Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг, ёшлар тарбияси давлат сиёсати даражасидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Буни “Ёшларга оид давлат сиёсати” тўғрисида қонун қабул қилинишида кўришимиз мумкин. Йигит қизларимиз баркамол инсонлар бўлиб улғайишлари учун, айниқса, маънавий тарбияга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда ўтган йилларга “Соғлом авлод йили”, “Она ва бола йили”, “Ёшлар йили”, “Баркамол авлод йили” каби номлар берилиб, қабул қилинган давлат дастурлари асосида амалга оширилган кенг кўламли тадбирлар ҳам оила ва фарзанд тарбияси масаласида улкан хайрли ишлар ҳисобланади. Бу борада амалга оширилган тадбирлар, амалий ишлар натижасида фарзандларимиз барча соҳаларда муваффақиятга эришмоқдалар.
Шу билан бирга, ёшлар тарбиясининг муаммоли жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги лоқайдликлари туфайли оилаларда турли муаммолар, зиддиятлар юзага келиш ҳолатлари учраб турибди.
Инсон ҳаётининг ҳар бир босқичи муҳим ҳисобланади. Инсоннинг ёшлик даври алоҳида аҳамиятга эгадир. Ёшлик инсон даврида энг нозик давр ҳисобланади. Шу билан бирга ёшлик даври инсоннинг ҳаёт йўлларининг чорраҳада турган пайти ҳамдир. Агар ўша чорраҳада инсон ота-онасининг бефарқлиги сабабли ёмон йўлга кириб қолса, ўзи, оиласи, қариндошлари, халқи, ватани учун ўта кўнгилсиз ходиса сари қадам қўйган бўлади.
Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов нутқларидан бирида фарзандлар тарбияси ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишида одоб ахлоқнинг ўрни катта эканини қайта-қайта таъкидлаб шундай деганлар: “Ёшларимизга бугуннинг ўзида алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Улар нафақат ишончимиз ва келажагимиз, ёшлар-бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Яъни эртанги кун кутганимиздек бўлиши учун бугуннинг ўзида ёшлар тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур”.
Ёшлар ҳар бир миллатнинг келажаги эканини ҳисобга оладиган бўлсак, уларга эътибор беришнинг аҳамияти яна ҳам зиёдалашади. Шунинг учун ҳам ёшларниг одобли бўлишлари учун ота-она қаттиқ ҳаракат қилиши жуда аҳамиятлидир. Мўътабар китобларимизда ота-она фарзандига онасининг қорнида эканлигидан бошлаб этибор бериш лозимлиги айтиб ўтилган.
Дарҳақиқат, ёш болаларга нисбатан меҳр-шафқатли ва эътиборли бўлиш мусулмон кишига лозим ишлардандир. Ота-онанинг фарзанд олдидаги мажбурияти, аввало, тарбияга тааллуқли бўлиб, фарзандларни ёш гўдаклик вақтларидан бошлаб ахлоқ ва одобга ўргатиши уларнинг кечиктириб бўлмас вазифасидир.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий каби улуғ муҳаддисларимиз ҳам ўзларининг Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларини жамловчи китобларида алоҳида боблар очиб, уларда одобга бағишланган набавий ҳадисларни келтиришган.
Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш қанчалар олийжаноб иш экани ҳақида шундай дейилади: “Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик”[1]. Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, азиз инсон ҳисобланади. Динимиз ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром қилишга буюради. Дунёда исломчалик ота-онанинг ҳурматини юқори қўйган бошқа бирор таълимот йўқдир.
Абдуллоҳ ибн Умар айтади: “Робнинг ризоси ота-онанинг ризосидадир. Робнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир”. Бизда “Ота рози – Худо рози” деган гап бор. Ушбу халқ сўзи юқоридаги ҳадиснинг таржимасидир. Ота-онанинг розилиги фарзанд учун қанчалик муҳим эканлиги шу тариқа таъкидланиб келинган.
Бундан кўриниб турибдики, фарзанд ҳар қандай ҳолатда ота-онасини ҳурмат қилиши, уларнинг дуоларини олиши, ҳар доим уларга меҳрибонлик қилиши лозим.
Ёшлар ўзидан катта кишиларни хусусан, катта ёшдаги отахон ва онахонларни эҳтиром қилиши зарурлиги динимизда катта аҳамият берилган одоблардан биридир. Бу борада Пайҳамбаримиз (с.а.в.) ҳам бундай марҳамат қилганлар: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар.
Бу ҳадисда ҳам катталарни ҳурмат қилишга чақирмоқда. Буни яхши англаб доимо шунга амал қилиб боришимиз керак.
Шу тариқа ёшларимиз муқаддас китобларимиз, ота-боболаримизнинг ўгитлари ва асрлар мобайнида шаклланиб келган миллий қадриятларимизни яхши англаб етмоғи лозим. Ҳар бир ёш йигит қизлар ўз келажаги ҳақида тўла ва мукаммал тушунчага эга бўлиши ҳамда ҳаётдан кўзлаган мақсадини аниқ белгилаб олиш керак. Мақсадлар аниқ, ниятлар холис ва ҳаракатда бўлса, бутун инсоният, жамият учун яхшилик келтирадиган инсон бўлиб етишадилар.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
- Ш.М.Мирзиёев. Камолот ЁИҲ IV қурултойидаги нутқи. 2017-йил 30-июнъ.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ижтимоий одоблар. Тошкент. “Hilol nashr”, 2012-й. –Б.153.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Одоблар хазинаси. Тошкент. “SHARQ”, 2011-й. –Б.59.
- О.Исахонов. Одоблар дурдонаси. Самарқанд. “Имом Бухорий Ҳалқаро Маркази”, 2015-й. –Б.46.
- Усмонхон Алимов. Оилада фарзанд тарбияси. Тошкент. “Movarounnahr”, 2012-й. –Б.5.
[1] Қуръони карим. Анкабут сураси 8-оят.