Home / МАҚОЛА / ИЛЛАТГА ЯҚИНЛАШИШ ИЛЛАТГА ЭЛТАДИ

ИЛЛАТГА ЯҚИНЛАШИШ ИЛЛАТГА ЭЛТАДИ

Ислом поклик динидир. Бузуқлик кескин таъқиқланган гуноҳлардан саналади. У инсоннинг руҳий тинчлигини йўқотадиган разолатдир. Шунингдек, унга сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир.

Аллоҳ таоло:

﴿وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا﴾

“Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир”[1], дейди.

Шайх Шаъровий айтади: “Ҳақ субҳонаҳу ва таоло инсонни яратган Зотдир. У бандасини яхши билувчидир. Унинг ҳаромга яқинлашишини истамайди. Чунки у инсонни заифлаштирадиган, ёмонга йўналтирадиган, гарчи ёрқин ва жозибадор эса-да, фақат бало келтирадиган иллатдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло унга яқинлашишни ман қилиб, ишни бажаришнинг ўзи билан ишга яқинлашишнинг орасини ажратди. Ҳаром қилинган нарса ўша гуноҳ ишни амалда бажаришдир.

Агар ундай бўлса савол туғиладики, нима учун Аллоҳ таоло оятда яқинлашишни ҳам ҳаром қилди ва ундан огоҳлантирди?

Унга бундай жавоб берамиз: Аллоҳ таоло жинсий инстинкт ва шаҳвоний ҳирс масаласида бандасига раҳм қилишни хоҳлади. Чунки бу инсоннинг энг кучли инстинктларидан биридир. Агар банда унга сал бўлса ҳам яқинлашса, ичига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Зинонинг нафақат ўзидан, балки унга олиб келадиган сабаблардан узоқроқ туриш киши учун хавфсизроқдир.

Уламолар сезиш ва билишнинг намоён бўлиши ҳақида гапирганда, уларни уч босқичга бўлган: идрок, ҳис-туйғу ва амалий интилиш.

Фараз қилайлик, боғда сайр қиляпсиз ва у ерда гўзал атиргулни кўрдингиз. Унга қараган лаҳзангиз “идрок” деб аталади. Чунки сиз унинг мавжудлигини кўриш ҳисси орқали англагансиз, унга қарашингиз ва гўзаллигидан баҳраманд бўлишингизга ҳеч ким халал бермаган.

Агар сиз уни ёқтириб қолсангиз, қалбингизда унга меҳр уйғонса, бу “ҳис-туйғу” деб аталади. Яъни, кўрган нарсангиз ичингизда ғулғула пайдо қилади.

Агар сиз узиб олиш учун унга қўл узатсангиз, бу “амалий интилиш”, деб номланади, яъни амалий ҳаракат содир бўлади.

Энди савол: шариат шу учликнинг қайси босқичига аралашади?

Шариат “амалий интилиш” босқичини назорат қилади, “идрок” ёки “ҳис-туйғу” босқичларига тўсқинлик қилмайди.

Аммо жинсий инстинкт масаласи бу қоидадан мустаснодир. Бу борада “интилиш”ни “ҳис-туйғу”дан, “ҳис-туйғу”ни “идрок”дан ажратиш мумкин эмас. Бу масалада ҳамма босқичлар бир-бирига узвий боғланган. Инсоннинг нафси уларнинг чегарасини ўз вақтида ва аниқ ажрата олмайди.

Агар эркак киши бирор гўзал аёлга кўзи тушса, бу тезда ҳайрат ва мойилликни, кейин эҳтирос ва қўл узатишга чорлайдиган кучли инстинктни қўзғатади. Бу эса биз қўрқадиган “амалий интилиш” босқичига олиб келади.

Бу вазиятда у интилиб, ўз инстинкти чақириғига лаббай деб жавоб бериб, ҳаром ишни қилади ёки ўзини тийиб, маҳрумлик изтиробидан азоб чекишда давом этади.

Аллоҳ таоло Ўзи яратган махлуқотларнинг табиати, уларнинг ичида кечаётган ва ғалаён қилаётган ҳис-туйғуларни яхши билади. Шунинг учун нафақат зинонинг ўзи, балки назар солишдан то зиногача олиб борадиган ҳамма нарсани ҳаром қилди.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло:

﴿قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ﴾

(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар”[2], дейди.

Чунки агар киши идрок қилса, ҳис қилади. Ҳис қилса, интилади. Интилса, одамларнинг шаънига путур етказади. Агар сабр қилиб иффатини сақласа, изтироб чиқади.

Демак, ўзни ва жамиятни асрашнинг, ҳаром нарсалардан сақланишнинг энг тўғри ечими – одамларнинг маҳрамларидан кўзни тийишдир. Уларнинг шаъну обрўсига раҳм билан муносабатда бўлсангиз, ўзингизга раҳм қилган бўласиз.

Аммо бу ҳақиқат кўпинча унутилади. Инсон ҳаром алоқа-муносабатлар сабабли ўзини алдайди. У бу борада хатокор эканини билмайди.

Яратган Зот бандасини ва унинг аҳволини яхшироқ билувчидир. Шу сабабли унга жамиятга ёки ўзига келадиган зарарлар туфайли кўзини паст тутишни буюрди.

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси қудсийда бундай дейилади: “Назар шайтоннинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким мендан қўрқиб уни тарк этса, қалбида ҳаловатини топадиган имонни бераман” (Табароний. Ал-кабир).

Бундан биз Аллоҳ таолонинг “Зинога яқинлашманг!” деган сўзининг маъносини тушуниб оламиз. У Зот “зино қилманг!” демади, балки “яқинлашманг”, деди. Чунки бу жиноятга яқинлашиш унга йўлиқишга олиб келади.

Инсон унга яқинлашмаслик учун эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки ман этилган нарса атрофида айланиб юрган одамда унинг ичига тушиб қолиш эҳтимоли кўп бўлади. Инсон фаҳшга чақирувчи ҳар қандай омиллардан сақланиши керак. Чунки ботил иш қанчалик юқори ва эргашувчилари кўп бўлмасин, ҳеч қачон ҳақ бўлолмайди.

[1] Исро сураси, 32-оят.
[2] Нур сураси, 30-оят.
Ушбу мақола Наввор ибн Шаллийнинг “Жамиятдаги иллатлар ва уларнинг ечимлар” китоби асосида тайёрланди.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Мақола PDF форматда

Мақола Word форматда

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …