Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИСЛОМНИНГ ЙИРИК МАНБАСИГА БИТИЛГАН ШАРҲЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

ИСЛОМНИНГ ЙИРИК МАНБАСИГА БИТИЛГАН ШАРҲЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Малайзия миллий университети Ислом цивилизацияси институти ташаббуси билан Ислом цивилизацияси олимларининг Учинчи семинари ўтказилди.

Ислом тамаддунида илоҳиёт, ҳадис, ислом ҳуқуқи, тасаввуф, иқтисод, бошқарув ва менежмент, тарих, фалсафа, таълим, психология, математика, астрономия, фан ва технология ҳамда тиббиёт соҳаларининг аҳамиятини кенг ўрганишга қаратилган тадбир Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ислом уламоларининг анъанавий семинари 2021 йилдан буён Малайзия ва Ўзбекистондаги турдош ташкилотлар, Ислом ҳамкорлик ташкилоти (OIC)нинг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA – ИРСИКА), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ISESCO) ҳамда Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ва Қирғизистон мусулмонлари идораси вакиллари иштирокида ўтказиб келинади.

Бу йилги тадбир “Мусулмон уламоларнинг динга, инсоният, илм-фан ва таълимга қўшган ҳиссаси” мавзусига бағишланди. Унда Марказ илмий ходими Б.Амонов «Саҳиҳул Бухорий»га мовароуннаҳрлик муҳаддислар ёзган шарҳлар” мавзусида маъруза қилди.

Маърузада Ўзбекистонда илм-фан тараққиёти ва ислом цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий каби мутафаккирлар илмий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилган халқаро илмий-тадқиқот марказларда олиб борилаётган фаолият билан бирга турли даврларда Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси, хусусан унинг “Саҳиҳул Бухорий” тўпламига атаб ёзилган кўплаб асарлар, Бухорий, унинг устозлари ва ровийлар ҳаётига бағишланган кўп сонли таснифлар ҳақида маълумотлар берилди.

  • “Саҳиҳул Бухорий”га ҳажми ва аҳамияти жиҳатидан турлича бўлган 250 га яқин шарҳлар ёзилган. Тадқиқотимдан мақсад, мазкур дурдона асарга ҳанафий мазҳаби асосида битилган шарҳларни таҳлил қилиш. “Умдатул Қорий” бу борадаги энг машҳур шарҳлардан бири. Бундан ташқари Мовароуннаҳр муҳаддислари қаламига мансуб яна 9 та шарҳ аниқланган. Буларнинг барчаси турли даврларда ёзилгани учун аҳамиятлидир, – деди олим маърузасида.

Маъруза семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …