Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Туркиянинг 19 май университети ректор ёрдамчиси Проф. Др. Чингиз Батук ва университетнинг гуманитар ва ижтимоий фанлар факультети фалсафа кафедраси мудири Проф. Др. Саид Куршунўғли ташриф буюрди.
Меҳмонларни Марказ директори ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Отабек Муҳаммадиев қарши олди ва музей ҳамда кутубхона фаолияти билан таништирди.
Туркиянинг энг йирик олий таълим муассасалари сирасидаги университет раҳбарияти вакиллари ректор Проф. Др. Явуз Уналнинг қизғин саломини етказиб, икки илмий даргоҳ ўртасидаги ҳамкорлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганидан мамнуният билдирди.
Ректор жанобларининг “Ислом маданиятининг асоси – ҳадис илми ва замонавий ҳадисшунослик тадқиқотлари” мавзусида яқинда ўтказилган халқаро онлайн семинарда қилган маърузаси қатнашувчиларда катта қизиқиш уйғотгани алоҳида таъкидланиб, қўшма лойиҳалар кўламини янада кенгайтириш зарурати тилга олинди.
Ташриф доирасида меҳмонлар иштирокида икки муассаса ҳамкорлигида “Ислом маданиятининг илмий тафаккури” мавзусида илмий давра суҳбати ўтказилди. Унда Марказ илмий ходимлари, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндорлари ҳамда Тошкентдаги Перфект университети ректори Муҳаммадисмоил Маҳмудов иштирок этди.
Тадбирда туркиялик олимлар исломнинг ижтимоий маданият даражасида шаклланиши босқичлари, умуман дин сифатида қарор топишининг илмий омиллари ҳамда ислом илмлари тараққиёти асосларини бирма-бир санаб берди. Меҳмонлар чуқур илмга асосланган ислом маданияти ва тафаккурининг юзага келиши ва кенг тарқалишида мовароуннаҳрлик олимларнинг беназир ҳиссасини алоҳида эътироф этиб, бунга гувоҳлик берувчи қатор далил ва қизиқарли маълумотлар келтирди.
Икки муассаса ўртасида ҳамкорликка доир Англашув Меморандуми имзолашга келишиб олинди. Давра суҳбати қизғин муҳокама ва савол-жавоблар билан ўтди.
Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан ўзаро эсдалик совға ва адабиётлар алмашилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати