Home / КУТУБХОНА / МАРКАЗ МАНБАЛАР ХАЗИНАСИ

МАРКАЗ МАНБАЛАР ХАЗИНАСИ

Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илк бор Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда ўтган 43-сессияси очилиш маросимида илгари сурган эди. Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2855-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг №483-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорлар асосида қисқа муддатда барча шароитларга эга янги маърифат маскани барпо этилди.

Марказни ташкил этишдан асосий мақсад Мовароуннаҳр ва умуман мусулмон дунёсининг буюк мутафаккирлари қолдирган бой мерос, уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган беназир ҳиссаси ва илм-фан тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро муносабатларда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, Ватанга садоқат, аждодларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, халқаро миқёсдаги ҳамкорлик ва ўзаро мулоқотни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Марказ олдига ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган ватандошларимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий каби мутафаккирларнинг улкан илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш орқали халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуларга доир илмий тадқиқотларни тизимли ташкил этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифалари қўйилди.

Буюк алломаларимизнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатлар кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган ижодий меросига оид ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг электрон нусхаларини тўплаш ва уларни келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий-тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирларини белгилаш ва амалга ошириш ҳам шулар сирасига киради.

Ўтган давр мобайнида илмий тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида маънавий меросимиз дурдоналари бўлган қўлёзма, тошбосма асарлар ва тарихий ҳужжатларни тўплаш, сақлаш ва келажак авлодга етказиш мақсадида талай ишлар амалга оширилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси қарорининг 2-бандига асосан жисмоний ва юридик шахслардан уларда сақланаётган қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш учун Марказда юридик шахс мақомига эга бўлмаган махсус жамғарма ташкил этилди.

Мазкур қарорнинг 4-бандига биноан жисмоний ва юридик шахслардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш ва баҳолаш мақсадида соҳага оид кўп йиллик тажрибага эга бўлган малакали мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг қўшма қарори билан, Марказ билан келишган ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У асосида бундай китобларни харид қилиш ишлари йўлга қўйилди.

Натижада Марказ манбалар хазинаси доимий равишда янги асарлар билан бойиб бормоқда. Бу ишлар икки усулда амалга ошмоқда – аҳолида сақланаётган ноёб асарлар харид қилинаётган бўлса, айрим жисмоний ва юридик шахслар қўлёзма ва тошбосма китобларни ҳадя сифатида тақдим этяпти.

Ҳозирги кунда Марказ манбалар хазинасида 1516 дан зиёд қўлёзма ва тошбосма китоб ва тарихий ҳужжат сақланмоқда. Уларнинг  607 жилдини қўлёзма, 795 жилдини тошбосма китоблар ва 114 тасини тарихий ҳужжатлар ташкил этади. Улардан 285 дона ноёб қўлёзма китоб ва 114 та тарихий ҳужжат аҳолидан сотиб олинди. Шунингдек, 1117 дона қўлёзма ва тошбосма китоб жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳадя тариқасида тақдим этилди. Уларнинг  322 донасини қўлёзма ва 795 донасини тошбосма асарлар ташкил этади.

Қўлёзма китобларнинг бир қисми мажмуа бўлгани боис мазкур 607 жилд қўлёзма китоб ичида ҳаммаси бўлиб  1190 асар жамланган. Бу манбалар ХIV-XX асрларга тегишли бўлиб, жами 21 турдаги диний ва дунёвий соҳани қамраб олган. Улар араб, форс, турк, татар, иброний ва бошқа Шарқ халқлари тилларида ёзилган.

Қўлёзмалар орасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳонуддин Марғиноний, Низомиддин Шоший, Ҳаким Термизий, Абу Ҳафс Нажмиддин Насафий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби Шарқнинг буюк мутафаккир алломалари қаламига мансуб асарлар ҳам мавжуд. Уларнинг энг нодирлари сифатида тахминан XIV асрга оид Маҳмуд ибн Умар Замахшарий Хоразмий (538/1144 й.)нинг “ал-Кашшоф ан ҳақойиқ ат-танзийл” асари ва 994/1585-86 йилларда кўчирилган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Исмоил Бухорийнинг “Сулосиётул Бухорий” асрларини санаб ўтиш мумкин.

Қўлёзмалар хазинасида сақланаётган асарлар каталогини тузиш Марказнинг устувор вазифаларидан этиб белгиланган. Шунга биноан илмий ходимлар томонидан жамланмадаги қўлёзма асарлардан бир қисмининг каталоги шакллантирилди ва 2018 йилда “Қўлёзмалар каталоги” номи билан чоп этилди. 688 бетлик бу манбада 107 алломанинг 207 номдаги 534 қўлёзма асари тавсиф этилган. Каталогнинг охирида 50 хаттот, 41 саҳҳоф, 3 нафар китоб соҳиби ва 23 муҳрнинг кўрсаткичлари келтириб ўтилган[1]. Ҳозирги кунда марказ илмий ходимлари томонидан қолган қўлёзма китобларнинг каталогини тузиш ишлари давом этмоқда.

Имом Бухорий асарларининг қўлёзма нусхалари кўплаб хорижий ва маҳаллий кутубхоналарда сақланмоқда. Ушбу қадимий нодир қўлёзмалар орқали илм-фаннинг тарихий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа соҳаларига оид маълумотлар авлоддан авлод­га етиб келмоқда. Марказ тадқиқотчилари томонидан Имом Бухорий асарлари дунёнинг 41 мамлакатидаги 260 кутубхона фондда 22 номдаги 3296 та қўлёзма нусхаси сақланаётгани аниқланди ва давлатлар кесимида реестри тузилди. Айни пайтда “Саҳиҳул Бухорий”нинг дунё кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма нусхаларининг каталогини тузиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Устувор йўналишлардан яна бири улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг Марказ манбалар хазинасида сақланаётган бебаҳо асарларини зарар етказмасдан сақлаш, келажак авлодга бус-бутун етказиш ва тадқиқ этиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида электрон нусхаларни тайёрлашдир. Бунинг учун Ислом тараққиёт банки ҳомийлиги ва грант маблағлари ҳисобидан Германиядаги “ZEUTSCHEL” фирмасининг энг замонавий сканер қурилмаси олиб келиб ўрнатилди. Ҳозирга қадар Марказ манбалар хазинасида сақланаётган 254 жилд китоб (570 асар)нинг 40455 варағи сканер қилиниб, уларнинг JPЕG ва PDF форматдаги электрон нусхалари тайёрланди.

Марказда қўлёзма асарларнинг электрон базаси шаклланди. Ҳозирги кунда бу ерда хорижий ва маҳаллий фондлардаги 133 000 дан ортиқ қўлёзма асарнинг электрон нусхалари сақланмоқда. Уларнинг 570 тасини Марказ манбалар хазинасида сақланаётган қўлёзмалар, 34 тасини алломаларимизнинг Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида хориждан олиб келинган асарлари, 2054 тасини интернет орқали юклаб олинган китоблар ва 130 000 дан зиёдини Миср Араб Республикасининг собиқ муфтийси Али Жумаъ томонидан тақдим этилган дунё фондларида сақланаётган қўлёзма асарларнинг электрон нусхалари ташкил этади. Айни пайтда бу электрон нусхалардан тўғри ва мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида қўлёзма асарлар платформасини яратиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Манбалар хазинасидаги нодир қўлёзма, тошбосма ва тарихий ҳужжатларни сақлаш учун яратилган шарт-шароит халқаро стандарт талабларига тўла жавоб беради ва намунавий меъёрларга мос келади. Унга ҳаво мўътадиллигини сақлаб туриш ускунаси ва қўлёзмаларни сақлаш учун махсус темир стеллажлар ўрнатилган.

Ушбу хазина халқимизнинг бебаҳо бойлиги бўлиб, ёш авлод учун донишмандлик ва билим ўчоғи, керак бўлса, янги кашфиётлар учун ажойиб манба бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунгача етиб келган бу бой меросдан халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз равнақи йўлида оқилона ва самарали фойдаланиш, уларни сақлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Олдимизда турган навбатдаги вазифалардан бири манбалар хазинасида сақланаётган нодир асарларни таъмирлаш учун реставрация йўналишини йўлга қўйишдир.

Сўз сўнгида яна бир таъкидлаб ўтмоқчиман – қўлёзма асарларни сақлаш ва улардан фойдаланиш ўта масъулиятли вазифа бўлиб, алоҳида диққат-эътибор ва талай ишларни амалга оширишни тақозо қилади. Жумладан, нодир асарлардан тўғри фойдаланишни йўлга қўйиш, таъмирлаш бўйича амалиёт лабораторияларини шакллантириш аждодларимиз мероси бўлмиш ноёб қўлёзма асарлар сақланишининг асосий омили ҳисобланади.

[1] Зиёдов Ш. (лойиҳа раҳбари). Имом Бухорий халқаро маркази “Қўлёзмалар каталоги”. Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2018. – 688 бет.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …