ва уларга қўшилганлардан бошқалар билан уруш қилмаганлар. Бунга Хандақ ғазотига тайёрланиш чоғида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг хандақ қазиётиб бундай деганлари далил бўлади:
Сен бўлмасанг, топмас эдик ҳидоят,
Қилмас эдик хайр, намоз, ибодат.
Устимиздан сакинатинг ёғдиргин,
Гар йўлиқсак, собитқадам қил албат.
Хоҳлар эса бизга зулм қилганлар
Фитна қилмоқ юз ўгирдик ниҳоят[6].
Аҳли китоблар билан тинчлик. Мўминларга аҳли китоблар билан яхши муомалада бўлиш ҳақида амр келди. Шунинг учун аҳли китобларга тафаккур билан фикрлайдиган музокара ва мунозара эшиклари очилди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айримларини масжидларида қабул қилдилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деди: “(Эй мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар. Шунингдек, айтингиз: “Бизлар ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам имон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ва сизларнинг илоҳингиз бирдир ва бизлар Унгагина (имон ва итоат билан) бўйин сунувчимиз”[7]. Баъзи муфассирлар: “Бундан мақсад, агар имонга келмаса, улар билан қилич (қурол) ёрдамида тортишманглар. Зулм қилса, уруш қилинг, яъни куфри устига қўшимча қилиб тажовуз ҳам қилсагина қарши урушинг”, деган[8].
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида биринчи бўлиб тинчлик аҳдини тузганлар. Бу ҳужжат исломдаги биринчи меъёрий-ҳуқуқий дастурул амал бўлди. Муҳожир ва ансорлар ўртасида тузилган бу аҳдномада яҳудийлар билан душманлик қилмаслик ҳам кўзда тутилган эди. Лекин улар мушрикларни қўллаб-қувватлаб, аҳдни бузди. Баъзи яҳудий қабилалар Мадина атрофидаги араб мушрикларига ёрдам берди, натижада мусулмонлар улар билан жанг қилди.
Форс ва Рум империяси билан тинчлик. Румликлар биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиси Ҳорис ибн Умайр Аздийни қатл этганида мусулмонларга қарши уруш эълон қилган. Расулуллоҳнинг шу элчиларидан бошқа бирортасининг бошига бундай қисмат тушмаган эди. Шунинг учун Набий алайҳиссалом румликлар ортидан Муътага бир бўлинма юбордилар. Румликлар уларни юз минглик қўшин билан кутиб олди[9]. Улар Юҳанно ибн Раубани мусулмонлар билан сулҳ тузгани учун хочга михлади. Фарва ибн Амрни исломга киргани, унда қатъий туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадялар жўнатгани учун қатл қилди. Уларнинг орасида тинчликка майл кўрсатувчиларга қарши адоват кучайган эди[10].
Форсларга келсак, ҳукмдор Кисро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларини талаб қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номаларини йиртиб ташлаган[11].
Исломга қарши чиққан мазкур тоифаларнинг тажовузлари одамнинг жонига ҳужум қилиш даражасига ва уларни мажбурий кўчиришгача бориб етган. Худди шу муомала мусулмонларнинг уларга қарши жанг қилишига асосий сабаб бўлган. Мусулмонлар доим ўз атрофидаги давлатлар билан муносабатларни тинчлик асосида қуришга ҳаракат қилган. Уларнинг жанг қилиши фақат мажбурлик ва зарурат юзасидан бўлган, холос. Бу Қуръонда бундай баён қилинади: كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِتَالُ وَهُوَ كُرْهٌ لَكُمْ “Сизларга (ёв билан) жанг қилиш фарз қилинди, ваҳоланки, у сизлар учун ёқимсиздир”[12]. Бу ердагиكُرْهٌ [курҳун – “ёқимсиз”] сўзи урушнинг одамлар ёқтирмайдиган заруратлардан бири эканига ишорадир.
Ислом тарихидаги жиҳодларнинг ҳар бирида ўзига хос сабаблари бор. Мусулмонлар ҳеч қачон бирор халқнинг устига бостириб бормаган. Азон овози эшитилган жойга умуман юриш қилмаган. Ҳозирги пайтда айрим бузғунчи куч ва тоифалар “жиҳод” деб атаётган разилона амалларнинг ҳеч бири жиҳоднинг асл моҳиятига тўғри келмайди. “Саводул аъзам” (“Мусулмонларнинг катта жамоати”)дан ажралиб турганининг ўзи уларнинг тўғри йўлда эмаслигига далолат беради.
Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими